Иқтисодиёт | 12:05 / 16.02.2025
18597
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда иқтисодий қутбланиш кенгайиб боряпти. Нега?

2020 йилда пойтахт ва энг кам ўртача даромадга эга ҳудуд орасидаги фарқ 2,7 баробар эди. Орадан 4 йил ўтиб, бу кўрсаткич 3,6 баробарга айланди. Ҳудудлардаги расмий ойликлар ўртасидаги тафовут ҳам катталашиб боряпти. Бунга сабаб нима?

Фото: Kun.uz

Бир неча кун олдин Статистика агентлиги Ўзбекистондаги демографик ҳолатга оид йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унда келтирилишича, 2024 йилда Ўзбекистондаги 14 та ҳудудга хориждан ва республиканинг бошқа ҳудудларидан жами 241,8 минг одам кўчиб келган. Шундан 2229 нафари хорижий мамлакатлардан кўчиб келганлар, қолгани – ички миграция.

Бу тенденциянинг эътиборни тортадиган жиҳати шундаки, Тошкент шаҳри (92 минг) ва Тошкент вилоятига (32 минг) кўчиб келганлар улуши – умумий кўчиб келганларнинг 51,5 фоизини ташкил қилган.

Тўғри, бундан 5-6 йил олдин ҳам ушбу ҳудудларга кўчиб келиш кўрсаткичи баланд бўлган. Чунки узоқ йиллар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун алоҳида прописка тартиби мавжуд эди. Ҳозир эса, прописка чекловлари бекор қилинишининг бирламчи таъсири анча ўз кучини йўқотган бир пайтда, пойтахтга интилишнинг юқорилигича қолаётгани қатор иқтисодий ва ижтимоий омиллар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ошиб бораётган ҳудудий тенгсизлик

Ўтган йил якунларига кўра, аҳоли жон бошига тўғри келадиган умумий даромадлар бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида (60 млн 594 минг сўм), энг паст кўрсаткич эса Наманган вилоятида (16 млн 849 минг сўм) қайд этилган. Уларни шартли равишда энг бой ва энг камбағал ҳудудлар деб олсак, ўртадаги тафовут 3,6 баробарга етган.

Бу кўрсаткич олдинги йилларда қуйидагича бўлган:

  • 2018 йил: Тошкент (16,2 млн сўм) / Қорақалпоғистон (6,3 млн сўм). Фарқ – 2,57 баробар;
  • 2019 йил: Тошкент (20 млн сўм) / Қорақалпоғистон (7,7 млн сўм). Фарқ – 2,58 баробар;
  • 2020 йил: Тошкент (23,5 млн сўм) / Фарғона (8,7 млн сўм). Фарқ – 2,69 баробар;
  • 2021 йил: Тошкент (30,2 млн сўм) / Фарғона (10,9 млн сўм). Фарқ – 2,76 баробар;
  • 2022 йил: Тошкент (37,5 млн сўм) / Қорақалпоғистон (13,2 млн сўм). Фарқ – 2,83 баробар;
  • 2023 йил: Тошкент (44,4 млн сўм) / Қорақалпоғистон (14,6 млн сўм). Фарқ – 3 баробар.

Юқоридаги рақамлардан кўриш мумкинки, охирги 7 йил ичида энг бой ва энг камбағал ҳудудлар ўртасидаги фарқ сезиларли даражада ошган.

Ойлик маошлар кесимидаги нотенглик

2024 йилнинг якунида Ўзбекистондаги ўртача ойлик иш ҳақи 5,3 млн сўмни ташкил этди. Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, фақатгина иккита маъмурий ҳудуд – Тошкент шаҳри (9 млн сўм) ва Навоий вилоятида (6,7 млн сўм) номинал иш ҳақининг миқдори республикадаги ўртача даражадан юқори бўлиб, қолган барча ҳудудларда бу кўрсаткич турли миқдорда паст шаклланган.

Иш ҳақининг ҳудудларда турли хил даражада ошиши ортидан бу борада ҳам катта тенгсизлик пайдо бўлди. Масалан, 2020-2024 йилларда йилда энг кўп ва энг кам ўртача ойлик тўланувчи ҳудудлардаги тафовутлар:

  • 2020 йилда: (Тошкент/Қашқадарё). Фарқ – 96 фоиз;
  • 2021 йилда: (Тошкент/Сурхондарё). Фарқ – 2,03 баробар;
  • 2022 йилда: (Тошкент/Самарқанд). Фарқ – 2,17 баробар;
  • 2023 йилда: (Тошкент/Наманган). Фарқ – 2,25 баробар;
  • 2024 йилда: (Тошкент/Қашқадарё). Фарқ – 2,5 баробар.

Индивидуал соҳалар ўзаро таққосланса, иш ҳақининг тармоқлар кесимидаги тенгсизлиги ҳам ортиб бораётганини кўриш мумкин. Хусусан, 2020-2024 йиллар оралиғида банк ва суғурта фаолиятида банд бўлган ходимларнинг ойлик маоши 2,43 баробарга (6,3 млн сўмдан 15,3 млн сўмга), алоқа ва ахборот соҳасидагиларники эса 3 баробарга (4,4 млн сўмдан 13,2 млн сўм) ошган бўлса, бу кўрсаткич соғлиқни сақлаш соҳасида 88 фоизни (1,8 млн сўмдан 3,4 млн сўмга), таълим соҳасида 84 фоизни (1,9 млн сўмдан 3,6 млн сўмга) ташкил этган.

Ҳа, охирги йилларда Ўзбекистондаги иш ҳақлари сезиларли даражада ошди, аммо бу ўсиш турли соҳаларда фарқланиб, тармоқлар ўртасидаги тенгсизликни кучайтирди. Яъни ўтган 5 йил давомида банк соҳасида ишловчи мутахассисга нисбатан таълим соҳасидаги мутахассис сезиларли даражада камбағаллашган дейиш мумкин.

Нега бундай бўляпти?

Мантиқан ўйлаб қараладиган бўлса, потенциал инвестор ёки маҳаллий тадбиркорлар учун аҳоли зичроқ яшайдиган, нисбатан ишчи кучи арзон ҳудудларда ишлаб чиқариш ёки бошқа тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган яхшироқ. Аммо инфрасутруктуранинг яхши эмаслиги ва норасмий шаклдаги маъмурий босимларнинг мавжудлиги янги иш ўринларининг асосан пойтахт ва унга туташ ҳудудларда яратилишига олиб келяпти. Натижада Тошкентда ўртача ойликлар республиканинг қолган қисмларига нисбатан тезроқ ўсаётган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, вилоятларда нисбатан кам ойлик тўланадиган таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида фаолият олиб борадиган меҳнаткашлар умумий ишчи кучининг катта қисмини ташкил этади. Ўртача маошларнинг ошиши асосан шундоқ ҳам юқорироқ ойлик тўланадиган секторларда юз бераётгани соҳалар ва ҳудудлар ўртасидаги мавжуд тенгсизликни янада катталаштиряпти.

Нима қилиш керак?

Албатта, одамларнинг шаҳарларга кўчиб келиши ва ишга ёлланиши тараққиётнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Ишчи кучи оқими ўсаётган шаҳарларни арзон меҳнат ресурслари билан, хизмат кўрсатиш соҳасини истеъмолчилар билан таъминлайди. Бу эса ўз навбатида шаҳар кенгайиб, ривожланиб боришига сабаб бўлади. Аммо ички миграция оқимининг узлуксиз ва фақат бир томонга йўналгани – хавотирли ҳолат.

Масалан, вилоятлардан Тошкентга келаётган аҳоли шаҳардаги хизмат кўрсатиш, қурилиш, транспорт хизмати каби соҳалар учун арзон ишчи кучи бўлиши нарх-навони мўътадиллаштириш учун яхши имкон яратади. Яъни қурилиш материаллари ёки ёқилғи нархлари қимматлашаётган бир вақтда, меҳнатнинг арзонлиги секторларга барқарор инвестиция оқимини таъминлайди. Бироқ, 12 та ҳудуддан фақат Тошкентга ишчиларнинг келиши таклифнинг меъёридан ошишига ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг бошқа истеъмол товарларига нисбатан коррекцияси бузилишига сабаб бўлади.

Хусусан, айнан кўчиб келадиган инсонлар кўпроқ эҳтиёж сезадиган хизматлар, жумладан, шахсий уйлар, кўчиб келиб ишлаётганлар учун ижара квартиралари нархи охирги йилларда ўзининг ҳақиқий бозор қийматига нисбатан кескин ошиб, сунъий “пуфак”ни вужудга келтирди. Тошкентда энг сердаромад бизнеслардан бири қурилиш соҳаси экани ҳам бежиз эмас. Натижада бошпана ва шунга ўхшаш хизмат нархларининг қимматлиги ортидан ҳудудлардан келиб ишловчилар топган умумий даромадининг сезиларли қисмини йўқотяпти.

Хулоса қилиб кўрадиган бўлсак, вилоятларда ҳам пойтахт билан рақобатлаша оладиган инфрастуктурани (иссиқ сув, совуқ сув, электр ва газ таъминоти, транспорт тизими, тиббий хизмат, ўрта ва олий таълим) ривожлантириш тобора заруратга айланиб бормоқда.

Бу йўл билан инвестор бўлиши мумкин бўлган қатлам рақобат юқори пойтахтга келишга мажбур бўлмасдан, ўз ҳудудидаги лойиҳаларга инвестиция киритиши имконияти ортади.

Натижада иш ўрни вилоятда шаклланади; ишчиларнинг бир қисми вилоятда ишга ёлланади; ишчиларнинг тарқалиши оқибатида улар сонининг камайиши меҳнат таклифини қисқартиради; меҳнат бозорида таклифнинг камайиши меҳнатнинг қийматини оширади.

Иқтисодиётда кенг кўламли пул айланиши бошланиши ортидан эса ҳудудлар ва соҳалар кесимидаги тенгсизлик қисқариб боради.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид