Жамият | 16:25 / 05.03.2025
22000
2 дақиқада ўқилади

Бухорода 20 ёшли йигитнинг ичидан 5 тўғноғич ва 6 мих олиб ташланди

Йигит РШТЁИМ Бухоро филиалига кўнгил айниши, эпигастрал соҳасидаги кучли оғриқ ва овқат ўтишининг қийинлашиши шикоятлари билан мурожаат қилган. Рентгенография текширувидан сўнг беморда зудлик билан эндоскопик амалиёт ўтказилган.

Фото: РШТЁИМ Бухоро филиали

РШТЁИМ Бухоро филиали мутахассиси томонидан ёш йигитнинг ошқозон ва 12 бармоқли ичакларига тушган ёт жисмлар мувоффақиятли олиб ташланди. Бу ҳақда филиал ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, РШТЁИМ Бухоро филиалига 2005 йилда туғилган бемор кўнгил айниши, эпигастрал соҳасидаги кучли оғриқ ва овқат ўтишининг қийинлашиши шикоятлари билан мурожаат қилган. Психиатр назоратида рўйхатда турувчи йигит 2 кун олдин кўп тўғноғич ва мих ютганини билдирган.

Беморда ўтказилган рентгенография текширувида ошқозон ва 12 бармоқли ичакда металлсимон ёт жисмлар, тўғноғич ва михлар борлиги аниқланган.

Йигитда зудлик билан эндоскопик амалиёт усули мувоффақиятли бажарилган. Хирург эндоскопист А.Ҳайдаров томонидан махсус эндоскопик қисқич ва илгаклар ёрдамида бемор ошқозони ва 12 бармоқли ичак бўшлиғидан 5 дона тўғноғич ҳамда 6 дона мих олиб ташланган.

Ҳозирда беморнинг аҳволи ижобий томонга ўзгариб, ошқозон ичак трактидаги патологик муаммолар бартараф қилинишига эришилган.

Қўшимча қилинишича, сўнгги йилларда аҳолининг ошқозон, ичак органларига ёт жисмларнинг тушиши бўйича тиббиёт муассасаларига мурожаатлар қилиш ҳолатлари нисбатан кўпайган. Ёт жисмларнинг ошқозон, ичак ва бошқа органларга тушиши ҳолатлари 1 ёшдан 25 ёшгача бўлган эркак ва аёлларда кўп учрайди. 

Мавзуга оид