Жаҳон | 22:17 / 05.03.2025
13036
2 дақиқада ўқилади

Путинга полиция ходимлари оммавий равишда хизматдан бўшатилаётгани тўғрисида маълумот берилди

Россия ИИВ тизимида кадрлар етишмовчилиги 172 минг кишини ташкил этмоқда. Путин кадрлар муаммоси ва полициячиларнинг пул таъминоти масаласини ҳал этишни буюрди.

Фото: kremlin.ru

Россияда таржибали полиция ходимларининг ярми 2024 йил давомида хизматдан кетди. Бу ҳақда ИИВ раҳбари Владимир Колоколцев президент Путин иштирокида ўтказилган идоранинг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилди.

Қайд этилишича, ўтган йили ўз ходимларига таътил бермаган бўлим бошлиқлари ҳам хизматдан бўшатилган. Вазирнинг сўзларига кўра, бу «коллективлар ичидаги кескинликнинг кучайишига олиб келган».

Колокоцевнинг таъкидлашича, ИИВ тизимида кадрлар етишмовчилиги 172 минг кишини ташкил этади. Вазир тақдимотида келтирилишича, жиноят қидирув тизимида аттестациядан ўтган кадрлар етишмовчилиги 23,9 фоизни, патрул-пост хизматида — 31,4 фоизни, гиёҳванд моддалар назорати бўлинмаларида — 24,7 фоизни, дастлабки тергов органларида эса 22,7 фоизни ташкил этмоқда.

Йиғилишда сўзга чиққан Владимир Путин ИИВ ходимларининг пул таъминотини ошириш масаласини ҳал этиш ва уни «рақобатбардош» даражага чиқаришни буюрди. Россия президенти ИИВ тизимида кадрлар муаммоси кучайиб бораётгани ва уни «барча йўналишларда» ҳал этиш кераклигини, жумладан, полициячиларни уй-жой билан таъминлаш лозимлигини таъкидлади.

Ўтган йилнинг ноябрида ИИВ расмий вакили Ирина Волк идорага 173,8 минг ходим етишмаётганини маълум қилганди. Ёз охирларида ички ишлар вазири ўринбосари Владимир Кубишко айрим туман бўлимларида 12 нафар тезкор ходим ўрнига тўрт киши, саккиз нафар терговчи ўрнига икки ходим ишлаётганини маълум қилганди.

ИИВ тизимидан ходимлар оммавий равишда бўшатилаётганига қарамай, Россия аҳоли жон бошига тўғри келадиган полициячилар сони бўйича дунёда етакчи. 2024 йилда ҳар 100 минг россияликка 643 нафар ИИВ ходими тўғри келган. Таққослаш учун: Хитой, Ҳиндистон ва АҚШда ушбу кўрсаткич мос равишда 120, 128 ва 256 нафарни ташкил этади. Европа Иттифоқида 2019 йилдан 2021 йилга қадар ҳар 100 минг аҳолига 335,3 нафар полициячи тўғри келган. Путиннинг фармонига мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги штати 2025 йилда 938 мингни ташкил этиши керак.

 

Мавзуга оид