Ўзбекистонда бу йил ғалла ҳосилдорлиги 20 центнергача камайиши мумкинлиги айтилди
Мутахассисларга кўра, ёғингарчиликнинг камлиги ва илиқ ҳаво шароити сабабли республикада тупроқнинг 20-25 см қатламида намлик етишмовчилиги кузатилмоқда. Бунинг оқибатида ғалланинг 10-15 фоизи ривожланишдан орқада боряпти. Агар зарур агротехник тадбирлар вақтида олиб борилмаса, ҳосилдорлик камайиб кетиши эҳтимоли бор.
АОКАда ғаллачиликда долзарб агротехник тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори ва масъуллари жорий йилда ғаллачиликда кутилаётган хавфлар, уларнинг олдини олиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2025 йил ҳосили учун республикада 1 млн 100 минг гектар майдонга ғалла экилган. Бу 2024 йилга нисбатан ўртача 10-12 минг гектарга кам кўрсаткич. Ғалла майдонлари Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қисқарган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бўлими бошлиғи Абдулла Мансуровга кўра, қисқаришнинг асосий сабаби ҳосилдорлик ошиши билан боғлиқ. Бироқ 2025 йилда кутилган хирмонни кўтариш анча машаққатли бўлиши мумкин. Сабаби, куз-қиш фаслининг меъёрга нисбатан ўзгарувчан келгани ғалла ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Оқибатда ғалла экинлари тиним даврига тўлиқ ўтмай, ўсишни давом эттирган.
Ёғингарчиликнинг камлиги ҳамда қуруқ ва илиқ ҳаво шароити туфайли тупроқнинг 20-25 см қатламида намлик етишмаяпти. Бу эса ҳудудлардан келиб чиқиб, бошоқли дон экинларини оптимал озиқлантириш, суғориш ва ўғитлаш билан боғлиқ тадбирларни илмий асосланган ҳолда ўтказиш заруратини келтириб чиқармоқда. Шундан келиб чиқиб, ғалла майдонлари 3 гуруҳга ажратилиб, фермер ва деҳқон хўжаликларига энг мақбул агротехник тавсиялар берилган.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шуҳрат Отажоновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ерларнинг шўрланишига ҳам чидамли ва шўрликни бошқариш бўйича алоҳида ёндашув керак.
“Ҳақиқатда нитратлар кўп ишлатяпмиз. Яъни минерал ўғитлар кўп ишлатилиши йиллар давомида бўлиб келган ва тупроқда нитрат миқдори нисбатан кўп. Энди нимага ҳозирги ҳолатда бунақа саволлар пайдо бўлди? Сув ресурсларининг чеклангани энг асосий омил сифатида кўрилади. Илмий асосланган агротехнологияга ўтиш ўзининг яхши самарасини беради.
Бизнинг ҳудудларда 50 дан ортиқ илмий тажриба станцияларимиз бор. Ҳудудларни ўрганиш жараёнида фермер хўжаликларнинг бевосита майдонларини кўз билан кўрдик. Уни 3 та гуруҳга ажратдик. Ортда, ўртача ва яхши ривожланган ҳудудларда ғалла экинларининг ривожланишини кузатдик. Баъзи фермер хўжаликларда ғалла майдони вақтида суғорилмаган ёки ўғитлаш режими бузилган. Бу 15-20 центнер ҳосилдорликни камайтиришга таъсир кўрсатган ҳолат. Зудлик билан ҳар бир гуруҳга мос ўғитлаш ва суғориш агротехник тадбирларини тўғри ва мақбул тарзда ўтказишни амалга ошириш керак. Агар буни вақтида қилмасак, эртага ҳосилдорликни 20 центнер йўқотиш эҳтимоли бор”, дейди Шуҳрат Отажонов.
Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти директори Равшанбек Сиддиқовга кўра, 2025 йил ҳосили учун экилган бошоқли экинлар республика бўйича ўта мураккаб физиологик жараёнларни бошдан кечирмоқда. Шунинг учун ҳар бир экин даласида ғалланинг нави, биологик хусусиятларидан келиб чиқиб, агротехник тадбирларга жиддий эътибор бериш зарур.
“Октябр-ноябр ойи бироз серёғин бўлиши ғалла экишни кечиктирди. Бугунги кунда ҳамма минтақаларимизда ғалланинг 10-15 фоизи ривожланишдан орқада қолмоқда. Айниқса, фермер хўжаликларимиз, ғаллачилик билан шуғулланадиган кластерларимизнинг мутахассислари бугун ғаллазорга кириб, эътиборли бўлиб кузатувни олиб бориши керак”, дея таъкидлайди Равшанбек Сиддиқов.
Матбуот анжуманида совуқ кунлар кўп бўлгани ғалланинг ривожланишига салбий таъсир қилаётгани, шунингдек, дала майдонларини ғўзапоялардан вақтида тозаламаслик агротехник тадбирлар самарасини камайтираётгани ҳақида ҳам фикрлар билдирилди.
Шаҳзод Ўроқбоев,
Kun.uz