Ўзбекистон | 11:55 / 18.02.2025
999
6 дақиқада ўқилади

Ҳавони ифлослантирувчи омиллар: мутахассис фикри

Фото: Экология ва иқлим вазирлиги

Бугунги кунда иқлим ўзгариши сабабли ҳавода чанг массалари тўпланиши нафақат Тошкентда, балки Марказий Осиё минтақаси ва дунёнинг кўплаб давлатларида учрамоқда. Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири, иқлимшунос-эксперт Эркин Абдулаҳатов бу борада ўз фикр ва тавсияларини бериб ўтди.

Мутахассиснинг фикрича, ер юзининг марказий қисмида жойлашган кўплаб мамлакатлар, Африканинг шимолий қисмидан Хитойгача бўлган ҳудудда жойлашган давлатларда чўллашиш жараёни давом этмоқда ва бу ҳавода чанг массалари кўпайишига олиб келмоқда.

  • PM2,5 — ҳаводаги қаттиқ заррачалар ёки шу каби заррачаларнинг сув буғи билан бирикишидан ҳосил бўлган бирикма бўлиб, диаметри 2,5 микрометргача бўлади (соч толасидан 30 баравар кичик). PM – Particulate Matter бирикмасининг қисқартмаси бўлиб, «зарра моддалари» деган маънони билдиради. 2,5 эса микрометр катталикдаги ўлчов сони ҳисобланади. Ҳавони ифлослантирувчи бошқа майда заррачалар ҳам бўлиб, уларнинг катталигига қараб PM1, PM10 ва PM100 каби заррачалар устида кузатув ва илмий тадқиқотлар олиб борилади.

ЖССТ кўрсаткичларига ҳеч қайси давлат амал қилмайди

Эркин Абдулаҳатовга кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган стандарт асосида мезонлар ишлаб чиқилади, бу йил давомида 5 мкг/м(3), суткалик 15 мкг/м(3)га тенг. Бу кўрсаткичлар бирор давлатнинг миллий стандартларида акс этмаган, чунки Air Quality Index платформаси қарорлар, тавсиялар ишлаб чиқиш учун етарли платформа ҳисобланмайди, фақатгина илмий тадқиқот институтларига ҳар бир давлатнинг ўз миллий стандартлари борлиги ва уларни солиштириб, рейтингларни шакллантириш қийин бўлгани сабабли 5 мкг/м(3) қиймат асосида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган маълумот асосида шаҳарлар рейтингини шакллантириш учун қулай бўлган қиймат ҳисобланади. 

Air Monitoring Tashkent платформаси ишлаб чиқилган

2024 йилда Экология вазирлиги, Гидрометеорология агентлиги ва Санитария-эпидемиология қўмитаси мутахассислари томонидан чуқур тадқиқотлар асосида Ўзбекистоннинг миллий стандартлари ишлаб чиқилди. Унга кўра, ҳаво ифлосланишининг меъёри йиллик 35 мкг/м(3), суткалик 60 мкг/м(3) дея белгиланди.  

«Таққослаш учун, дунёдаги ҳеч бир давлатнинг стандарти ЖССТники билан тенг эмас. Ҳаттоки Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳам ўз миллий стандартларини ишлаб чиққан. 2023–2024 йилларда Экология вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан миллий стандартларимиз асосида Air Monitoring Tashkent платформаси ишлаб чиқилган. Мазкур платформа орқали Тошкент шаҳридаги ҳудудлар кесимида маълумотлар ҳар соатда янгилаб борилади ва ишончли манба ҳисобланади», – дейди иқлимшунос-эксперт.

Шамол тезлиги камайиб бормоқда

Мутахассиснинг таъкидлашича, ҳаво ифлосланишида «шамол гули» деган тушунча бор, яъни атмосфера ифлосланишида шамол муҳим рол ўйнайди. Денгизбўйи давлатларида йил бўйи шамол оқими юқори бўлгани сабабли чанг заррачалари ҳавода муаллақ тўпланиб қолмайди. Тошкентда эса 1950–1980 йилларда шамол шимолий-шарқдан кириб келган ва шаҳарда айланиб, «шамол гули»ни ҳосил қилган. 1990–2020 йилларда эса «шамол гули» ўзгарди, яъни шамол оқимининг кириб келиши ва шамол ҳаракати камайгани сабабли Тошкент чанг заррачалари ҳавода муаллақ тўпланиб қоладиган ҳудудга айланди. 

«Тошкентда ўтган асрда шамол тезлиги 1,7 метр/секундга, 1981–2010 йилларда эса 1,4 метр/секундга тенг бўлган. Сўнгги 5 йилликда эса 1,3 метр/секундга тушиб кетган. Тошкентнинг тоғлар билан ўралгани ҳам шамол ҳаракатига тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, пойтахтда тартибсиз қурилаётган баланд бинолар ҳам шамол ҳаракатланишига халал бермоқда. Бу эса пойтахтда чанг заррачалари муаллақ туриб қолиши ва ҳаво ифлосланиш даражаси ортишига олиб келмоқда», – дейди Абдулаҳатов.

Биз яшиллик деганда, одатда дарахтларни тушунамиз. Лекин аслида яшилликка газонлар ва дарахт аралаш буталар ҳам киради. 

«2016 йилга нисбатан 2023 йилда қурилиш майдонлари икки бараварга кўпайган ва натижада яшил майдонлар икки баравар камайган. Яъни дарахтларга қараганда яшил газонлар кескин камайиб кетган», – дейди мутахассис.

Иссиқлик ороли

Эркин Абдулаҳатов «Иссиқлик ороли» тушунчасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

«Тошкентда 2016 йилдан кейин ҳарорат кескин кўтарилиши кузатилмоқда. Бу эса табиийки кўп қурилиш бўлаётган ва яшиллик даражаси камайган ҳудудларда ҳарорат юқори даражада сақланиб туришига олиб келмоқда. Бу Тошкентда „иссиқлик ороли“ тушунчасини келтириб чиқармоқда», – дейди мутахассис.

Иқлимшунос Тошкент шаҳри атмосферасига автомобиллар ҳамда оғир ва енгил саноат корхоналаридан чиқаётган зарарли ташламалар ҳам салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

Тошкент шаҳрини ўраб олган иссиқхоналар
Фото: Экология ва иқлим вазирлиги

Аввалроқ атмосфера ҳавоси ифлосланишининг доимий ва мавсумий омиллари ҳақида маълумот берилган эди.

Мавзуга оид