Жаҳон | 14:27 / 25.01.2025
8976
8 дақиқада ўқилади

“Акулалар денгиз санитари” – йиртқич жонзотлар билан дўст тутинган ва уларни қутқараётган аёл ҳақида ҳикоя

1996 йилда сув остига шўнғиш билан шуғулланувчи аёл балиқларга озуқа бериш учун сув юзасига егуликлар ташлайди. Шунда унинг олдига акула келади ва ёрдам сўрагандай бўлиб овоз чиқаради. Унинг оғзида қармоқ илгаги бор эди. Аёл дарҳол сувга тушади ва акула оғзидан илгакни чиқариб олади. Ўшандан буён аёл акулалар билан дўст тутинган ва уларга ёрдам бериб келади.

Бугун том маънода инсон табиатни ғорат қилмоқда. Ҳавога чиқарилаётган заҳарли тутунлар, пластик балоси, ўрмонларнинг аёвсиз кесилиши – булар инсоният учун улкан кулфатлар келтирмоқда.

Иқлим кескин ўзгармоқда ва бу баланд тоғлардаги, Арктика ҳамда Антарктикадаги музликларнинг шиддат билан эришига сабаб бўляпти. Заҳарли газлар ҳавони ифлослаб, турли касалликлар кўпаймоқда.

Қисқаси, инсоният табиатга зарар етказиш асносида ўзининг оёғига ҳам болта урмоқда ва кўпроқ ўзига зарар етказмоқда.

Келажакда вазият қандай бўлишини ўйлашга ҳам қўрқади киши. Бироқ ана шундай вазиятда табиатни, ундаги ҳайвонот ва наботот оламини асраб қолиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилаётган инсонлар ҳам бор.

Италиялик Кристина Зенато ана шундай жонкуяр инсонлардан бири ҳисобланади. У қарийб 20 йилдан буён сув остидаги энг йиртқич жонзот – акулаларни қутқариш билан шуғулланади.

Бу аёл акулаларни қандай қутқаради дейсизми? Овчилар балиқ овлаш учун ишлатадиган турли ўлчамли қамоқ илгаги акулаларнинг оғзига суқилиб қолади. Оқибатда жароҳатланган йиртқич кўп ўтмай нобуд бўлади.

Кристина сув остига шўнғиб уларнинг оғзидаги илгакни олиб ташлайди. Қизиғи, у бу ишни қўлига ҳеч қандай махсус қўлқоп киймасдан амалга оширади. Чунки ўзаро ишонч туфайли акулалар унга ҳужум қилишмайди.

Сув остига шўнғишни танлаган Кристина

1971 йилда Италияда туғилган Кристина Зенатонинг отаси ҳарбий эди. Қизи туғилгандан сўнг у Африкадаги Конго давлатига хизматга юборилади.

Ўшанда у Африкага оиласини ҳам олиб кетади ва Кристина Конгода 15 йил яшайди. Қиз ўша ерда мактабда таҳсил олади ва ўқишни Италияда тугатади.

1993 йилда Кристина дам олиш учун Багам оролларига борганда сув остига шўнғишга қизиқиб қолади. Сўнг шу ерда яшаб қолади.

Орадан икки йил ўтгач у инструктордан сув остига шўнғиш ва акулалар билан мулоқот қилишни ўргана бошлайди. 1995 йилда Кристина Багам оролларидаги сув остига саёҳатни ташкиллаштирувчи фирмада ишлай бошлайди. Кейинчалик унинг ўзи сув остига шўнғувчиларга мураббийлик қилади.

Шунингдек, Кристина сувости ғорларига саёҳат қилувчиларга йўлбошчилик қилади. 2011 йилда у Багам оролларидаги сув остига шўнғувчиларнинг шон-шараф залига киритилади.

Кристинанинг ҳаётини ўзгартирган ҳодиса

1996 йилда содир бўлган бир ҳодиса Кристина Зенатони жуда ҳайратлантиради ва ҳаётини ўзгартириб юборади. Ўшанда у Багам оролларининг энг шимолида жойлашган Катта Багам ороли атрофида сув остига шўнғимоқчи бўлиб турганида ёнига йиртқич акула келади.

Акуланинг оғзида балиқчилар ишлатадиган йирик қармоқнинг илгаги санчилиб турарди. У Кристинага нажот кўзи билан боқар ва гўёки ёрдам сўрарди.

Кристина ҳеч нарсани ўйламасдан сувга тушади ва акула оғзига санчилиб қолган илгакни чиқариб олади. Бу пайтда йиртқич индамай туради ва илгакдан озод бўлгач сув остига тушиб кетади.

Орадан бир неча кун ўтгач Кристина сув остига шўнғийди ва акулалар галасига дуч келади. Улар орасида ўзи илгакдан халос қилган акула ҳам бор эди.

Акулалар Кристинанинг атрофидан айлана бошлайди. Вазият анча қалтис бўлиб, бундай пайтда йиртқичлар бирданига ҳужумга ўтиши ва қизни ғажиб ташлаши ҳам мумкин эди.

Шунда Кристина қутқарган акула қандайдир овоз чиқаради ва акулалар унинг атрофида айланишни тўхтатишади. Кристинанинг тахминича ўшанда акула бошқа акулаларга олдиларида турган қизни “дўст” деб тушунтирган.

Эртаси куни қиз сув остига тушганда ўзи қутқарган акула унинг олдига бошқа бир акулани эргаштириб келади. Унинг оғзига ҳам қармоқ илгаги суқилиб қолганди.

Кристина иккинчи акулани ҳам илгакдан халос қилади. Шундан сўнг у акулалар тўдаси билан дўстлашиб қолади. Сув остига тушганда улар билан бирга сузади.

Ўша ҳодисага қарийб 20 йил бўлди. Ўтган йиллар давомида Кристина жуда кўп марта акулаларнинг оғзига санчилиб қолган илгакларни олиб ташлайди. Уларни ҳалок бўлишдан қутқаради.

Акулаларга ёрдам керак бўлиб қолганда Кристина сувда бўлмаса, улар овоз чиқариб аёлни чақиришади. У ўша овоздан акулаларга ёрдам кераклигини дарҳол тушунади.

Аёл сўнгги 20 йилда у турли акулалар оғзидан 300 дан ортиқ қамоқ илгагини олиб ташлаган ва бу иши билан дунёга машҳур бўлган. Ёввойи табиат ҳимоячилари Кристинани “Акулалар онаси” деб аташади.

Кристина акулаларнинг олдига бориш чоғида, улар билан бирга сузаётганида ёки ёрдам бераётганида умуман қўрқувни ҳис қилмаслигини айтади.

Акулалар океан экотизими учун муҳим жонзот

Акулалар кўпинча одамларда қўрқув уйғотадиган қонхўр йиртқичлар сифатида тасвирланади. Кристина бу стереотипларни йўқотиш учун тинимсиз ишлайди.

Унинг таъкидлашича, одамларнинг қўрқуви акулаларни йиртқичлар сифатида нотўғри тушунишларидан келиб чиқади. Акулалар ҳақидаги билимлар ва раҳм-шафқатни тарғиб қилиш орқали у бу тушунчаларни ўзгартиришга умид қилади.

Кристина одамларга акулалар ҳақида гапириб бериш учун оммавий тадбирларда чиқиш қилади. Ҳужжатли филмлар суратга олади. Ижтимоий тармоқлар орқали маълумот беради. Акулалар билан мулоқот қилиш учун ўз тажрибаси билан ўртоқлашади.

Унинг ҳикоялари ва видеолари океанларни соф сақлаш учун жуда муҳим. Улар бошқаларни сув дунёсини ҳимоя қилиш учун курашга қўшилишга ундайди.

Кристина ўз маърузаларида акулаларнинг экологик аҳамиятини кўп таъкидлайди. Унинг айтишича, акулаларни ҳимоя қилиш Ердаги ҳаёт учун муҳим бўлган денгиз экотизимларининг барқарорлигини таъминлайди.

Жумладан, акулалар йиртқичлар сифатида маълум турларнинг ҳаддан ташқари кўпайишининг олдини олиш орқали озиқ-овқат занжирида мувозанатни сақлайди. Кристина акулаларни сув дунёсининг санитарлари деб билади.

Табиат ҳимоячиси ва ёшлар учун ўрнак

Кристина Зането жуда фаол табиат ҳимоячиси ҳисобланади. У сув дунёсидаги турли жонзотларнинг аёвсиз овланаётганини айтиб, бунга қарши курашиш кераклигини таъкидлайди.

Жумладан, у денгизлар ва океанларда балиқ овлаш қоидаларини кучайтириш ва бу қоидаларга амал қилмайдиганларга кескин чоралар кўриш тарафдори ҳисобланади.

Кристинанинг фидойилиги бутун дунё бўйлаб ғаввослар, олимлар ва ҳайвонларни севувчиларни илҳомлантиради. У ўз иштиёқи ва билими билан ўртоқлашар экан, бошқаларни табиатни муҳофаза қилувчи бўлишга ундайди.

Кристина Зенатонинг жасорати ва меҳр-шафқати нафақат акулалар ҳаётини сақлаб қолмоқда, балки одамларнинг бу мавжудотлар ҳақидаги фикрини ҳам ўзгартирмоқда.

Кристинанинг акулалар билан ўзига хос муносабати тарихи шуни кўрсатадики, бу жонзотлар меҳрибонликни тан олади ва унга меҳр билан жавоб бера олади.

Шу сабабли ҳам кўп акулалар Кристина сув остига шўнғиганда уни илиқ кутиб олишади, ҳатто унинг эътиборини тортишга уринишади. Бу ўзаро ишонч Кристинанинг гапларини тасдиқлайди: акулалар ақлсиз қотиллар эмас, балки ришталар яратишга қодир мураккаб мавжудотлардир.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид