Жаҳон | 21:20 / 18.02.2025
1333
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: «Менда улар Украинага ултиматум қўйишни муҳокама қилаётгандек тасаввур уйғотди»

Украина президенти Саудия Арабистонида Россия ва АҚШ вакиллари ўртасида ўтказилган музокараларга изоҳ берди. Зеленский музокаралар Украина иштирокисиз ўтказилаётганини таъкидлаб, Россиянинг ултиматумига рози бўлмаслигини айтди.

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский Анқарада ўтказилган матбуот анжуманида Киев ҳеч қачон Россия ултиматумига рози бўлмаслигини маълум қилди, деб ёзади «Интерфакс-Украина».

Зеленскийнинг таъкидлашича, уруш бошланганида Россия Украинага ултиматум қўйган — хусусан, Москва Украина Қуролли кучлари сонини қисқартиришни, Россия томонидан босиб олинган ҳудудларнинг тан олинишини, шунингдек, россияпараст раҳбарларни мамлакат бошига қўйишни талаб қилган.

«Менда шундай таассурот уйғондики, ҳозир қандайдир музокаралар ўтмоқда ва улар худди шу кайфиятга эга, аммо бу Россия ва АҚШ вакиллари ўртасида бўлиб ўтяпти. Украина ҳақида, яна Украина ҳақида ва Украинасиз. Қизиқ, агар биз энг оғир пайтда ҳам бу ултиматумларга рози бўлмаган бўлсак, Украина энди бунга рози бўлади, деган фикр қаердан пайдо бўлди экан», — дейди Зеленский.

Унинг қўшимча қилишича, «россияликлар билан Киев области босиб олинган даврда ҳеч қандай келишув бўлмаган, Беларусдаги учрашувда ҳеч қандай келишув бўлмаган, Туркиядаги учрашувда ҳам Россия билан ҳеч қандай келишувга эришилмаган».

«Мен Украина президенти сифатида ҳеч кимга ҳеч қанақа кафолат бермаганман, ҳеч кимга ҳеч нарса тасдиқламаганман. Бунинг устига Россия ульиматумларига рози бўлиш ниятида бўлмаганман. Ва бўлмайман ҳам», — дейди Украина президенти.

Бугун, 18 феврал куни Украина президенти Володимир Зеленский Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашув ўтказди. Туркия томонидан музокараларда ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан, миллий мудофаа вазири Яшар Гюлер, Президент маъмурияти ҳузуридаги Алоқа бошқармаси бошлиғи ҳамда президентнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси иштирок этди.

Мавзуга оид