Ўзбекистон | 20:56 / 17.02.2025
1569
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши мумкин

Шавкат Мирзиёев Кувайт ташқи ишлар вазири билан учрашув ўтказди. Томонлар қатор масалаларга, жумладан, мамлакатлар ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратди.

Шавкат Мирзиёев Ал-Кувайт шаҳрида Кувайт ташқи ишлар вазири Абдулла ал-Яҳё билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Кувайт ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини ривожлантириш бўйича олий даражада қарор қилингани катта мамнуният билан қайд этилди.

Ташқи сиёсий идоралар ўртасида мунтазам маслаҳатлашувларни ташкил этиш ва Самарқанд шаҳрида ўтадиган «Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» саммитига биргаликда тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.

«Ташриф доирасида Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан янги ҳамкорлик дастури имзолангани юқори баҳоланди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, учрашувда озиқ-овқат хавфсизлиги, саноат кооперацияси, инфратузилма, туризм ва бошқа йўналишларда лойиҳаларни илгари суриш ҳамда мамлакатлар ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг Кувайтга расмий ташрифи чоғида икки мамлакат етакчилари қўшма баёнот қабул қилгани тўғрисида хабар берилганди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Кувайтда маданият ва туризм ҳафталикларини ўтказиш, икки мамлакат вакилларининг санъат, мусиқа, кино, таълим ва спорт соҳаларидаги маданий-гуманитар тадбирларда фаол иштирок этишига кўмаклашишга келишилган.

Мавзуга оид