Ўзбекистон | 21:37 / 20.02.2025
10552
5 дақиқада ўқилади

“Чўллаштириш авжида” — Бухорода 1800 дан ортиқ дарахт кўчирилаётгани танқидларга сабаб бўлмоқда

Бухоро вилоятида автомобил йўлини кенгайтириш учун 1824 та дарахтни кўчириб ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Интернетда тарқалган видеоларда йўл бўйидаги дарахтлар ағдарилиб ётганини кўриш мумкин. Тармоқларда бухороликлар бундан норозилигини билдирмоқда. 2023 йилда бу лойиҳага қарши чиққан экология органи энди бу ишлар қонунчиликка мувофиқ бўлаётганини айтмоқда.

Тармоқларда Бухоро–Когон йўлидаги дарахтлар кўчирилаётгани эътирозларга сабаб бўлмоқда. Тарқалган видеоларда Бухородаги 15-17 йиллик бир нечта дарахтнинг ағдарилиб ётгани акс этган.

Вилоят Экология бошқармасига кўра, А-380 “Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнау" автомобил йўлининг 218-228 км (20 км) қисми таъмирга тушган. Шу сабаб 1824 туп дарахтнинг 151 тупи Боқий Бухоро мажмуаси ҳамда Янги Ўзбекистон боғига кўчириб ўтқазилган, қолган дарахтларни ҳам холи ҳудудларга кўчириш ишлари давом эттириляпти.

Ҳудуддаги 1824 туп мевали ҳамда манзарали дарахтлар қонунчилик талаблари асосида холи ҳудудларга кўчириб ўтқазилмоқда. Ушбу жараён Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сонли қарорининг 5-боб 33-бандига мувофиқ амалга оширилаётганини маълум қиламиз”, дейилган муносабатда.

Ушбу йўл таъмирлаш лойиҳаси доирасида дарахтларни кўчириш ҳаракатлари 2024 йилнинг феврал ойида ҳам бўлган.

Дарахтлар кўчирилаётгани ҳақида ёзаётган бухороликлар ҳолат ачинарли экани, кўчирилган дарахтлар қуриб қолишидан хавотирдалигини билдирмоқда.

Когон марказидаги йўл ёқасидаги кўпйиллик дарахтлар буткул қуриб кетди. Бу ҳақида видеолар ҳам қилдик, лекин чора кўрилмади”, деб ёзган бир фойдаланувчи.

Муаммо бартараф этилмаса ва “чўллаштириш” ишлари давом этса, ҳақиқатан табиатимиз жуда абгор бўп қолиши тайин. Лекин дарахтларни кўчириб ўтқазиш ва уни парваришлаб, халққа ўша туришида топшириш масаласини кўрмаяпмиз”, деган бошқа бир ватандош.

Troll.uz канали ҳолатга “Чўллаштириш авжида” дея баҳо берган.

Дарахтларни нима сабабдан кесишяпти, шунисига тушунмайман. Шу дарахтлар туфайли ҳаво тозаланиб турарди”, дейди бошқа бир тармоқ фойдаланувчиси.

Бундан ташқари, бухороликлардан Kun.uz'га ҳам норозилик мурожаати келганди. Унда йўл бўйидаги дарахтларни жойида қолдириш сўралган.

Кесилган дарахтлар ёнидан ўтаётганимизда ёнимизда сайёҳлар ҳам бор эди. Улар бу ҳолдан шокка тушишди. Бухорода ўзи дарахт деярли йўқ. Борини ҳам йўқ қилишяпти. Бу ерда яшовчиларнинг айтишича, йўл қатнов қисмини кенгайтириш мақсадида дарахтлар олиб ташланаётган экан. Илтимос, дарахтларни йўқ қилишмасин”, – дейилади мурожаатда.

Кўчиришдан олдин жамоатчилик эшитуви бўлганми?

Kun.uz мухбири шу савол билан вилоят Экология бошқармасидан жавоб олишга уринди. Масъул жамоатчилик эшитуви 2023 йилнинг 28 октябрида ўтказилганини билдирди. Эшитув қандай хулоса қилгани ҳақида маълумот йўқ.

Kun.uz мухбири 18 февралда шов-шув бўлган дарахтларни кўчириб ўтқазаётган “Қоракўл дизайн” МЧЖ раҳбари билан боғланди. Унинг айтишича, йўл қураётган Хитой компанияси “Қоракўл дизайн” МЧЖ билан 550 дона дарахтни кўчириб ўтказиш бўйича шартнома қилган.

Ўзим 10 йилдан бери кўчат экиш ва уни ўтқазиб бериш билан шуғулланаман. Мени ҳам шу Хитой компанияси топди ва дарахтларни кўчиришга келишди”, – деди у.

Шунингдек, у кўчирилган дарахтларни парвариш қилиш, кўкартириб беришга ишонч билдирди. “Агар бирорта дарахт қуриб қолса, ўрнига 10 та қуриб берамиз. Кўчиришни қоидалари асосида бажаряпмиз”, – деди у.

2 йил олдин шов-шув бўлган лойиҳа

Бухоро ва Сурхондарёда трассаларни кенгайтириш учун дарахтлар кўчирилиши 2023 йилда маълум бўлганди. Бу тармоқларда кўплаб норозиликларга сабаб бўлган, ўшанда Экология вазирлиги ва айрим депутатлар жамоатчилик билан ҳамфикрлигини билдирган эди.

Хусусан, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одил Тожиев муносабат билан чиққанди. “Ҳеч қандай йўл қурилиши табиатга зиён етказиш ҳисобига бўлмаслиги керак. Бу масалага Парламент томошабин бўлиб турмайди, албатта. Муҳокама қиламиз ва депутатлик сўрови юборамиз”, – деганди депутат.

Экология вазирлиги эса дарахтларни кўчириш бўйича сўровларга рад жавобини берганини билдирганди.

Вазирлик ахборотига кўра, Қашқадарёда “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” йўлини таъмирлаш учун 31 371 та дарахт ва бутани кўчириш, Сурхондарёда эса “Манғузор-Жарқўрғон-Бандихон-Олтинсой-Денов” йўлининг бир қисми ва “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” йўлининг бир қисмини таъмирлаш учун 21 803 та дарахтни кўчириш кўзда тутилган. Ўшанда вазирлик бунга розилик бермаслигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, яшилликнинг камайиб бораётгани, ҳаво сифатининг ёмонлашаётганидан ташвишга тушган ўзбекистонликлар тармоқларда #DaraxtlarniAsraylik, #NafasOlolmayapman ҳештеглари билан бу борадаги мулоҳазаларини билдириб келади.

Мавзуга оид