Жаҳон | 19:21 / 17.02.2025
3276
2 дақиқада ўқилади

Хитойда 35 кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи қатл этилди

Чжухай шаҳрида ажрашганидан кейинги мулкий можаро натижаларидан норози бўлиб машинасини одамлар устига ҳайдаган шахс қатл этилди. Ҳодиса оқибатида 35 киши ҳалок бўлган ва 43 киши жароҳат олган эди.

Фото: Reuters

2024 йил ноябр ойида Хитойнинг Чжухай шаҳрида йўлтанламасда пиёдаларни босиб кетган Фан Вэйцю исмли 62 ёшли ҳайдовчи қатл этилди, деб хабар беради South China Morning Post (SCMP).

Хитой фуқаросига ҳукм 27 декабрда чиқарилган. Суднинг ҳисоблашича, Фан Вэйцю «жамоат хавфсизлигига таҳдид солган». У «даҳшатли» ва «шафқатсиз» жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Ҳодиса оқибатида 35 киши ҳалок бўлган ва 43 киши жароҳат олганди.

Фан Вэйцю машинасини 11 ноябр куни Чжухайдаги спорт маркази атрофида бўлган одамлар устига ҳайдаган эди. Ҳайдовчи жиноят содир этилган жойдан яширинишга уринган, аммо полиция томонидан ушланган.

SCMP’нинг маълум қилишича, Фан Вэйцю одамлар устига машина ҳайдаганидан кейин ўзига етказилган жароҳат оқибатида шифохонага ётқизилган. У ўз жонига қасд қилишга уринган. ОАВга кўра, эркак ажрашганидан кейинги мулкий можаро натижаларидан норози ҳолатда югуриш йўлакчасидаги одамлар устига машинасини катта тезликда ҳайдашга қарор қилган.

Эслатиб ўтамиз, Янги Орлеан марказида янги йилни нишонлаётган одамлар устига машина ҳайдалиши оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлган, 35 киши жароҳат олганди. Ҳужум қилган шахс ўлдирилган.

Мавзуга оид