Фан-техника | 12:25 / 29.01.2025
5221
2 дақиқада ўқилади

Океанлар юзаси 40 йил олдингига қараганда тўрт баравар тезроқ исимоқда

Дунё океани ҳароратининг кескин кўтарилиши бутун экотизимга ҳалокатли таъсир кўрсатади.

Фото: AP/REX/Shutterstock

Дунё океани юзаси 1980 йиллар охиридагига қараганда тўрт баробар тезроқ исияпти, деган хулосага келди Рединг университети олимлари. Bloomberg хабар беришича, бу 2023 ва 2024 йилларда кузатилган экстремал ҳароратга изоҳ бўла олади.

Тадқиқот муаллифи Кристофер Мерчантнинг таъкидлашича, дунё океани ҳароратининг кескин кўтарилиши бутун экотизимга — маржон қоялардан тортиб балиқ овлашгача ҳалокатли таъсир кўрсатади.

Бундан ташқари, океанларнинг исиши тез-тез содир бўладиган табиий офатлар — бўронлар, довуллар, тошқинлар ва ўрмон ёнғинларининг асосий сабаби ҳисобланади. Тадқиқотлар кўрсатишича, яқин 20 йил ичида океанлар ҳарорати олдинги 40 йилга нисбатан янада кучлироқ кўтарилади.

Хусусан, 2023 йилда дунё океани ҳарорати 1981—2010 йиллардаги ўртача кўрсаткичлардан 0,6 градусга ошди. 2024 йилда эса, қуруқликдаги ҳудудлар тезроқ исиши туфайли, ўртача глобал ҳарорат янада юқорироқ бўлди.

Ҳароратнинг кескин кўтарилишига сабаблардан бири Эл-Нино ҳодисаси бўлса, бу жараёнда инсон омили ҳам муҳим ўрин тутмоқда, деб таъкидлайди олимлар.

“Тадқиқот глобал исишнинг тезлашиши ва қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланиш ўртасидаги бевосита боғлиқликни яна бир бор тасдиқлайди”, — дейди Браун университети ҳузуридаги Атроф-муҳит ва жамият институти директори Ким Кобб.

Олимлар денгиз юзаси ҳарорати ва Ернинг энергетик мувозанатини таҳлил қилди. Натижада, океанлар ҳарорати ҳар ўн йилда 0,27 градус тезлик билан кўтарилаётгани аниқланди, ҳолбуки 40 йил олдин бу кўрсаткич 0,06 градусни ташкил этган. Олимлар буни иссиқхона газлари миқдорининг ортиши ва музларнинг тезроқ эриши билан боғламоқда.

Тадқиқот муаллифлари қазиб олинадиган ёқилғидан имкон қадар тезроқ воз кечишга ва карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтиришга чақирмоқда.

Мавзуга оид