Украина Курск областида ярим йил давомида 900 дан ортиқ россиялик ҳарбийни асирга олди
Курск областидаги операция давомида украиналик ҳарбийлар 909 нафар россиялик аскарни асирга олди, деб хабар қилди Украина Қуролли кучлари Бош штаби. Бу юзлаб украиналик маҳбусларни уйларига қайтариш имконини берди, дея таъкидлади Киев.

Фото: Anadolu/picture alliance
Россия Федерациясининг Курск областидаги олти ойлик операция давомида Украина қуролли кучлари 909 нафар россиялик ҳарбийни асирга олди, бу алмашинув фондини сезиларли даражада тўлдирди, деб хабар қилди Бош штаб 6 феврал, пайшанба куни Facebook ижтимоий тармоғида. «Бу Россия қамоқхоналарида сақланаётган юзлаб украиналик ҳимоячиларни ватанига қайтариш имконини беради», — дейилади баёнотда.
Бош штаб Россия қўшинларининг Суми ва Харкив областларига янги ҳужуми олдини олиш мақсадида 2024 йил 6 августда Курск операцияси бошланганини эслатди. «Курск областидаги 6 ой давомида фаол ҳарбий амалиётларда россияликларнинг жами йўқотишлари тахминан 39,9 минг кишини ташкил этди, улардан 16,1 мингга яқини ҳалок бўлди», дейилади ҳисоботда. Бундан ташқари, Бош штаб маълумотларига кўра, Курск областида Россиянинг катта ҳажмдаги техникаси, жумладан, 131 та танк, 689 та зирҳли жанговар техника, 386 та артиллерия тизими, 12 та ЯЎРТ бўлинмаси, 12 та ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, битта самолёт, учта вертолёт ва 931 та дрон йўқ қилинган.
Шимолий Корея Россияга қўшимча қўшинлар юборишга тайёрланмоқда
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бир неча минг шимолий кореялик аскарини йўқотганидан сўнг Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россияга қўшимча қўшин жўнатишга қарор қилди, деб хабар бермоқда 24 январ куни "Ренхап" ахборот агентлиги Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасига таяниб.
Департаментнинг эслатишича, 11 минг кишидан иборат биринчи гуруҳ юборилганига деярли тўрт ой бўлди. Бу вақт ичида у учдан бир қисмга қисқарди ва бир нечта Шимолий Корея аскари асирга олинди. Шунга қарамай, КХДР Россия армиясига ёрдам бериш учун қўшимча кучлар юборишга тайёргарликни кучайтирди, деб таъкидлади қўмита.
22 январ куни Пентагондаги юқори мартабали манба The New York Times (NYT) нашрига худди шундай маълумотни етказди. Унга кўра, Шимолий Корея яқин икки ой ичида Россияга қўшимча кучлар юборади. Бироқ, на Пентагон, на Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси ҳарбий хизматчилар сонини аниқлаштирмади. Аввалроқ Москва Пхенянга ҳар бир аскар учун икки минг доллар тўлаётгани маълум қилинганди, бу КХДР фуқаросининг 83 йиллик маошига тенг.
Мавзуга оид

23:00 / 10.03.2025
ФХХ украиналикларнинг Россия киришини 50 йилгача тақиқлашни бошлади

22:00 / 10.03.2025
Украина дунёдаги энг йирик қурол импортчисига айланди

20:32 / 10.03.2025
Трамп Зеленский истеъфога чиқмагунча Украинага ёрдам кўрсатишни тикламайди – ОАВ

16:59 / 10.03.2025