Жаҳон | 12:47 / 27.01.2025
3271
2 дақиқада ўқилади

Хитойда полициячи ит хизмат вақтида ухлагани сабаб мукофотдан маҳрум қилинди

Фузай лақабли ит портловчи моддаларни аниқлаш бўйича мутахассис сифатида ишлайди. У ижтимоий тармоқларда ҳам машҳур.

Фото: AFP

Хитой полициясида ишлайдиган биринчи корга зотли ит йил якунида бериладиган мукофотлардан маҳрум этилди. Бунга сабаб — ит хизмат пайтида ухлаб қолган ва овқат идишига ҳожат чиқарган, деб ёзмоқда South China Morning Post.

Фузай лақабли ит 2023 йил 28 августда туғилган. 2024 йил январ ойидан у Хитой шимолидаги Вейфан шаҳар округи полициясининг портловчи моддаларни аниқлаш бўйича захира мутахассиси сифатида хизматни бошлаган, деб хабар бермоқда нашр. Октябр ойига келиб эса Фузай захира таркибидан асосий таркибга ўтказилган.

Ўша йилнинг март ойида корганинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунти оммалаша бошлади, ҳозирда унинг қарийб 400 минг обуначиси бор.

2025 йил январ ойида эълон қилинган видеолардан бирида полиция ходими Фузайни хизматлари учун мақтаб, совғалар, жумладан, егулик ва ўйинчоқлар ҳадя қилади. Аммо кейин полициячи ишдаги хатолар учун уларнинг бир қисмини олиб кетишга қарор қилади.

Нашр хабар беришича, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Фузайнинг тарафини олишгандан сўнг, полиция ходимлари янги видео тарқатди. Унда коргага Янги йил муносабати билан егуликлар солинган совға беришаётгани кўрсатилган.

Аввалроқ Ҳиндистондаги ҳарбий парадда робот итлар иштирок этгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид