Ўзбекистон | 16:29 / 06.02.2025
5129
3 дақиқада ўқилади

2025 йил январи қишнинг энг илиқ ойлари қаторига кирди – Ўзгидромет

Шунингдек, бу ойда ёғингарчилик даражаси паст бўлгани кузатилди, туман ҳодисалари тез-тез юз берди.

Фото: Kun.uz

2025 йил январь ойи нисбатан илиқ келди, деб хабар берди «Ўзгидромет». Бу ой 2023 йил январь ойидаги каби совуқ ва 2024 йил январь ойидаги каби илиқ бўлмади, бу метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ январь ойлари учлигига кирди.

Қайд қилинишича, ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 0,5-1 даражага, шимолда 2-3 даражага, Устюртда 4 даражага юқори бўлди.

Январь ойининг биринчи ва учинчи ўн кунликларида республика ҳудуди бўйича совуқ тўлқинлар кузатилди, бунда ҳарорат меъёрдан 2-3 даражага, 23-24 январь кунларида эса 4-5 даражага паст бўлиши қайд этилди. Январь ойининг иккинчи ўн кунлиги илиқ бўлди, ҳудуднинг катта қисмида меъёрдан 1-3 даражага юқори бўлиши қайд этилди.

Энг совуқ кечаларда ҳаво ҳарорати -3-8 даража, шимолда -9-14 даражага пасайди. Ҳудуднинг катта қисмида энг илиқ кунларда ҳаво +11+16 даражагача, жанубда баъзи жойларда +17+19 даражагача исиди.

Бу йил январь ойи қиш мавсумининг энг совуқ ойи сифатида ўз номини оқлай олмади. 2024 йил декабрь ойининг ўртача ойлик ҳарорати 2025 йил январь ойига нисбатан 1-2 даража паст бўлиб, декабрдаги совуқлар эса январь ойи совуқларига нисбатан кучлироқ бўлган.

Январь ойи жуда қуруқ келди. Республика ҳудудининг катта қисмида ой давомида ёғингарчилик меъёрдан 50% кам бўлди. Хоразм вилояти, Қорақалпоғистон Республикасининг жануби, Фарғона водийси ва Бухоро, Навоий вилоятлари ҳудудларининг катта қисми энг қурғоқчил ҳудудлар бўлиб, уларда ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан 20% кам бўлди.

Фақат Сурхондарё вилоятида ва Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий ҳудудларида баъзи жойларда ёғингарчилик меъёр атрофида ва ундан кўп бўлди.

Текислик ҳудудларда ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида ёғди. Айрим кунларда баъзи жойларда ёмғир қорга айланиши кузатилди, аммо ҳудуднинг катта қисмида қор қоплами ҳосил бўлмади. Қисқа муддатга (1-2 кун) баландлиги 0,5 см дан 3 см гача бўлган қор қоплами фақат республиканинг марказий ва жануби-шарқий ҳудудларининг баъзи жойларида кузатилди.

Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида ой давомида қор қопламининг кўпайиши қайд этилди, бироқ тоғли ҳудудларнинг катта қисмида қор ўртача кўп йиллик ва ўтган йилги қийматлардан кам бўлди.

Ой охирида тоғларда қор захиралари меъёрдан 50-70%, Қамчиқ довони ҳудудида 40% ни ташкил этди. Фақат Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг ўрта тоғ ҳудудларида (Чимён метеостанцияси маълумотлари бўйича) қор баландлиги ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлди.

Январь ойида тез-тез туман ҳодисалари кузатилди, кўринувчанлик эса 50-500 метргача ёмонлашди.

Мавзуга оид