Украина ҳукумати мудофаа вазири ўринбосарини лавозимдан бўшатди
Дмитрий Клименков мудофаа харидлари билан боғлиқ можаролар фонида лавозимдан олинди. Мамлакат мудофаа вазири Рустем Умеровга кўра, у армия учун харидлар ишини «уддалай олмаган».

Фото: AFP
Украина ҳукумати мамлакат мудофаа вазири ўринбосари Дмитрий Клименковни лавозимидан бўшатди. Бу ҳақда ҳукуматнинг Олий Рададаги вакили Тарас Мелничук маълум қилди.
Қайд этилишича, Клименковнинг лавозимдан олинганини Украина мудофаа вазири Рустем Умеров эълон қилган.
Вазир ўринбосарининг лавозимдан олиниши Мудофаа вазирлигининг Мудофаа харидлари агентлиги билан можароси фонида юз бермоқда. 24 январ куни Умеров уруш вақтида қурол хариди сиёсий ўйинлар, шартномаларнинг «сиздирилиши» ва ҳаракатсизлик пиари сабаб қийинлашганини маълум қилганди.
«Ҳарбий ҳолат ва Россия билан кенг кўламли уруш вақтида ёпиқ бўлиши керак бўлган қуроллар хариди нима учундир Amazonʼга айланиб кетди, интернетнинг ҳар бир фойдаланувчиси реал вақтда нима харид қилинаётгани, қанча ҳажмда ва қайси ишлаб чиқарувчилардан олинаётганини кўриши мумкин. Ҳеч бўлмаганда ОАВдаги пиар билан ўлчанган ушбу харидлар кўламини эса фронтдаги ҳимоячиларимиз барибир ҳис қилмади», — деган вазир.
Унинг қўшимча қилишича, шу муносабат билан ўринбосари Дмитрий Клименко лавозимдан олинган, Мудофаа харидлари агентлиги раҳбари Марина Безрукова билан шартнома эса узайтирилмайди. Умеровнинг сўзларига кўра, улар армия учун харидлар ишини «уддалай олмаган».
Ўз навбатида Мудофаа харидлари агентлиги Безрукова раҳбарлиги остида фаолиятини давом эттиришини маълум қилди, чунки Кузатув кенгаши бир овоздан у билан шартномани узайтиришга қарор қилган ва фақат у амалдаги шартномани узайтириш ёки бузиши мумкин.
«РБК Украина»нинг эслатишича, Украина Мудофаа вазирлиги бюджет маблағларидан самарасиз фойдаланишда гумонлангани ва УҚК учун зарур қуролларнинг етказиб берилиши кечиктирилгани сабаб можаролар домида қолган. Хусусан, таъкидланишича, Мудофаа харидлари агентлиги 1941 йилда ишлаб чиқарилган танкка қарши миналарнинг ҳар бир донасини қарийб 600 евродан сотиб олган.
Мавзуга оид

23:00 / 10.03.2025
ФХХ украиналикларнинг Россия киришини 50 йилгача тақиқлашни бошлади

22:00 / 10.03.2025
Украина дунёдаги энг йирик қурол импортчисига айланди

20:32 / 10.03.2025
Трамп Зеленский истеъфога чиқмагунча Украинага ёрдам кўрсатишни тикламайди – ОАВ

16:59 / 10.03.2025