Ҳуқуқбузарлик қилиши ёки ундан жабрланиши эҳтимоли бўлган 800 минг кишининг рўйхати тузилди – ИИВ
2024 йилда профилактика инспекторлари ва маҳалла вакиллари уйма-уй юриш орқали ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган 800 мингдан ортиқ шахснинг рўйхатини шакллантирди. Бу ҳақда хабар берган Ички ишлар вазирлиги фуқаролар қайси асосларга кўра бу рўйхатга киритилганига аниқлик киритмаган.

Фото: АОКА
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрдаги 801-сонли қарорига асосан, ижтимоий профилактика тадбирларини амалга оширишда «маҳалла еттилиги» вакилларига вазифалар белгиланган. 29 январ куни АОКАдаги брифингда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти матбуот котиби Музифа Султонова бу вазифанинг ижроси юзасидан маълумот берди.
«Натижада ўтган йил давомида профилактика инспекторлари ва маҳалла вакиллари томонидан уйма-уй юриш орқали, ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган жами 800 мингдан ортиқ шахслар рўйхати шакллантирилди, уларнинг 588 мингдан ортиғига хулосалар берилиб, маҳалла вакиллари томонидан 400 мингдан ортиқ фуқароларнинг муаммолари ижобий ҳал этилди», – дейилади ИИВ расмийсининг ахборотида.
Музифа Султонованинг баёнотида юз минглаб фуқаролар қайси асосларга кўра «ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган» тоифага киритилгани юзасидан изоҳ берилмаган.
Қўшимча қилинишича, 2025 йилда Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларининг криминоген вазияти оғир бўлган 419 та маҳалласини ўз ичига қамраб оладиган 84 та маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти йўлга қўйилади. Кейинчалик бу тизим бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этилади.
Мавзуга оид

11:53
Озодликдан маҳрум қилинган 20 минг киши, 4 баробарга ошган талон-торожлар – жиноятчилик статистикаси

22:17 / 05.03.2025
Путинга полиция ходимлари оммавий равишда хизматдан бўшатилаётгани тўғрисида маълумот берилди

12:10 / 05.03.2025
Бош прокуратура ва ИИВ бир-бирини тийиб туриши кераклиги айтилди

23:04 / 04.03.2025