Жаҳон | 17:19 / 08.02.2025
1587
2 дақиқада ўқилади

Трамп Байденнинг махфий маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилди

Доналд Трамп АҚШнинг собиқ президенти Жо Байденнинг махфий маълумотлардан фойдаланиш рухсатномасини чақириб олди. Шунингдек, энди Байден учун разведка масалалари бўйича ҳар кунги брифинг ҳам ўтказилмайди.

Фото: Saul Loeb / Pool / Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп Жо Байденнинг махфий ҳужжатлардан фойдаланиш имкониятларини чеклади. Бу ҳақда Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғи орқали маълум қилди.

«Жо Байден махфий маълумотларни олишда давом этишига ҳеч қандай эҳтиёж йўқ. Шу боис биз Жо Байденнинг рухсатномасини чақириб оламиз ва ҳар куни унинг учун ўтказиладиган разведка масалалари бўйича брифингларни тўхтатамиз», — дейди АҚШнинг амалдаги президенти.

Доналд Трамп махсус прокурор Роберт Хурнинг Байденни хотирасида муаммолар борлиги келтирилган ҳисоботига асосланиб шундай йўл тутмоқда. «Жо, сен бўшатилдинг. Американи яна буюк қиламиз!» — деб ёзади Трамп.

Хурнинг ҳисоботи бир йил олдин Байденнинг гаражидаги омбор ва Делевердаги уйидан вице-президентлик давридаги махфий ҳужжатлардан бири топилганидан кейин бошланган эди. Тинтувлар давомида демократнинг собиқ кабинетидан Америка разведкасининг ҳисоботлари ва Украина, Эрон ва Буюк Британияга тааллуқли брифинг материаллари топилган.

Хурнинг таъкидлашича, Байден махфий ҳужжатларни вице-президентлик муддати тутаганидан кейин ҳам сақлаб келган ва бу ҳаракат «миллий хавфсизликка жиддий таҳдид уйғотади». Аммо у демократга айблов эълон қилмаган. Махсус прокурорга кўра, Байден суд ҳайъати қаршисида ўзини «хотираси ёмонлашган кекса инсон сифатида намойиш этиши мумкинлиги сабаб» уни жавобгарликка тортиш қийин бўлади.

Доналд Трампнинг ўзига нисбатан 2022 йилда Мара-Лаго қароргоҳидан махфий ҳужжатлар топилганида масъулиятсизлик бўйича жиноят иши қўзғатилганди. Аммо у президент этиб сайлангач барча жиноят ишлари тўхтатилди, уларнинг иккитаси тергови билан шуғулланган махсус прокурор Жек Смит эса истеъфога чиқди.

Мавзуга оид