Ўзбекистон | 15:55 / 17.02.2025
6787
6 дақиқада ўқилади

Ёриткич устунлардаги камералар: ҳукумат белгилаган талаб нега ишламаяпти?

Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида ёриткичга ўрнатилган камерага кўзингиз тушади. Тошкент шаҳрида ҳам бундайлари жуда кўп. Бу камералар шунчаки кузатувни амалга оширмайди: улар йўл ҳаракати қоидабузарликларини ҳам қайд этиб, жарималар белгилашга хизмат қилмоқда. Масалан, пойтахт кўчаларидаги ёриткичлар эгаси бўлган “Тошшаҳарнур” бундан бехабар, ҳатто қонунга зид деб ҳисоблайди.

Симёғоч ёки ёриткич устунларига ўрнатилган, жарималарни қайд этувчи радарлар мавзусига тўхталмоқчимиз. Негаки, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимларининг ўрнатилиш талаблари Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан аниқ белгилаб қўйилган. Бундай мосламалар автомобил йўлининг қатнов қисмига халақит бермайдиган ҳолда, ўнг ёки чап йўналишга “И”, “Г”, “Т” ёки “П” шаклдаги металл устунга ўрнатилиши керак.

Аммо қаерга қараманг, айниқса Тошкент шаҳрида сон-саноқсиз кузатув камералари, оддий айтганда радарлар кўчани ёритиш устунларига ўрнатиб ташланган.

Шу ўринда бироз мозийга қайтамиз: 2023 йилда Хоразмда тадбиркор томонидан бетон симёғочга ўрнатилган радар билан боғлиқ низоли ҳолат юз берганди: у тезлик оширилганини қайд қилган, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳайдовчига жарима қўллаган. Ҳайдовчи эса тезликни оширмаганини, радар белгиланган талабларга зид равишда ўрнатилганини айтиб, судда ютиб чиққан. Алалоқибат ўша маъмурий баённома бекор бўлганди.

Афсуски, Тошкент шаҳрида минглаб ёриткичлар бор. Уларнинг кўпчилигига камера ўрнатилган. Бу қанчалик тўғри?

Тошшаҳарнур”: “ёриткич устунлардаги камералар қоидабузарлик қайд қилмайди”

Тошкент шаҳридаги ёриткич устунлари “Тошшаҳарнур” давлат унитар корхонаси балансида, содда айтганда эгаси. Корхона бош муҳандисининг айтишича, ёриткичларга ўрнатилган кузатув камералари бўйича Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ўзаро келишув бор. Аммо рухсатнома фақатгина видеокузатув учун берилган, унда қоидабузарликларни қайд этиш назарда тутилмаган.

Тошшаҳарнур” давлат унитар корхонаси балансидаги ёритиш устунларига ўрнатилган камералар асосан Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги камералари бўлиб, улар асосан кузатув камералари ҳисобланади. Улар радарга ёки тезлик оширганлик учун тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилмаган. Тадбиркорлик субъектлари балансимиздаги ёритиш устунларига камералар ўрнатиши мумкин эмас. Тадбиркорларга алоҳида металл устун ўрнатиб, шу орқали ўзларининг тадбиркорликларини амалга ошириш тавсия этилди. Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан, алоҳида устун учун рухсат олиниб, Ички ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда тадбиркорлар томонидан ўрнатилиши керак”, – дейди корхона бош муҳандиси.

Ички ишлар вазирлигининг ҳолат бўйича изоҳи эса буни инкор қилмоқда. Жумладан, Шоҳрух Ғиёсовга кўра, ёритиш устунларига ўрнатилган видеокузатув камералари йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишларини қайд этиб, ўтаётган автомобилларнинг давлат рақамларини аниқлайди ва маълумотларни “Хавфсиз шаҳар” тизимларини ривожлантириш марказига узатади.

Марказ йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларини аниқлаш ва уларга чора кўриш учун ички ишлар органлари ўртасида ахборот алмашинувини таъминлайди.

Агар ёриткичлардаги камералар қоидабузарлик қайд этадиган бўлса, бу ҳукумат қарори билан белгиланган талабларга қанчалик мос? Бу борада Адлия вазирлиги вакилидан ҳам муносабат олдик.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида иш олиб борилади. Яъни жарималарни автоматик тарзда қайд этадиган мосламаларни ўрнатиш талаблари бор. Бу талабга кўра, йўлнинг чап ёки ўнг томонига Г, Т, П кўринишидаги металл устунга ўрнатилиши керак ва ердан камида 6 метр баландликда бўлиши назарда тутилган. Шу асосда айтишимиз мумкинки, бу талаб бажарилмаганда ўрнатилган мосламалар ноқонуний деб топилиши лозим.

Аслида фуқароларга маслаҳат берардимки, бу ҳуқуқий маданиятга бориб тақалади ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишлари керак. Бу масала фақат суд тартибида кўриб чиқилиши мумкин. Суд органлари ҳақли”, - дейди Анасхон Ҳамдамов.

Шу пайтгача ноқонуний ўрнатилган радарларга тушиб, жарима тўлаб келаётганларнинг ҳуқуқлари нима бўлади?

Албатта, бу ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан боғлиқ муаммолар. Техник талабларни санаб ўтдим. Бу ерда давлат томони эмас, балки жамоатчилик назорати ҳам талаб қилинади. Жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозим. Фуқаролар ўз ҳуқуқларини талаб қилишлари керак.

Умуман, жамиятда ижтимоий ва ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқиб муаммолар бўлгандан сўнг ўша бўшлиқларни тўлдириш учун норматив ҳужжатлар ёзилади. Тартибга солиш учун бу ерда муаммоли вазият бор. Яъни қарорда тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатиладиган мосламалар деб кетилган. Савол туғилиши мумкин: давлат томонидан ўрнатилгани нима бўлади, деб масалага ечим бериш керак. Аниқ ўзгартириш киритиш лозим деб ўйлайман”, – дейди Адлия вазирлиги ахборот хизмати маслаҳатчиси.

Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқилишидан олдин айнан давлатникини ҳам ҳисобга олиш назарда тутилганми?

Масалан, қонунчилик ишлаб чиқилишида ҳуқуқий экспертиза жараёни бўлади. Ҳар бир ҳужжатни Адлия вазирлиги ҳуқуқий экспертизадан ўтказади. Бизда тегишли бошқармалар бор. Бу бўйича вазир ўринбосари ва вазир кўриб чиқади. Мен унда иштирок этмаганман”, – дейди Ҳамдамов.

Шу ўринда савол туғилади: агар “Тошшаҳарнур” давлат унитар корхонаси томонидан фақатгина видеокузатув учун рухсатнома берилган бўлса, ёриткичлардаги радарлар қайси ҳуқуқий меъёрлар асосида ўрнатилмоқда? Нега ҳукумат қарори барча учун бирдай татбиқ қилинмаяпти?

Мавзуга оид