“Депортация ноинсоний руҳда кечяпти, америкаликлар ҳам шокда” – Ню Йоркдаги юрист билан суҳбат
Трампни президентлик томон етаклаган популистик ваъдалардан бири – АҚШни ноқонуний муҳожирлардан тозалаш, энг катта депортацияни ўтказиш эди. Президент инаугурациядан кейинги кунданоқ бунга қаттиқ киришди. Kun.uz суҳбатлашган иммиграция масалалари бўйича юрист фикрича, депортация жараёнлари шафқатсиз кечмоқда. Лекин аксарият америкаликларга бу ёқяпти.
АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати ноябрь ойида чиқарган ҳисоботига кўра, камида 1,5 миллион муҳожирлар дастлабки босқич депортацияда давлатдан чиқариб юборилиши керак. Уларнинг ичида 975 нафари Ўзбекистон фуқаролари. Трамп администрацияси ишга киришаркан, даставвал, лотин ва Марказий Америка давлатлари фуқароларидан иборат гуруҳларни депорт қилди. Муҳожирлар ҳарбий самолётларда уйларига жўнатилмоқда.
Бугун Ню Йоркдаги ҳуқуқшунослик фирмасида ишловчи иммиграция масалалари бўйича юрист – Акмал Элмуродовга мурожаат қилувчи муҳожирлар сони кескин кўпайган. Аксарият мижозларимиз – МДҲ мамлакатларидан, дейди у. Трамп президентликка келаркан, демократларни Америка эшикларини ланг очиб қўйганликда, давлатни ноқонуний муҳожирларга тўлдирганликда айблади. Лекин демократлар бунга тайинли жавоб бермади. Ҳозирги депортация ростдан ҳам ноинсоний руҳда ўтмоқда. Ҳаттоки америкаликларнинг ўзи шокда, бироқ кўпчиликка бу ёқяпти, дейди юрист.
АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати рўйхатидаги 975 нафар ўзбеклар юрист сўзларига кўра, аллақачон суд орқали депортацияга ҳукми чиққан юртдошларимиз. Яъни ноқонуний муҳожирлар асосан, Мексика орқали АҚШ чегарасига келиб, бошпана сўрайди. Бунинг учун аниқ сабаб ва далиллар келтирилиши керак. Бошланган ҳуқуқий процесс узоқ давом этади, давлатга кириш учун ичкаридан кафолат талаб этилади. Рўйхатдаги 975 нафар ўзбекистонликлар ичкарида бўлиш қонун-қоидаларини бузганлар, ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланганлар ҳамда жиноий тарихга эга шахслар, дейди Элмуродов.
“Бу борада АҚШ хизматлари Ўзбекистон тегишли ташкилотлари билан бирга ишлайди. Жиноий тарихга эга фуқаролар биринчи навбатда чиқариб юбориляпти. Кўп мижозларимиз уйига хат кела бошлаган. Улар нима қилишини билмай, ҳуқуқшуносларга мурожаат қилмоқда. Чақирилдими, бориш керак. Америка катта давлат, лекин бир инсонни тутиш қийин эмас. Тизим интеграциялашган, барибир машинада қаергадир боради, карта орқали тўлов қилади. Ёки ичкаридаги унга кафолат бўлган одам орқали топилади” – Акмал Элмуродов, юрист.
Маълум бўлишича, Трампнинг қаттиқ депортация сиёсати қўшнилари, хусусан, Марказий Америка давлатлари раҳбариятининг жаҳлини чиқарган. Фуқароларининг ҳарбий самолётда жўнатилаётганини улар қабул қилишолмаяпти. Лекин ҳарбий самолёт тезроқ учади, тезроқ манзилга уларни олиб бориб, ташлаб келишади, дейди юрист.
Ўзбеклар тақдирига қайтсак, юристнинг қўшимча қилишича, ҳозир рўйхатдагиларни фаол қидириш ишлари давом этмоқда. Бошқа давлатларники каби ўзбеклар ҳам битта рейс тўладиган миқдорда йиғилса, Ўзбекистон билан маслаҳатлашувлар орқали улар мамлакатга депорт қилинади. Унгача ушланган муҳожирлар АҚШ иммиграция ва божхона хизмати (ICE) сақлаш пунктларида қолади.
Ижтимоий тармоқларда АҚШдаги ўзбеклар бир-бировига ҳар хил маслаҳат бераётгани, суд ёки иммиграция хизматидан хат келса, бормасликка чақираётгани тез-тез кўзга ташланяпти. Ҳуқуқшунос Акмал Элмуродов фикрича, бу депорт қилинувчилар рўйхатига янада тезроқ тушишга сабаб бўлади.
“АҚШ иммиграция судлари ишни жуда узоқ кўради. Йиллаб давом этаётган ишлар бор. Масалан, 2020-2021 йилларда бошланган суд ишлари ҳукми ҳали ҳам чиқмаган. Лекин судга чақирилган вақтда борилмаса, бу ҳурматсизлик ҳисобланади ва бир томонлама ҳукмга сабаб бўлади. Мигрантлар ўз юристлари билан доимий алоқада бўлиши керак” – Акмал Элмуродов, юрист.
Шу ўринда қўшимча қилиб ўтиш керакки, Трамп ва республикачилар бутунлай миграцияга қарши эмас, улар ноқонуний миграцияни чекламоқчи. Бундан ташқари, Трамп Оқ уйга қайтган кундан эътиборан Мексика орқали қочоқ бўлиб рўйхатдан ўтиш имконини берувчи онлайн иловалар ишламай қолган. Ҳозирга келиб Трамп Мексика чегарасидаги бирор одамни ўтказмасликни топшириқ берган. Юрист Элмуродовнинг қўшимча қилишича, бу ҳали бошланиши. Вақт ўтган сайин АҚШдаги депортация тўлқини кучая боради.
Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.
Мавзуга оид

22:00 / 10.03.2025
Украина дунёдаги энг йирик қурол импортчисига айланди

20:32 / 10.03.2025
Трамп Зеленский истеъфога чиқмагунча Украинага ёрдам кўрсатишни тикламайди – ОАВ

19:40 / 10.03.2025
Bloomberg: Трампнинг маслаҳатчилари Россияга нисбатан санкцияларни юмшатиш режасини ишлаб чиқмоқда

16:37 / 10.03.2025