“Cherry машинаси бор, аммо...” – муҳтож сифатида нафақа олаётган 20 мингдан ортиқ оила реестрдан чиқарилди
Бош прокуратура 2024 йилда ўтказган назорат тадбирларида оиласида савдо дўкони, ўнлаб қорамоллари ёки шахсий автомобили бўлган ҳолда ижтимоий ёрдам маблағларини олиб келаётган минглаб оилалар реестрдан чиқарилди. Шунингдек, ўтган йилда ижтимоий аҳволи оғир бўлса-да, реестрга киритилмаган 5 мингдан ортиқ оила давлат ижтимоий ҳимоясига олинган.

Фото: Kun.uz
31 январь куни АОКАда ўтказилган брифингда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов прокуратура органлари томонидан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Маълум қилинишича, прокуратура органлари томонидан камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли ишлар олиб борилиб, қарийб 2 миллион оилага кўмак берилган, уларнинг оила аъзолари ишга жойлаштирилиши натижасида турмуш шароитларини яхшилашга эришилган.
Бош прокуратура 2024 йилда ўтказган назорат тадбирлари давомида ижтимоий ёрдам маблағларини олиб келаётган 20 минг 129 та оила реестрдан чиқарилган, бюджетдан 32 млрд сўм маблағ тўланишининг олди олинди.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz'га тақдим қилган мисолларига кўра, Бувайда туманида яшовчи фуқаро хонадонида 38 бош қорамоли, Ёзёвон туманида яшовчи фуқаро савдо дўкони, Жалақудуқ туманида яшовчи фуқаро оиласи фойдаланувида Cherry русумли автомашинаси мавжуд бўлса-да, нафақа олиб келаётгани аниқланган. Улар реестрдан чиқарилди.
Ўрганишларда ижтимоий аҳволи оғир бўлган ҳолда реестрга киритилмаган 5 минг 274 та оила реестрга киритилиб, давлат ижтимоий ҳимоясига олиниши таъминланди.
Шунингдек, 2024 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш доирасидаги назорат тадбирлари давомида:
- 489 нафар фуқарога кечиктирилган 3,8 млрд сўм иш ҳақлари ундириб берилди;
- 78 та ҳолатда 11,2 млрд сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар талон-торож қилингани аниқланиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал қилинди;
- ҳисоботларда 862 минг 350 та янги иш ўрни қўшиб ёзилгани аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди;
- 4,7 млрд сўмлик зарар ихтиёрий ундирилди, фуқаролар манфаатини кўзлаб судларга 31,2 млрд сўмлик 2 минг 185 та даъво аризалари киритилди.
Мавзуга оид

11:45 / 20.02.2025
Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартиби белгиланди

13:02 / 30.01.2025
Украинага етказилган ҳарбий зарар реестри Россияда номақбул деб топилди

16:39 / 17.01.2025
Давлат харидларида инсофсиз ижрочилар реестри шакллантирилади

17:21 / 15.01.2025