Ирландияга янги бош вазир сайланди
Михол Мартин Ирландия бош вазири лавозимига сайланди. У ҳукуматни уч йил давомида бошқаради, кейин эса икки йил бош вазир ўринбосари сифатида фаолият юритади.

Фото: Getty Images
Ирландия парламенти 23 январ куни Михол Мартинни мамлакат бош вазири этиб сайлашга овоз берди, деб ёзади Associated Press.
Қайд этилишича, парламентарийларнинг 95 нафари Мартинга овоз берган, 76 нафари эса унга қарши чиққан.
«Мен учун эркин, демократик ҳамда ранг-баранг республика ҳукуматининг раҳбари этиб тайинланиш катта шараф», — дейди Мартин. У энди Ирландия Вазирлар маҳкамасини шакллантириши керак бўлади.
Таъкидланишича, тез орада Ирландия президенти Майкл Хиггинс Мартинни мамлакат бош вазири этиб расман тайинлайдиган маросим бўлиб ўтади.
Ирландия бош вазирини сайлаш жараёнлари 22 январда бўлиб ўтиши керак эди, аммо у мазкур сайлов бўйича парламентда юзага келган тартибсизликлар туфайли қолдирилганди.
Ўтган йилнинг ноябрида Ирландияда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра, Мартиннинг Fianna Fail партияси парламентда кўпчилик ўринга эга бўлди, аммо бу бир партияли ҳукуматни шакллантиришга етмади. Бир неча ҳафталик музокаралардан сўнг Fianna Fail ва Fine Gael партиялари коалиция тузишга келишиб олди.
Келишувга кўра, Мартин уч йил давомида бош вазир лавозимида ўтиради, ҳозирда ҳукумат раҳбарлигидан кетаётган Саймон Харрис эса унга ўринбосар бўлади. Шундан сўнг, улар ўз лавозимларини алмашади ва қолган икки давомида ҳукуматни Харрис бошқаради.
Михол Мартин 2020-2022 йиллар давомида ҳам Ирландия бош вазири лавозимида фаолият юритган.
Мавзуга оид

11:08 / 06.03.2025
Ирландия Киевга махсус топшириқли кучларни юбориши мумкин

19:19 / 24.02.2025
Британлар Ирландия фуқаролигини олиш учун рекорд даражада ариза берди

19:00 / 25.01.2025
Британия ва Ирландияда тўфон туфайли мингдан ортиқ рейслар бекор қилинди

20:42 / 17.12.2024