“Утилизация қарори ортидан Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлолмайди” – экспертлар билан суҳбат
Шу йилнинг 1 майидан импорт қилинувчи электромобиллар учун утилизация йиғими кескин равишда оширилмоқда. Шу аснода республикада экологик тоза электромобилларга ошиб бораётган талаб сунъий равишда бўғиляпти. Kun.uz бу мавзуда экспертларга қулоқ тутаркан, экология баҳонасида экология жазоланмоқда, дейди улар. Бундан ташқари, қарор – монополия томирига сув қуяди, истеъмолчиларнинг охирги нажоти – электромобилларни “меню”дан олиб ташлайди.
Қарорда ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобиллар учун йиғим БҲМнинг 30 бараваридан 120 бараварига, 3 йилдан ошгани эса БҲМнинг 90 бараваридан 210 бараварига оширилиши белгиланган. Яъни бир дона электромобилнинг утилизация ҳақи минимум 45 миллиондан 78 миллионгача белгиланди. Қарорга мувофиқ буни импортёрлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тўлайди, лекин амалда утилизация ўлпони оддий халқ ва истеъмолчининг гарданида қолаверади.
Утилизация нега керак ва у борми?
2020 йилдан бошлаб экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар соғлиғини ва атроф-муҳитни ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида утилизация йиғими жорий қилинганди. Айтилганидек, асосий мақсад – экологияни асраб-авайлаш. Лекин 1 майдан кескин қимматлаётган йиғим ҳақи ортидан энг катта жазо барибир экологияга бўлади.
Ўтган 5 йил давомида қанча утилизация ҳақи ундирилгани, бюджет маблағларининг қанча қисми бу пуллар билан тўлиши, улар нимага ишлатилиши хусусида бирор маълумот йўқ. Ваҳоланки, биргина 2024 йилнинг январ-сентябр ойлари оралиғида 54 272 дона бензинда юрувчи, гибрид ва электромобиллар импорт қилинган. Шу машиналардан камида 1,8 трлн сўм утилизация ҳақи ундирилган бўлиши керак. Бироқ бу пулларни ким йиғди, қай мақсадда улар ишлатилди, нега экологияни асраб-авайлаш учун ундирилган пуллар атроф-муҳитимизни ифлосланишдан сақлаб қола олмади? Айни шу саволларни кўтарган экспертлар Ўзбекистонда утилизация аслида борлигидан ҳам шубҳада.
Юрист, адвокат Камолиддин Баҳоуддинов фикрича, истеъмолчилар йўқ утилизацияга ўлпон тўлашга мажбур.
“Бир-бирини инкор этувчи қарорлар амалиётига қачон чек қўйилади? Электромобиллар инфратузилмаси ҳали яратилмасдан туриб, унинг жозибадорлигини синдиришга хизмат қилувчи қарорларни умуман тушунмайман. 2022 йилнинг ўзида 5 та жамоавий мурожаат билан чиққанман, лекин ҳеч ким реакция қилмаган. Хўш, дунё давлатлари 55-250 АҚШ доллари миқдорида утилизация ҳақи тўлаётган бир шароитда нега биз 27 миллиондан 144 миллионгача пул тўлашимиз керак, бу 2022 йил ҳисоб-китоби. Хўш, бу мезонлар қаердан олинди, нега мен йўқ утилизация учун бунча пул тўлашим керак? – Камолиддин Баҳоуддинов, юрист, автоблогер
Халқаро савдо бўйича эксперт Валижон Тўрақулов фикрича, экология солиғи вазифасини ўтовчи бу утилизация йиғими кўп давлатларда бор. Асосий мақсад экологик муаммоларни бартараф этиш учун маблағ шакллантириш, лекин Ўзбекистон шароитида буни ёмон мақсадларга ҳам буриб юбориш мумкин. Чунки ҳозирги қарор аниқ монополия ҳимояси учун ишлайди.
“Ҳукуматнинг келтираётган важлари экология дейилса-да, унга қарши ишлайди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори тўғридан тўғри электромобиллар сотиб олишга ҳужум. Яъни экологияга хизмат қилиши керак бўлган бу қарор агар қайта кўриб чиқилмаса, бутунлай тескари ишлайди. Қўйилган мақсад аниқ – электромобиллар Ўзбекистонга келмасин, бу асосан янги машиналарга қўлланади” – Валижон Тўрақулов, халқаро савдо бўйича эксперт
Монополистларга нега имтиёз?
Вазирлар Маҳкамаси қарорида утилизация йиғимини машиналарни импорт қилувчилар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тўлаши белгиланган. Лекин Ўзбекистондаги энг катта автомонопол UzAuto ҳозиргача қанча утилизация ҳақи тўлагани маълум эмас.
Яна бир потенциал монопол компания BYD Uzbekistan эса 2030 йилгача утилизация йиғимини тўламаслик учун имтиёз олган. Хўш, агар қарордан асосий мақсад экологияни асраш бўлса, нега республика асосий автомобил сотувчилари буни тўламайди?
“UzAutoʼнинг утилизация учун тўловлари ҳақида маълумотларини ҳеч қаердан топа олмадим. Аслида бутунлай тескари аҳвол, бизнинг фуқаролар хорижий давлатлар аҳолиси учун утилизация ҳақи тўлаб бермоқда. Масалан, 2022 йилда UzAutoʼга 325 млрд сўм Грузия ва Беларусга сотилган машиналари учун утилизация йиғимини тўлаб бериш мақсадида давлат бюджетидан берилган. Яъни Ўзбекистон фуқаролари хорижликлар ўрнига ҳам утилизация ҳақини тўламоқда” – Валижон Тўрақулов, халқаро савдо бўйича эксперт
Бу қарор тўғридан тўғри UzAuto ва BYD Uzbekistan каби монополистик автокомпаниялар молиявий аҳволини қўллаш, уларнинг монополия томирига сув қуйиш учун чиқарилган бир ҳужжатдир, дейди экспертлар.
Вазирлар Маҳкамасининг бу қарори Ўзбекистонни ЖСТга аъзоликдан узоқлаштиради
Ўзбекистон қадамма-қадам ЖСТга аъзо бўлиш ҳаракатида. Лекин ташкилотга аъзо бўлиш учун қўйилган фундаментал шартлар – бозорнинг очилиши, ишлаб чиқарувчиларга тенг имкониятларни бериш, истеъмолчилар олдида рақобатни шакллантириш. Вазирлар Маҳкамасининг 1 майдан утилизация йиғимини кескин оширувчи қарори ташкилот қадриятларига умуман мос келмайди. Ваҳоланки, бу монополиялар фойдасига ишлайди.
Молия ва инвестиция масалалари бўйича эксперт Тамилла Қурбонова фикрича, бу қарор ортидан Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлолмайди.
“Албатта, ташкилот вакиллари буни инобатга олади. Қарор ортидан музокаралар янада чўзилиб кетади, аъзо давлатлар эса буни қабул қилмайди, яъни қарордаги ҳолатни. Ташкилотнинг асосий қадрияти – барчага тенг имкониятларни тақдим этиш. Бизда эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар устун кўрилмоқда. Янги нархлар эса электромобилларни қимматлаштириб юборади, ҳар бирининг устига камида 2000-3000 АҚШ долларидан қўшилади. Яъни бу ҳолатида Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлолмайди” – Тамилла Қурбонова, молия ва инвестиция бўйича эксперт.
Бундан ташқари, Ўзбекистон бозори очилаётган, инвесторлар фаол чақирилаётган бир пайтда монополия манфаатларига хизмат қилувчи бу қарор уларда саволларни кўпайтиради. Яъни Ўзбекистон бозорига кирмоқчи бўлган инвесторлар бошқа бозорларни танлашга мажбур бўлади. ЖСТнинг 1994 йилда қабул қилинган қадриятларига Вазирлар Маҳкамасининг утилизация бўйича қарори умуман тўғри келмайди. Буни яна музокаралар билан ҳал этишга тўғри келади. Россия ЖСТга аъзо бўлгач оширган утилизация нархлари ортидан судга берилган эди ва Москва буни туширишга мажбур бўлганди, дейди Тўрақулов.
Бу келажакда нафақат экологик салбий оқибатларга, балки иқтисодий йўқотишларга ҳам сабаб бўлади. Қарорни чиқаришдан аввал жамоатчилик билан муҳокама қилиб, халқчил эканига ҳам ишонч ҳосил қилиш керак эди, дейди суҳбатда йиғилганлар.
Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.
Мавзуга оид

10:04 / 08.03.2025
Утилизация йиғимининг оширилиши. Бу Ўзбекистондаги экологик вазиятни ёмонлаштиради

10:07 / 03.03.2025
Бир қатор хўжалик юритувчи субъектларнинг эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади

15:35 / 24.02.2025
Нотариф чекловлар фонида Ўзбекистонга енгил автомобиллар импорти кескин қисқарди

21:07 / 20.02.2025