Фан-техника | 12:33 / 17.02.2025
4360
2 дақиқада ўқилади

Музликларнинг эриши номаълум вируслар тарқалишига сабаб бўлиши мумкин

Нобел мукофоти совриндори инсоният учун потенциал хавфлар ҳақида огоҳлантирди.

Фото: Fotolia / ykumsri

Инсоният музликлар ва абадий музлоқларда сақланиб қолган қадимий вирусларнинг эҳтимолий тарқалишига тайёр эмас. Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори ҳамда БМТ бош котибининг иқлим масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси Рае Квон Чунг ОАВга берган интервьюсида шундай деди.

Унинг айтишича, вируслар Гренландия, Канаданинг шимолий ҳудудлари ва Россиянинг муз қатламлари ҳамда абадий музликларида сақланиб келаётган бўлиши мумкин. Музликлар эриганда эса бу микроорганизмлар атроф-муҳитга тарқалиши хавфи бор. Илм-фан ҳозирча айнан қайси вируслар фаол бўлиши мумкинлигини аниқ билмайди, деб таъкидлади олим.

“Биз ҳатто у ерда қандай вируслар борлигини ҳам билмаймиз. Сибир яраси билан боғлиқ вазият — фақат битта мисол, аммо бундай ҳолатлар кўп бўлиши мумкин”, — деб тушунтирди Рае Квон Чунг.

У, шунингдек, бир неча йил олдин чоп этилган илмий маърузадан иқтибос келтирди. Маъруза хулосаларида абадий музликлар эриши натижасида юзлаб вируслар юзага чиқиши, уларнинг айримлари инсонлар учун потенциал хавф туғдириши мумкинлиги айтилганди.

Аввалроқ дунёдаги энг йирик айсберг бир йилда ўз майдонининг қарийб 9 фоизидан айрилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид