Жаҳон | 23:03 / 11.02.2025
1550
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ болалар учун саратонга қарши бепул дорилар тарқатиш дастурини ишга туширди

Дастур даромади паст ва ўртача бўлган мамлакатларни қамраб олади. Дори воситаларининг биринчи партияси аллақачон Мўғулистон ва Ўзбекистонга етказилган.

Фото: WHO

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) даромади паст ва ўртача бўлган мамлакатлардаги болалар учун саратонга қарши дори воситалари бепул тарқатиладиган янги платформа ишга туширилганини эълон қилди.

Қайд этилишича, дориларнинг биринчи партияси аллақачон Мўғулистон ва Ўзбекистонга етказилган, яқин орада Эквадор, Иордания, Непал ва Замбияга ҳам етказилиши кутилмоқда. Дорилар юқоридаги мамлакатда истиқомат қилувчи 5 мингга яқин болани даволаш учун мўлжалланган.

Платформа кейинги беш-етти йил ичида 50 та давлатни қамраб олиб, 120 минг болани дори воситалари билан таъминлашни режалаштирган. Шу билан бирга, ЖССТ дори воситаларининг бепул тарқатилиши пилот фазадан кейин ҳам давом этишини кафолатламоқда.

Ушбу дастур ҳақида илк бор 2021 йил декабрда маълум қилинган. АҚШдаги болалар шифохонаси лойиҳани амалга ошириш учун 200 миллион доллар ажратган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2025-2030 йилларда Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастури амалга оширилиши тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид