Украина табиий ресурслардан фойдаланиш борасида АҚШ билан баҳслашмоқда
Киевдагилар Трампнинг талаблари кўламидан «ҳайратда» ва буни мустамлакачиликка қиёсламоқда.

Pierre Crom / Getty Images
Мюнхен конференцияси якунларига кўра, Володимир Зеленский Доналд Трамп маъмурияти томонидан илгари сурилган АҚШнинг ҳарбий ёрдам эвазига Украина табиий ресурсларидан фойдаланиш талабига барибир рози бўлмади.
Украина президенти журналистларга АҚШнинг таклифини рад этгани, чунки «ҳали тайёр эмаслиги»ни айтди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, келишув Украина учун хавфсизлик кафолатларини ўз ичига олмайди, бу эса Киевга Вашингтон билан ҳар қандай келишувда энг заруридир.
The Washington Post нашри бир неча манбаларга таяниб ёзишича, Украина расмийлари Вашингтонга табиий ресурслардан сезиларли даражада фойдаланиш имкониятини берадиган, шу билан бирга АҚШ томонидан хавфсизлик кафолатларини ҳам кучайтирадиган иккинчи таклифни ишлаб чиқмоқда.
Қўшма Штатлар Украинанинг барча фойдали қазилмалари захираларининг ярмини олиши тўғрисидаги келишув лойиҳаси 12 феврал куни, Киевда АҚШ молия вазири Скотт Бессент билан учрашишдан атиги тўрт соат олдин Володимир Зеленскийга топширилган. Ўшанда Трамп маъмурияти вакили Украина президенти шартномани дарҳол имзолашини талаб қилган — Зеленский мулойимлик билан рад этган, деб ёзади The Washington Post.
Ҳужжат муҳокамаси Мюнхенда Зеленскийнинг АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва давлат котиби Марко Рубио билан музокараларида давом этди. Якунда Украина делегацияси Трамп маъмуриятига битимнинг таклиф қилинган вариантини қонуний равишда имзолай олмаслиги, бироқ муқобил вариантлар ҳақида ўйлаб кўришда давом этаётганини билдирган.
Украинанинг юқори мартабали мулозими анонимлик шарти билан журналистларга Киев Трамп маъмуриятининг талаблари кўламидан ҳайратда қолганини айтди. У вазиятни XVIII асрда европаликлар томонидан Африка мустамлакаларининг бўлиниши билан таққослади. The Washington Post суҳбатдошининг сўзларига кўра, бу Украина ресурсларини ўзлаштириш ҳуқуқини ўнлаб йиллар давомида инвесторлар уларни чиндан ҳам ўзлаштиришига кафолатсиз берилишига олиб келиши мумкин.
Феврал ойи бошида Трамп Украинадан 500 миллиард долларга тенг қийматдаги нодир металларни олмоқчи эканини айтганди. Бу 17 та муайян кимёвий элементни ўз ичига олади. Бироқ, нашрнинг бошқа бир киевлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, аслида АҚШ камёб металлар ва литий, графит ва уран каби муҳим қазилма бойликларни ўз ичига олган кенгроқ ресурсларни назорат қилишни талаб қилмоқда. Украинанинг ички ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатдаги ноёб металларнинг умумий қиймати беш триллион долларга етиши мумкин. Трамп назорат қилмоқчи бўлган Украина ресурсларининг аниқ рўйхати номаълум.
Юқори мартабали мулозим The Washington Post билан суҳбатда ҳазиллашиб, Украина раҳбарияти АҚШ қўлловини сақлаб қолиш учун амалда барча ишга, жумладан «украин тухумларини ёппасига етказиб беришга ҳам» тайёрлигини айтган. У мамлакатда тухум керагидан ортиқча экани, Киевдагилар эса АҚШда тухум нархи тўхтовсиз кўтарилаётганидан хабардор эканини қўшимча қилган.
Бироқ, таҳлилчилар таъкидлашича, Трампнинг Украина фойдали қазилмаларининг ярмини назорат қилиш талаби Киевнинг АҚШдан олган ҳарбий ёрдами даражасига мос келмайди. Кил институти ҳисоб-китобларига кўра, 2014 йилдан бери Киев Вашингтондан тахминан 69 миллиард доллар миқдоридаги ҳарбий ёрдам олган, Россиянинг кенг кўламли босқинидан кейин эса мос равишда яна 66 ва 50 миллиард долларлик ҳарбий ва ҳарбий бўлмаган ёрдамлар қабул қилинган.
Россия-Украина урушини ҳал қилиш жараёнида Американинг янги маъмурияти Европани четга суриб қўйди. Доналд Трамп Россия ва Украина президентлари билан мулоқот қилишини айтди, Европа Иттифоқи музокаралар столига таклиф қилинмади. Жей Ди Вэнс эса Мюнхендаги нутқида замонавий Европа сиёсатини кескин танқид қилди.
Зеленский бунга жавобан Европа Иттифоқисиз ечим кўрмаётганини айтди. Бундан ташқари, у Украина табиий ресурсларини ўзлаштиришда Европа инвестициялари ҳам бўлишини исташини қайд этди.
Reuters агентлиги ёзишича, АҚШ барибир Европа иттифоқчиларига Украинага тақдим этишга тайёр бўлган эҳтимолий хавфсизлик чоралари, тинчликпарвар кучлар ва қурол-яроғларга оид саволлар кўрсатилган ҳужжат юборган. ОАВ маълумотларига кўра, душанба куни Европа етакчилари АҚШга жавобан мувофиқлаштирилган позицияни ишлаб чиқиш учун Парижда фавқулодда саммитга йиғилишлари мумкин.
РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Американинг Украина табиий ресурсларини биргаликда ўзлаштириш ташаббусига изоҳ бераркан, Киев ўзини Вашингтоннинг хизматкоридек тутаётганини айтган. «Гап „хўжайин — хизматкор“ муносабати ҳақида кетмоқда, ҳатто вассал эмас, айнан хизматкор», — деган Кремл вакили.
Мавзуга оид

23:00 / 10.03.2025
ФХХ украиналикларнинг Россия киришини 50 йилгача тақиқлашни бошлади

22:00 / 10.03.2025
Украина дунёдаги энг йирик қурол импортчисига айланди

20:32 / 10.03.2025
Трамп Зеленский истеъфога чиқмагунча Украинага ёрдам кўрсатишни тикламайди – ОАВ

16:59 / 10.03.2025