Ўзбекистон | 19:30 / 10.02.2025
7998
2 дақиқада ўқилади

Бухорода магистрал газ қувурида келиб чиққан ёнғин тўлиқ ўчирилди

Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, ҳозирда табиий газ захира қувурлари орқали ҳеч бир узилишсиз ўтказилмоқда.

Фото: Энергетика вазирлиги

Бухоро вилояти ҳудудидан ўтган диаметри 1020 миллиметрли магистрал газ қувуридаги ёнғин тўлиқ ўчирилди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда бу ерда «Ўзтрансгаз» АЖ ходимлари томонидан таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.

«Табиий газ захира газ қувури орқали ҳеч бир узилишсиз ўтказиляпти ва унинг истеъмолчиларга етказилиши штат режимида давом этмоқда», — дейилади хабарда.

10 феврал куни Бухоро–Урал магистрал газ қувурининг Бухоро вилоятидан ўтган қисмида авария рўй бериб, ёнғин чиқди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига кўра, авария Газли магистрал газ қувурлари бошқармасининг ер остидан ўтган қувурида рўй берган. Соат 11:30 да мурватлар ёпилиб, қолдиқ газлар чиқиб кетган.

Бухоро вилоятига оид Telegram-каналларда вилоятдаги метан шохобчалар ёпилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат бартараф этилмагунча метан шохобчаларга вақтинча чекловлар киритилиши Энергетика вазирлиги хабарида ҳам айтилди, аммо вазирлик ахборотининг ушбу қисми кўп ўтмай ўчириб юборилди.

Бироздан сўнг вазирлик аниқлаштирувчи хабар эълон қилиб, барча ҳудудлардаги метан шохобчалар «ҳозирги режимда ишлашда давом этиши»ни маълум қилди.

Мавзуга оид