Иқтисодиёт | 15:55 / 28.12.2024
8780
7 дақиқада ўқилади

"Ҳамкор бўлмасак, нимани йўқотамиз?" – Ўзбекистоннинг BRICS’даги иштироки ҳақида суҳбат

Асосий мақсади АҚШга қарши коалиция тузиш бўлган ташкилот - BRICS’га янги йилдан Ўзбекистон ҳам ҳамкор бўлмоқда. Буни эса Тошкент эмас, Путиннинг ёрдамчиси, Кремль вакили эълон қилди. Ҳамкорлик республиканинг ЖСТга аъзолигини яна чўзиб юбориши мумкин.

2025 йилнинг январидан Ўзбекистон BRICS’га ҳамкор давлатга айланишини Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди. Айни пайтда Республика параллель равишда ЕИИда кузатувчи мақомига эга, ЖСТга аъзолик учун ҳаракат қилмоқда. BRICS бу – кўп қутбли дунёга ишонадиган ва интиладиган давлатлар гуруҳи. Асосан, ташкилотда АҚШ гегемонлигига қарши бўлган давлатлар йиғилган. BRICS 2006 йил тузилгандан бери 17 йиллик муддатдан сўнг кўпаймоқда. Ҳиндистон ҳам геосиёсий контекстдан келиб чиқиб, BRICS’нинг кўпайишига қарши ветосини олиб ташлаган. 2024 йилнинг 1 январидан 6 давлат BRICS’га аъзо бўлиши керак эди, бироқ улардан 4 тасигина ҳозирча буни тўлиқ якунлаган. Саудия Арабистони ва Аргентина аъзоликка шошилмаяпти, лекин саммитларда фаол. 2025 йилдан эса 13 давлат ташкилотга ҳамкор бўлмоқда. Улардан 9 таси аллақачон розилик билдирган, булар ичида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам бор. Тўрт давлатдан эса розилик хати кутилмоқда. Масаланинг таҳлил қилиниши лозим бўлган томонлари кўп. 

Биринчидан, Ўзбекистоннинг ҳамкор бўлаётганини на расмий Тошкент, на ташкилот офиси эълон қилди. Худди ЕИИдаги кузатувчилик мақоми сингари буни ҳам Кремль эълон қилмоқда. 

Иккинчидан, бу ташкилотнинг асосий қадрияти кўп қутбли дунё сари ҳаракат ва АҚШ, хусусан, доллар гегемониясига қарши альянсни яратиш. Ўзбекистон АҚШ билан стратегик шерик экан, унга қарши кайфият устун бўлган ташкилот билан ҳамкорлик қилиши қанчалик тўғри?

Учинчидан, Ўзбекистон аъзо эмас, ҳамкор давлат бўлмоқда. Лекин Республиканинг иштироки аъзо давлатларники билан деярли бир хил бўлади. Президентлар, ташқи ишлар вазирлари ва бошқа саммитларда Ўзбекистон доимий таклиф қилиб борилади. Бу эса ўз навбатида BRICS’га душмандорлик кайфиятида бўлган ғарб давлатларига унчалик ҳам ёқмаса керак. Хусусан, АҚШнинг сайланган президенти BRICS ва унинг долларни синдиришга бўлган ҳаракатларини ёқтирмайди. 

Тўртинчидан, Ўзбекистон ЖСТга  аъзолик учун ҳаракат қилмоқда. Иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан гегемон бўлган давлатлар Тошкентнинг бу ташаббусини қўллайдиган бўлди. Ер шаридаги 166 давлат аъзо бу тузилма Ўзбекистон иқтисоди ва савдоси учун улкан имкониятларни тақдим этади. 31 давлат Ўзбекистоннинг аъзолиги учун алоҳида музокаралар ўтказишини билдирган. Шундай шароитда ЕИИ ортидан BRICS’нинг ҳам пайдо бўлиши аъзоликни яна ортга суриши эҳтимолдан йироқ эмас. 

Kun.uz билан суҳбатлашган сиёсатшунос Фарҳод Толипов фикрича, Ўзбекистон BRICS’га ҳамкор бўлса ҳам, бўлмаса ҳам ҳеч нима йўқотмайди. 

“Россиянинг манфаатларига жавоб берувчи кўп томонлама платформа керак эди. BRICS’нинг катталашувидан ҳам энг кўп Россия манфаатдор. Охирги йилларда Россия расмийлари тилидан “коллектив ғарб” жумласи тушмаяпти. Улар ўзи билмаган ҳолда ғарб фойдасига гапирди, яъни ғарб яккаланмаган. Улардан фарқли ўлароқ Москва ёлғиз кўринмаслиги учун Россияга ҳам коллектив керак бўлиб қолди. BRICS’га аъзо давлатлар дунёнинг турли нуқталаридан. Уларни бирлаштирувчи ягона манфаат бор-йўқлиги – катта савол. Ғарбга қарши BRICS'ни қўйиш Россия учун бефойда бўлади, чунки фақат Россия уруш ҳолатида, қолганлар эмас”, – Фарҳод Толипов.

BRICS'га аъзо бўлмоқчи бўлган давлатлар АҚШ гуруҳидан бўлмаслиги, АҚШга қарши мустақил ўйинлар қила олиши керак. Лекин ташкилотнинг бугунги аъзоларининг ҳаммаси ҳам Вашингтон билан рақобатчи ёки душман эмас. Хусусан, Ҳиндистон, Миср ёки аъзо бўлиши айтилаётган Саудия Арабистони, Аргентина АҚШ билан жуда яхши алоқаларига эга. Ўзбекистонга қайтсак, аъзо ва ҳамкор давлат статуси нимаси билан фарқ қилишини аниқлаб олиш керак. 

Марказий Осиё университетининг халқаро савдо бўйича эксперти Валижон Тўрақулов Ўзбекистоннинг BRICS билан ҳамкорлигини иқтисодий имконият сифатида ҳам кўрмоқда. 

“Ҳамкор бўлиш – ташкилотни ташқаридан кузатиш ва керак бўлса, муҳим қарорларни қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига ҳам эга бўлиш дегани. Аъзолик эса BRICS'нинг қонун-қоидалари, шартномаларида белгиланган нормаларни тўлиқ қабул қилиш дегани. Лекин ҳамкорлик ҳам тўсатдан пайдо бўлди. Беларус, Қозоғистон ва Ўзбекистонни тушунса бўлади, Россия босими ортидан улар ҳамкор бўлаётгандир. Лекин Индонезия ва Малайзия каби катта иқтисодлар ҳам бор. АҚШ дунёдаги гегемониясини йўқотиш остонасида турибди, шунинг учун Вашингтон агрессив ҳаракат қилмоқда. Трамп BRICS долларга қарши валюта чиқарса ва SWIFT тўлов тизимига параллель платформа яратса, аъзоларга 100 фоизли тариф эълон қилишини айтган. Яъни Вашингтон бу тузилмага агрессив қарар экан, Ўзбекистон ҳам ҳамкор бўлса, шу ташкилот томонида бўлиб кўринади. Бу эса ЖСТга аъзолик масаласини яна кечиктириши мумкин” – Валижон Тўрақулов. 

Молия эксперти Тамилла Қурбонова фикрича, BRICS ва ЖСТ икки хил ташкилот. BRICS ўзининг иқтисодий приоритетларидан ошиб ўтиб, геосиёсий ташкилотга айланди. Асосий мақсад ғарбга қарши коалицияни яратиш бўлмоқда. 

“Украина урушидан кейин санкциялар остида қолиб кетган Россия ғарбга қарши альянс тузишга интилмоқда. Ўзбекистоннинг BRICS'га кириши ёмон эмас, лекин аъзоликнинг энг қуйи поғонасида турса, яхшироқ. Чунки бу ташкилотдагилар билан икки томонлама келишув ва ҳужжатлар аллақачон бор. Бу жуда нозик масала, Ўзбекистон мувозанатли дипломатияни олиб бориши керак. Агар BRICS'га яқинлашиб кетсак, ғарбнинг кўзига яна Россия томонда бўлиб кўринамиз”, – Тамилла Қурбонова. 

Сиёсатшунос Толиповга кўра, ташкилотга кузатувчи, ҳамкор бўлиш – ҳаммаси сохта атамалар. Ўзбекистон агар BRICS' га ҳамкор бўлмаса, нималарни йўқотади, деган саволни бериш ўринли бўлади. АҚШга қарши ғояга Ўзбекистон қўшиладими? Ўзбекистон 2002 йилдан бери Вашингтон билан стратегик шерик, АҚШга қарши гуруҳга қўшилиш – Республика ташқи сиёсатига доғ туширади, дейди эксперт. 

BRICS'га ҳамкор бўлиш ижобий томони эса – яна бир глобал мулоқот майдони учун платформа вазифасини ўтайди. 

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид