Жаҳон | 15:09 / 01.02.2025
2503
2 дақиқада ўқилади

WP: Трампга қарши ишлар билан шуғулланган ФТБ агентлари ишдан бўшатилиши мумкин

АҚШ бош прокурор ўринбосари Эмил Бове Федерал тергов бюросининг камида саккиз нафар ходимини лавозимдан олишни буюрди. Шунингдек, бюронинг минглаб ходимлари иши устидан кенг кўламли текширувлар ўтказилади.

Фото: McCoy for The Washington Post

АҚШ администрацияси президент Доналд Трампга қарши ишлар билан шуғулланган Федерал тергов бюроси (ФТБ) ходимларини ишдан бўшатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Washington Post ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, бош прокурор ўринбосари Эмил Бове ФТБнинг юқори лавозимли камида саккиз нафар ходимини лавозимдан олишни ва бюронинг минглаб ходимлари иши устидан кенг кўламли текширувлар ўтказишни буюрган. Улар орасида Капитолийда юз берган тартибсизликларни тергов қилган ходимлар ҳам бор.

WP’нинг ёзишича, Капитолий тартибсизликларида фаол иштирок этган ФТБнинг Вашингтон бюроси директори ёрдамчиси Дэвид Сандберг ҳам лавозимидан айрилади. Таъкидланишича, ФТБ ходимлари бир неча кун ичида истеъфога чиқмаса, ишдан олинади.

Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Адлия вазирлиги, шунингдек, махсус прокурор Жек Смит терговида иштирок этган ФТБнинг бошқа ўнлаб агентларини ҳам ишдан бўшатиш имкониятини кўриб чиқмоқда. У Трампга қарши иккита ишни олиб борган — 2020 йилги сайловларга аралашишга уриниш ва махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш.

Смитнинг ўзи январ ўрталарида истеъфога чиққанди. АҚШ Адлия вазирлигида тозалаш ишлари 27 январдан, Доналд Трамп лавозимга киришганидан бир ҳафта ўтиб бошланган.

Мавзуга оид