Жаҳон | 20:26 / 06.02.2025
7887
6 дақиқада ўқилади

Украина Курск областида амалиёт бошлаганига ярим йил бўлди

Ишғол этилган ҳудудларда минглаб россияликлар қолмоқда. Афтидан, РФ ҳукуматини уларнинг тақдири унчалик ташвишлантирмаяпти — бу вақтда Путин Курскнинг минг йиллигини нишонлашни муҳокама қилмоқда.

Сергей Бобилев / Спутник / РИА Новости / Profimedia

Украина қўшини роппа-роса олти ой муқаддам, 6 августга ўтар кечаси Курск области ҳудудига бостириб кирганди. РФ мудофаа вазирлиги ва регион расмийлари дастлабки кунларда вазият назорат остида экани ва Украина қуролли кучлари «бир метр ҳам олдинга юрмаётгани»ни таъкидлади. Фақат 9 август куни Россия ҳарбий идораси илк бор жанглар аллақачон чегарадан 10 километр масофадаги беш минг киши яшовчи Суджа райони маркази чеккаларида олиб борилаётганини маълум қилди. Курск областида федерал миқёсда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди. Жумладан, расмийларнинг тинчлантирувчи баёнотлари туфайли кўпчилик Украина қуролли кучлари ҳужумининг дастлабки кунларида уйларини тарк этмади ва якунда ишғол этилган ҳудудларда қолди.

Август ўрталарига келиб Россиянинг 1100 километр квадратдан ортиқ ҳудуди Украина қуролли кучлари назоратига ўтганди. Кейинги ойларда РФ армияси Курск областига Украинадаги кучларнинг бир қисмини олиб ўтди ва қарши ҳужум бошлади. Ҳозирда 500 километр квадрат ҳудуд Украина қуролли кучлари назорати остида қолмоқда.

Ишғол этилган ҳудудларда қанча аҳоли бор?

Украина қуролли кучлари эгаллаб олган ҳудудларда ҳамон маҳаллий аҳоли вакиллари қолмоқда, улар Украина юришининг илк кунларида эвакуация қилинмаган. Уларнинг қариндошлари ҳисоб-китобига кўра, гап тахминан уч минг киши ҳақида бормоқда. Январ ойи ўрталарида Украина қуролли кучлари ўз назорати остидаги ҳудудда яшовчилар сонини икки минг кишига баҳолаган эди.

Ишғолда қолаётган одамларнинг қариндошлари РФ расмийларини ҳаракатсизликда айблаб келади. Москвадагилар бирор марта Украина томони билан гуманитар йўлак ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилгани ёки ҳатто бундай музокаралар ўтказиш нияти ҳақида очиқ эълон қилмаган.

Фақат бир марта — ноябр ойида — омбудсман Татяна Москалкова музокаралар натижасида регионнинг оккупация қилинган қисмида яшовчи 46 нафар фуқаро Россия назорати остидаги ҳудудга қайтарилганини маълум қилди. Январ ойи бошида Москалкова чегара ҳудудларида бедарак йўқолган аҳоли рўйхатини эълон қилди — аммо бу жуда кўп ноаниқликлар ва такрорланишлар туфайли уларнинг қариндошлари томонидан қаттиқ танқид қилинди. Фақат январ ойи охирида, деярли уч ҳафта ўтгач, губернатор вазифасини бажарувчи Александр Хинштейн янги рўйхат тузишга ваъда берди.

Қанча одам ҳалок бўлган?

Январ ойи ўрталарида Украина қуролли кучлари комендатураси оккупация бошланганидан бери тинч аҳоли вакилларидан 112 нафари ҳалок бўлганини маълум қилди. Улардан камида 40 нафар кекса ёшли кишилар «шиддатли ракета ҳужумлари туфайли стрессга учраб» юрак хуружидан вафот этган, яна 36 нафари, Украина қуролли кучлари даъво қилишича, Россия зарбалари қурбонига айланган, қолганларнинг ўлим сабабларига аниқлик киритилмаган.

1 феврал куни рўй берган ҳаво ҳужуми оқибатида Суджадаги ўнлаб тинч аҳоли вакиллари яширинган мактаб интернат биноси вайрон бўлди. Украина томони маълумотларига кўра, тўрт киши ҳалок бўлган, яна бир неча киши оғир яраланган. Украина ва Россия ҳарбийлари ҳужум учун жавобгарликни бир-бирига юклади.

19 январ куни Россия давлат нашрлари Россия қуролли кучлари томонидан озод қилинган Русское Моречное қишлоғида Украина қуролли кучлари ҳарбийлари томонидан ўлдирилган тинч аҳоли вакилларининг жасадлари топилгани ҳақида хабар берди. Россиялик ҳарбийлар воқеа жойида олган видеолар эълон қилинди — бироқ бу кадрларга асосланиб ўлим сабаблари ҳақида ҳам, бу одамларнинг шахсияти ҳақида ҳам холис хулоса чиқариб бўлмайди.

Бир неча кун ўтгач, Россия тергов қўмитаси ишғол қилинган ҳудудда қотиллик ва зўрлаш содир этганини тан олган украиналик асирни сўроқ қилиш тасвирларини намойиш этди. Шундан бери Россия расмийлари ўз версияси фойдасига бошқа ҳеч қандай далил келтирмаган — аммо жаҳон ҳамжамиятини «тилини ютиб юбориш»да айблаган. Украинадагилар эса вазиятни Россия пропагандасининг «дезинформация кампанияси давом эттирилиши» деб аташди.

Ҳозирда нималар бўлмоқда?

5 феврал куни Кремл РФ президенти Владимир Путиннинг Александр Хинштейн билан учрашуви ҳақида хабар берди. Улар мулк йўқотилгани ва «чегара ҳудудлар инфратузилмасини тиклаш» учун пул компенсацияларини, шунингдек, 2032 йилда нишонланадиган Курскнинг минг йиллигини муҳокама қилишган. Ишғол остида қолган Россия фуқароларининг тақдири ва уларни эвакуация қилиш истиқболлари ҳақида лом-мим дейилмаган.

6 феврал тонгида россиялик ҳарбийлашган телеграм-каналларнинг бир қанчасида Украина қуролли кучлари Курск областида янги юриш бошлагани тўғрисида хабар тарқатди. «Ҳозирча зарба чекланган, Украина қуролли кучларининг бир ой олдин Бердин хутори ҳудудида ҳужум қилишга уринишини эслатади», — дея ёзган «Военний осведомител» канали.

Телеграм-каналларга кўра, 350-400 украин ҳарбийси ва 50 га яқин техника Суджа районидан жануби-шарқдаги Беловский райони йўналишида ҳаракатланган. Уланок посёлкаси (Суджадан 10 километр жануби-шарқда) атрофида жанглар бўлиб ўтган. РФ мудофаа вазирлиги расмий хабарида «маҳаллий вақт билан соат 14:00 ҳолатига Украина қуролли тузилмалари ҳужумлари қайтарилгани, барча аҳоли яшаш пунктлари Россия қўшини назорати остида қолгани» айтилган.

Мавзуга оид