Шомуродов асосий таркибга қайтмоқда, «МЮ» аутсайдерга айланмоқда. Кун ўйинлари
«Ливерпул» энг ёмон ўйинида ҳам ғалаба қозонди, «МЮ»дан кетган Антони Испанияда очилмоқда. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Getty Images
Англия: «МЮ» қулашда давом этмоқда
«Ливерпул» — «Вулверҳэмптон» 2:1
Голлар: Диас (15), Салоҳ (37, пеналти) — Куня (67).
«Ливерпул» – Алиссон, Робертсон, ван Дейк, Конате (Куанса, 46), Александер-Арнолд (Брэдли, 64), Мак Аллистер, Гравенберҳ, Диас (Эндо, 71), Собослаи, Салоҳ, Жота (Нунес, 64).
«Вулверҳэмптон» – Жозе Са, Гомеш, Агбаду (Буэно, 61), Доэрти, Матеус Куня, Сарабия (Мунеци, 46), Аит-Нури, Гомес (Дойл, 83), Андре, Семеду (Лима, 90+2), Гедеш (Беллгард, 46).
Огоҳлантиришлар: Доэрти (26), Конате (31), Агбаду (39), ван Дейк (71).
«Эвертон»га қарши кечган Мерсисайд дербисидаги дурангдан (2:2) кейин қизиллар яна очко йўқотиши мумкин эди. Ҳолбуки Гакпо жароҳат олгани туфайли яна бошланғич таркибга қайтган Диаснинг саъй-ҳаракатлари билан жамоа биринчи бўлимдаёқ ўйинни ҳал қилиб қўйгандек кўринганди. Колумбиялик ҳужумчи аввалига тезкор қарши ҳужумда тўпни ўзи билан дарвозага олиб кирди. Унга рикошет ҳам ёрдам берди, аммо вингернинг муваффақиятини тиришқоқлиги учун тақдирлаш деб қабул қилиш ҳам мумкин.
Иккинчи голда ҳам шу гап. У анча ичкаридан узатилган тўп учун курашди ва Жозе Садан илдамроқ чиқди, дарвозабон эса қанчалик ҳаракат қилмасин, фол ишлатишдан қоча олмади. «Бўрилар» рақиб футболчиси пасни қабул қилишдан олдин ҳимоячини туртганига эътибор қаратиб, эътироз билдиришди, аммо VAR вазиятга аралашмади ва Салоҳ пеналтини бенуқсон ижро этди. Иккинчи бўлимда эса икки вазиятда ҳакамлар меҳмонлар фойдасига қарор чиқаришди. Аввалига видеотакрордан кейин Жота ишлаган пеналти бекор қилинди, кейин эса Салоҳ навбатдаги голини урганида офсайд ҳолатида бўлгани қайд этилди.
«Вулверҳэмптон» эса дақиқа сайин ўйинини кучайтириб борди. Алиссон яккама-якка вазиятда қутқарди, аммо ватандоши Матеус Кунянинг жарима майдони ташқарисидан айлантириб йўллаган зарбаси қаршисида ожиз қолди.
Натижада ўйиннинг қолган қисмини мезбон жамоа мухлислари юрак ҳовучлаб ўтказишди ва охирги дақиқаларда «бўрилар» ҳисобни тенглаштириши ҳам мумкин эди. Мезбонлар эса иккинчи бўлим давомида бирор марта дарвоза томон зарба бера олишмади, зарбалар бўйича кўрсаткич меҳмонлар фойдасига – 0:10. Мерсисайдликлар мавсумдаги энг ёмон ўйинини ўтказишди, аммо навбатдаги уч очкони жамғариб, «Арсенал» билан орадаги фарқни яна етти очкога етказиб қўйишди. Арне Слот АПЛдаги дастлабки 25 ўйинида 60 очко жамғарди. Бу борада фақат Жозе Моуриниода ундан яхшироқ натижа бўлган (64). Жамоани навбатдаги турларда муҳим ва қийин ўйинлар кутмоқда – «Астон Вилла», «Сити» ва «Нюкасл»га қарши.
«Тоттенҳэм» — «Манчестер Юнайтед» 1:0
Гол: Мэддисон (13).
«Тоттенҳэм» – Викарио, Спенс, Дэвис, Данзо (Грэй, 78), Порро, Мэддисон (Жонсон, 64), Бентанкур (Биссума, 78), Бергвалл (Сарр, 64), Сон (Одобер, 87), Тел, Кулусевски.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, де Лигт, Магуайр, Мазрауи, Гарначо, Зиркзе, Доргу, Каземиро (Чидо Оби, 90+1), Фернандеш, Далот, Ҳойлунд.
Огоҳлантиришлар: Каземиро (41), Дэвис (79), Доргу (90).
Яқин вақтларгача «Тоттенҳэм» ва «МЮ» ўйини турнинг асосий афишаси бўларди. Бу мавсумда эса бу жамоаларнинг ўзаро ўйини АПЛ турнир жадвалининг қуйи қисмидаги жамоалар тўқнашуви бўлмоқда, бу жамоалар нафақат турнир жадвалида, балки жароҳатлар сони бўйича ҳам рақобатлашмоқда. Хусусан, «қизил иблислар» мавсумдаги энг ёрқин футболчиси Амад Диаллонинг ҳам хизматларидан мавсум якунига қадар фойдалана олмайдиган бўлди. Ундан ташқари, сўнгги вақтларда Лисандро Мартинес, Эриксен, Майну ва Угарте ҳам сафдан чиқишди. Натижада Рубен Аморим захирасида тажрибали футболчилардан фақат Линделёф бор эди, қолганларнинг рўйхати қуйидагича: Ҳаррисон, Фиорентино, Фредриксон, Ҳевен, Флетчер, Коне, Мурҳаус, Оби-Мартин. Уларнинг энг каттасининг ёши 19 да. Бу вақтда эса «Тоттенҳэм»да бир неча футболчи лазаретдан қайтди (Викарио ва Мэддисон – бошланғич таркибда, Удожи, Жонсон ва Одобер – захира ўриндиғида).
«Тоттенҳэм» дарҳол тўпни ўз назоратига олди, аммо дастлабки хавфли вазиятни меҳмонлар яратишди. 10-дақиқада аввалига Ҳойлунд яхши позициядан зарба берди, аммо Викарио тўпни қайтарди. Ҳужумнинг иккинчи темпида «Тоттенҳэм» дарвозабони Гарначонинг ҳам зарбасини қайтарди, тўпга биринчи бўлиб етиб келган Далотнинг зарбасини дарвоза чизиғи устида Дэвис тўхтатиб қолди.
«Тоттенҳэм» эса ўзининг илк имкониятидан фойдаланди. Бергваллнинг зарбасидан кейин Онана тўпни рўпарасига ташлаб берди ва унга биринчи бўлиб Мэддисон етиб келди ва икки метр масофада ҳеч қандай қаршиликка учрамай дарвозани ишғол этди.
Бўлим ўрталарида Гарначода яна бир қулай имконият юзага келди, аммо унинг кучли зарбасидан кейин тўп тўсин юқорисидан ўтиб кетди.
Биринчи бўлим якунларига кўра меҳмонлар зарбалар бўйича 8:5 кўринишида устунликка эришди, аммо вазиятлардан фойдаланилмади. Иккинчи бўлимда эса «МЮ» кўп вазият ярата олмади, юзага келган кам сонли вазиятларда эса ҳужум чизиғи вакилларига аниқлик етишмади. Қолаверса, Аморим 86-дақиқагача майдонга янги кучлар ташламаслиги рақибнинг фойдасига ишлади. Эндиликда сентябрдан буён илк бор қаторасига икки ўйинда ғалаба қозонишни уддалаган «шпорлар» 12-ўринга кўтарилиб олди, манкунианлар эса 15-поғонага тушиб кетди. «Юнайтед» сўнгги ўн икки ўйинидан саккизтасида мағлубиятга учраган. Бу оралиқда бундан ёмонроқ кўрсаткич фақат хавфли зонадаги «Лестер» (9) ва «Саутҳемптон» (10) томонидан қайд этилган.
Испания: Антонида 3 ўйин — 3 MVP
«Эспанйол» — «Атлетик» 1:1
Голлар: Фернандес (62) — Сансет (77).
«Эспанйол» – Гарсия, Ромеро, Кабрера, Кумбула, Ал Ҳилоли, Гонсалес (Калеро, 67), Лосано (Экспосито, 79), Пуадо (Миля, 89), Крал, Каррерас (Рока, 79), Фернандес (Велис, 79).
«Атлетик» – Унаи Симон, Берчиче, Йерай Алварес (Паредес, 70), Вивиан, Горосабел (Де Маркос, 70), Прадос (Весга, 65), Хаурегисар, Беренгер (Н.Уилямс, 65), Сансет, И.Уилямс, Саннади (Гурусета, 78).
Огоҳлантиришлар: Алварес (5), Гонсалес (46).
Февралнинг илк кунида «Реал»ни мағлуб этиб (1:0) сенсация кўтарган «Эспанйол» бу турда кучли тўртликнинг яна бир вакили «Атлетик»дан очко олди. Эрнесто Валверде иккинчи бўлимда Унаи Симоннинг қўпол хатоси туфайли ҳисобда ортда боришига тўғри келди. Испания миллий жамоаси посбони тўпдан қутулишда сусткашликка йўл қўйди ва Роберто Фернандес подкат билан тўпни дарвозага йўналтирди.
Лекин «тўтиқушлар» жамоаси ҳисобдаги устунлигини сақлаб қололмади ва Нико Уилямс бурчакдан оширган тўпни Сансет дарвозага йўллаб, ҳисобни тенглаштирди. Бу вазиятда унинг тўхтатмай йўллаган зарбаси у қадар кучли чиқмаганди, аммо тўп мезбонлардан бирига тегиб, йўналишини ўзгартирди. Жавоб голи муаллифи фаолиятидаги энг сермаҳсул мавсумни ўтказмоқда. У 12 гол билан ла лигадаги энг кўп гол урган ҳавбек бўлиб турибди, топ-5 лигаларда эса фақат икки амплуадошидан ортда: 14 тадан гол урган Палмер («Челси») ва Мбемодан («Брентфорд»). Очко йўқотилганига қарамай басклар жамоаси турнир жадвалидаги ўрнини сақлаб қолди, бешинчи ўриндаги «Вилярреал» ҳам бу турда «Валенсия»га қарши дербида дурангга имзо чекканди (1:1). «Атлетик» энг яқин таъқибчисидан ҳамон беш очколик фарқ билан кетмоқда.
«Бетис» — «Реал Сосиедад» 3:0
Голлар: Антони (51), Рока (64, 69).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Ло Челсо (33).
«Бетис» – Адриан, Родригес, Лоренте, Бартра, Ортис (Руибал, 75), Кардозо, Ло Челсо (Рока, 46), Родригес (Чими Авила, 74), Иско (Роке, 82), Антони, Эрнандес (Бакамбу, 73).
«Реал Сосиедад» – Ремиро, Мунйос (Хави Лопес, 46), Агерд, Субелдия, Арамбуру (Мартин, 59), Серхио Гомес, Сучич (Захарян, 76), Субименди, Беккер, Ойарсабал (Марин, 59), Мендес (Элустондо, 25).
Огоҳлантиришлар: Арамбуру (6), Муньос (31).
Четлатиш: Субелдия (20), Беккер (75).
«МЮ»да барчага кулги бўлган Антонининг ишлари Испанияда юришиб кетди. У «Бетис»даги илк ўйинидаёқ ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилганди, якшанба оқшомида «Реал Соседад»да ҳам ғалабага катта ҳисса қўшди ва учинчи ўйинда ҳам энг яхши футболчи учун совринни қабул қилиб олди. Ўйин натижасига меҳмонлар камчилик бўлиб ўйнагани ҳам сабаб бўлди. 20-дақиқада Субелдия қизил карточка олгач, Иманола Алгуасил жамоаси танаффусгача 0:0 ҳисобини сақлаб қолди, 33-дақиқада Антони ишлаган пеналтини Ло Челсо аниқ ижро этолмади. Аммо иккинчи бўлимда бразилиялик вингер барчасини ўз қўлига олди ва ҳисобни очди ҳамда Рокага дубл расмийлаштиришда ёрдам берди. Иккинчи бўлимда ҳужумчи Беккер ҳам четлатилгач, меҳмонларда ўйинни қутқариш имкони қолмади.
Италия: «Интер» скудеттони бой бермоқда
«Ювентус» — «Интер» 1:0
Гол: Консейсау (74).
«Ювентус» – Ди Грегорио, Савона (Камбиязо, 59), Вейга, Гатти, Веа, Тюрам (Локателли, 77), Копмейнерс, Гонсалес, Маккенни, Франсишку Консейсау (Йилдиз, 81), Коло-Муани.
«Интер» – Зоммер, Бастони (Тюрам, 62), Ачерби, Павар, Димарко (Залевски, 62), Мхитарян (Корреа, 80), Чалхонўғли (Зелински, 80), Барелла, Думфрис, Торимий (Карлос Аугусто, 62), Мартинес.
Огоҳлантиришлар: Консейсау (52), Барелла (90).
«Ювентус» Дерби Италияда ғалаба қозонди ва «Интер»га пешқадамликни қўлга олишга халал берди. Симоне Индзаги жамоаси Туринда ғалаба қозонганида биринчи ўринга чиқиб олган бўларди, энди эса «Наполи»нинг кетма-кет дурангларидан фойдалана олмади ва икки очколик фарқ билан иккинчи ўринда қолди.
Туринликлар сафида бу сафар ҳам қишки трансферлардаги асосий харид Коло Муани ўзини кўрсатди — франциялик ҳужумчи жарима майдони чизиғида тўп учун курашда устун келди ва Консейсауни голли пас билан таъминлади. Ёш футболчи эса совуққонлик билан тўпни Зоммернинг ёнидан ўтказди.
«Интер»га қарши охирги 6 ўйинда илк бор ғалаба қозонган «Ювентус» энди «Фиорентина»нинг очко йўқотишидан фойдаланиб, ўтган йил октябридан буён илк бор кучли тўртликка кириб олди. Жамоа тўрт учрашувдан иборат ғалабали серия қайд этмоқда.
«Парма» — «Рома» 0:1
Гол: Суле (33).
«Парма» – Сузуки, Валери, Леони, Волякко (Камара, 66), Дел Прато, Зом, Бернабе (Ондрейка, 77), Кейта (Алмквист, 46), Канчелери (Ловик, 66), Бонни, Ман (Балог, 35).
«Рома» – Свилар, Ндика, Манчини (Нелссон, 46), Челик, Салоҳ-Эддин (Анхелино, 77), Коне (Пеллегрини, 46), Паредес, Гурна-Дуат, Салемакерс (Балданзи, 65), Шомуродов, Суле.
Огоҳлантиришлар: Суле (34), Пеллегрини (55), Гарна-Дуат (63), Балог (82), Алмквист (85).
Четлатиш: Леони (31).
Турнир жадвали аутсайдерига қарши ўйинда «Рома» мағлубиятсиз сериясини (9) давом эттирди, мавсумнинг биринчи қисмини муваффақиятсиз ўтказган римликлар ички чемпионатда декабр ўрталаридан буён ютқазмаяпти. Ўтган йил ноябрида жамоага қайтган Клаудио Раниери эса ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовга ишонч билдиришда давом этмоқда. Элдор эса 31-дақиқада рақибнинг камчиликда қолишига сабаб бўлган ҳужумда қатнашди. У жамоадоши Сулени бирга-бир вазиятга чиқариб юборди ва рақиб ҳимоячиси аргентиналик футболчини йиқитиб, қизил карточка олди. Белгиланган жарима зарбаси ҳам голга айланди. Шомуродов 90 дақиқа давомида майдонда қолди ва жамоаси сафидаги энг яхши футболчилардан бири бўлди.
Германия: фақат «Айнтрахт»да ғалаба
«Айнтрахт» Ф – «Ҳолштайн Кил» 3:1
Голлар: 1:0 – 18 Ларссон, 2:0 – 37 Тута, 3:0 – 60 Узун, 3:1 – 73 Порат.
«Айнтрахт» Ф – Трапп, Теате, Тута, Коллинз, Узун (Ваи, 71), Гетце, Браун (Нкунку, 71), Хейлунд (Дауд, 50), Ларссон, Кристенсен, Экитик (Баойя, 90+1).
«Ҳолштайн Кил» – Дене, Коменда (Кнудсен, 82), Зец, Некич (Ивежич, 72), Ремберг, Ҳолтби (Келати, 59), Гигович, Порат, Беккер (Яворчек, 46), Арп, Ҳаррес (Матино, 59).
Огоҳлантиришлар: Дауд (62), Кристенсен (85).
Жума куни турнинг илк ўйинида «Лейпциг» «Аугсбург»ни енга олмаганди (0:0). Шанба куни «Байер» ва «Бавария» ўйинида ҳам ҳисоб очилмаганди, шундай экан кучли тўртликнинг бу турда ғалаба қозонган ягон вакили «Айнтрахт» бўлди. Лекин «Ҳолштайн»га қарши ўйинда «бургутлар»нинг энг яхши тўпурари Экитикенинг омади келмади. Биринчи бўлимда француз ҳужумчиси пеналтидан фойдалана олмади. Кейин эса қулай вазиятларни кўкка совурди, бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ниҳоят дарвозани ишғол этганида, VAR вазиятга аралашиб, ҳужум давомидаги офсайд ҳолати туфайли голни бекор қилди. Лекин франкфуртликларнинг бошқа футболчиларининг иши юришди, сўнгги уч турда иккинчи голини урган 19 ёшли Жан Узун «Манчестер Сити»га кетган Мармушнинг ўрнини билинтирмаяпти. Дино Топпмеллер жамоаси бешинчи ўриндаги «Фрайбург» билан орадаги фарқни олти очкога етказиб, учинчи ўринни мустаҳкамлади.
Кун статистикаси
- «Фенербаҳче» Туркия чемпионатида қаторасига 7 ғалабага эришди. Жозе Моуринио учун бу 2012 йилдан буён энг яхши серия, ўшанда португалиялик мутахассис ла лигада «Реал» бошқарувида шундай кўрсаткич қайд этганди.
- «Ливерпул» ҳужумчиси Салоҳ «Энфилд»да АПЛ ўйинлари доирасидаги голлари сонини 101 тага етказди. Бир стадиондаги аниқ зарбалар сони бўйича мисрлик футболчи Уэйн Руни («МЮ» сафида «Олд Траффорд»да) билан тенглашиб олди. У икки футболчини — Тиерри Анри («Арсенал» сафида «Эмирейтс»да, 114 гол) ва Серхио Агуэрони («Манчестер Сити» сафида «Этиҳад»да, 106) ортда қолдирди.
- «Аякс» яримҳимоячиси Бергҳайс Нидерландия чемпионатида 206 (115+91) самарали балл ишлади. «Фейеноорд»нинг собиқ сардори Дирк Кюйтни ортда қолдириб, XXI асрда Эредивизиядаги энг фойдали футболчилар рўйхатида учинчи ўринга чиқди. Ундан юқорида фақат ПСВ фахрийси Люк де Йонг (271) ва «Аякс»дан Туркияга кетган Душан Тадич (254) жойлашган.
- Ҳимоячи Александер-Арнолд «Ливерпул» сафида 250-ўйинини ўтказди. У 26 ёш-у 132 кунлигида бу натижага рекорд даражадаги эрта ёшда эришиб, Стивен Жеррарднинг 19 йил давомида сақланиб турган натижасини яхшилади.
Мавзуга оид

13:53
«Реал» «Барса»га етиб олди, «Рома»да ғалабали серия. Кун ўйинлари

10:50 / 09.03.2025
«Сити» муҳим ўйинда ютқазди, «Барселона»да фожиа. Кун ўйинлари

05:16 / 07.03.2025
Европа Лигаси. Шомуродовнинг голи «Рома»га ғалаба келтирди ва бошқа натижалар

03:05 / 06.03.2025