«Сити» 6 та гол урди, «Реал» биринчи ўринга қайтди. Кун ўйинлари
Онана яна томоша кўрсатди, Гвардиола жамоаси яна кучли тўртликда. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «МЮ» ўз тарихидаги энг ёмон жамоа
«Манчестер Юнайтед» — «Брайтон» 1:3
Голлар: Фернандеш (23, пеналти) — Минте (5), Митома (60), Рюттер (76).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Йоро, Магуайр, де Лигт, Фернандеш, Диалло, Далот, Майну (Гарначо, 64), Угарте (Коллиер, 64), Мазравий (Антони, 84), Зиркзе (Ҳойлунд, 84).
«Брайтон» – Вербрюгген, Эступинян (Лэмпти, 84), Данк, ван Ҳекке, Велтман, Митома, Айяри, Балеба (Гомес, 90+5), Минте (Марч, 69), Уэлбек (Рюттер, 69), Жоао Педро (Энсисо, 90+5).
Огоҳлантиришлар: Балеба (21), Минте (43), Угарте (61), Магуайр (90+5), Марч (90+8), Йоро (90+8).
«Манчестер Юнайтед» сўнгги вақтларда Европа топ-клублари орасидаги энг ёмон натижаларни қайд этмоқда. Навбатдаги мағлубият – бу сафар «Брайтон»дан қабул қилиб олинди, ҳолбуки ушбу жамоа ҳам инқироз ҳолатида эди (сўнгги тўққиз турда фақат бир ўйинда – «Ипсвич» устидан ғалаба қозонган).
Аморим шогирдлари ўйинни ўта суст бошлашди. Бешинчи дақиқада Балеба майдоннинг ўз жамоаси дарвозаси томонидан туриб ҳеч қандай прессингга учрамасдан бир узатма билан «МЮ»нинг биратўла 10 нафар футболчисини вазиятдан узиб қўйди. Асосий таркибга қайтган Магуайр орқароқда қолиб кетиб, офсайд чизиғини бузиб қўйди.
Бундай узатмадан кейин Митома осонлик билан жарима майдонига кириб борди ва тўпни янада қулайроқ вазиятда турган Минтега ташлаб берди, у эса амалда бўш дарвозани ишғол этди. Шундан кейингина «МЮ» уйғонди ва ҳужумкорликни оширди. Ўйиндаги кейинги тўрт зарба мезбонлар томонидан берилди. Фернандеш яхши вазиятдан фойдалана олмади, унинг жарима майдони чизиғидан йўллаган зарбаси ўхшамади.
Аммо кўп ўтмай Бруну пеналтини бенуқсон амалга оширди – дарвозабон бошқа томонга сакради, тўп бошқа томонга йўл олди. «МЮ» учун 11 метрлик жарима зарбасини Зиркзее ишлаганди, жарима майдони ичида Балеба унинг бўйнидан ушлаб қолди. Бир томондан фол у қадар қўпол эмас, аммо футболчи тўпга ҳам ўйнамаганди.
Танаффус арафасида «Брайтон» ўйинни тенглаштирди ва бўлим якунларига кўра тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи бўйича олдинга чиқиб олди. Бу ҳолат иккинчи бўлим бошида ҳам давом этди. 53-дақиқада Жоао Педро мезбонлар дарвозасини ишғол қилди, аммо VAR вазиятга аралашиб, ҳужум вақтида ван Ҳекке Далотнинг оёғига тепгани аниқланди. Бош ҳакам мониторга борди ва португалиялик ҳимоячига қўполлик содир этилганини қай этиб, голни бекор қилди.
Етти дақиқа ўтиб эса Минте Митомадан қарзини узиб, уни голли пас билан таъминлади. «Брайтон» бир неча сония ичида тўпни ўз дарвозаси яқинидан рақиб дарвозасигача олиб борди ва япониялик футболчи олис устун олдида Мазравийдан илдамроқ ҳаракат қилиб, ғалаба голини урди.
«МЮ» футболчилари ҳисобни тенглаштириш учун олдинга ташланди, аммо чинакам хавфли вазиятлар юзага келмади. «Брайтон» эса учинчи голини ҳам ўз дарвозаси олдидан бошланган ҳужумда урди. Ўтган турда кўп вазиятларда қутқарган Онана бу мавсумда яна бир бор қўпол хатога йўл қўйди – ҳеч ким халал бермаётган жойда тўпни қўлидан чиқиб юборди. Рюттер эса совғадан фойдаланиб, тўпни бўш дарвозага киритди ва шу билан ўйин масаласи ҳал бўлди.
«МЮ» ўйиндан бирорта дарвоза соҳасига борган зарба йўллай олмади. Ягона тўғри зарба – пеналтидан. Жамоа бу мавсумда «Олд Траффорд»даги ўйинларда олтинчи мағлубиятини қабул қилиб олди. Мавсумнинг 12 та уй учрашувидан кейин бу қадар ёмон кўрсаткич олис 1893/94 йиллар мавсумида (7 мағлубият) қайд этилганди.
«Брайтон» тўққизинчи ўринга кўтарилди, «Юнайтед» 13-ўринда қолди. «МЮ» бу мавсумни қандай қутқариши мумкинлигини тасаввур қилиш ҳам қийин.
Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Рубен Аморим ўта кескин гапирди: «Биз «Манчестер Юнайтед» тарихидаги энг ёмон жамоамиз. Буни тан олиб, вазиятни ўзгартиришимиз керак».
«Ноттингҳэм Форест» — «Саутҳэмптон» 3:2
Голлар: Андерсон (11), Ҳадсон-Одои (28), Вуд (41) — Беднарек (60), Онуачу (90+1).
«Ноттингҳэм Форест» – Зелс, Уилямс, Мурилло, Миленкович, Айна, Андерсон, Домингес (Йейтс, 83), Ҳадсон-Одои (Силва, 38), Гиббс-Уайт (Соса, 83), Эланга (Морато, 74), Вуд (Авонийи, 83).
«Саутҳэмптон» – Рэмсдейл, Ҳарвуд-Беллис, Беднарек, Бри (Смоллбоун, 86), Фернандеш, Уокер-Питерс, Арибо, Даунс (Угочукву, 46), Сугавара (Мэннинг, 58), Армстронг (Онуачу, 58), Арчер (Сулемана, 58).
Огоҳлантиришлар: Даунс (33), Уокер-Питерс (57), Арибо (90+5), Угочукву (90+11).
«Ноттингҳем» аутсайдерлардан бирига қарши ўйинда қийинчиликка учрамади ва очколар сони бўйича «Арсенал» билан тенглашиб олди. Нуну Эшпириту Санту жамоаси доимо ўйиннинг боришини назорат қилишга интилади, бунинг учун эса биринчи бўлиб ҳисобни очиш керак бўлади. Бу борада «ўрмончилар» ажойиб статистикага эга, жамоа 22 турдан 18 ўйинда биринчи бўлиб гол уришган. «Ноттингҳем» сўнгги тўққиз турда саккиз ғалабага эришди, «Ливерпул» билан дуранг ҳам ғалабага тенг. Бундай кучли оралиқ жамоага кучли учликда қолишни таъминламоқда.
«Ипсвич» — «Манчестер Сити» 0:6
Голлар: Фоден (27, 42), Ковачич (30), Доку (49), Ҳоланд (57), Макэйти (69).
«Ипсвич» – Уолтон, Дэвис, Жонсон, Бержесс, ОШи, Годфри (Туанзебе, 64), Морси, Каюсте (Луонго, 64), Кларк (Филожин-Байдейс, 64), Ҳатчинсон (Тэйлор, 73), Делап (Ҳерст, 73).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Гвардиол, Рубен Диаш, Аканжи (ОРайли, 72), Нунеш, Ковачич (Люис, 72), Гундўған, Доку, де Брюйне (Макэйти, 63), Фоден (Грилиш, 63), Ҳоланд (Мубама, 63).
Огоҳлантириш: Нунеш (79).
Табиийки, шу кунларда «Манчестер Сити» билан узоқ муддатли шартнома имзолаган Ҳоланддан Ипсвичда голлар қалаштиришини кутишганди.
Аммо норвегиялик футболчи яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади, биринчи бўлим қаҳрамони эса Фоден бўлди. Фил шу куни ассистентлик бўйича ҳет-трик қайд этган Де Брюйненинг ёрдамида икки гол урди, шунингдек Ковачичнинг голига ҳаммуаллифлик қилди.
Ҳоланд эса иккинчи бўлимда яна дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва бу сафар хатога йўл қўймади. Эрлинг учун бу чемпионатдаги 17-гол, у фақат Салоҳдан битта голга ортда қолмоқда.
Бешинчи голдан кейин Гвардиола ҳужум чизиғи етакчилари Ҳоланд, Де Брюйне ва Фоденни майдондан олди. Аммо ўйин табиати ўзгармади, Ковачич белгиялик жамоадоши услубида тўпни ошириб берди, 22 ёшли Жеймс Макэйти эса тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлади.
Шу тариқа, Пеп бошқарувида «Сити» АПЛда 13-бор бир ўйинда 6 гол урди. Энди у бу борада Арсен Венгерга етиб олди ва Алекс Фергюсоннинг рекордига бир қадам қолди.
Инқироздан чиқиб олган «Сити» турнир жадвалида ҳам кўтарилмоқда. Амалдаги чемпионлар энди тўртинчи ўринда, аммо тур доирасидаги ўйинини душанба куни ўтказадиган «Челси» бу ўринни яна қайтариб олиши мумкин.
«Сити»ни чемпионлик пойгасига қайтди дейиш қийин, захирасида бир ўйини бор «Ливерпул»гача 12 очко бор. Қолаверса, Гвардиола жамоасини олдинда ўта қийин тақвим кутмоқда:
«ПСЖ» билан сафарда (Чемпионлар лигаси);
«Челси» билан уйда (АПЛ);
«Брюгге» билан уйда (Чемпионлар лигаси);
«Арсенал» билан сафарда (АПЛ);
«Лейтон Ориент» билан сафарда (Англия Кубоги);
«Нюкасл» билан уйда (АПЛ);
«Ливерпул» билан уйда (АПЛ);
«Тоттенҳэм» билан сафарда (АПЛ);
«Ноттингҳем Форест» билан сафарда (АПЛ).
Испания: Алабанинг қайтиши ва Анчелоттининг юбилейи
«Реал» — «Лас-Палмас» 4:1
Голлар: Мбаппе (18 пеналти, 36), Диас (33), Родриго (57) — Силва (1).
«Реал» – Куртуа, Фран Гарсия, Рюдигер (Алаба, 76), Асенсио, Васкес (Агуадо, 87), Валверде, Себальос (Андрес, 83), Беллингҳэм, Диас (Гулер, 76), Родриго (Эндрик, 84), Мбаппе.
«Лас-Палмас» – Силлессен, Муньос (Луаодис, 58), Маккенна, Эрцог (Бенито Рамирес, 46), Суарес, Молейро (Фустер, 58), Родригес, Мармол, Хави Муньос, Сандро Рамирес (Кардона, 80), Фабиу Силва (Макберни, 69).
Огоҳлантириш: Сандро Рамирес (45+3).
Четлатиш: Бенито Рамирес (64).
«Атлетико» ютқазди, «Барселона» дуранг ўйнади — шанба кунги натижалар «Реал» учун ҳақиқий совға бўлди. Ва мадридликлар бўшашиб, «Лас-Палмас»га 27-сониядаёқ ҳисобни очишга имкон беришди. Лукас Васкес мудофаадаги навбатдаги позицион хатога йўл қўйди, у Сандро Рамиреснинг узатмасига очилган Фабиу Силвани ўтказиб юборди. Кейин эса мезбонлар тезда жавоб қайтариш имкониятидан фойдалана олишмади, Браим Диас Родригонинг узатмасидан кейин бўш бурчакка аниқ зарба йўллай олмади. Лекин бу хато зарба муқаррар голни шунчаки кечиктирди, Рамирес ўз жарима майдони ичида Родригога қўполлик ишлатганидан кейин Мбаппе пеналтини аниқ ижро этиб, мувозанатни тиклади.
Кейин маълум бўлдики, «Лас-Палмас» тезкор голи билан мезбонларнинг жаҳлини чиқариб юборган ва танаффусгача ҳисоб ишончли кўринишга келди. Васкес айбини ювди ва Диасни голли пас билан таъминлади. Мбаппе эса Родригонинг узатмасидан кейин тўпга бир тегинишда учинчи голни урди. Мбаппенинг яна бир голи VAR орқали бекор қилинди.
Лекин иккинчи бўлимда видеотакрор ёрдамида қаймоқранглилар сон жиҳатдан бир киши кўп бўлиб қолди, Бенито Рамирес бутсасининг остки қисми билан Васкесга зарба берганди.
Бу вақтга келиб ўйиннинг энг фаол футболчиси бўлган Родриго ўз голини уриб бўлганди.
Бундай вазиятда 4:1 — ҳали ҳаммаси эмасди. Беллингҳем ҳам стандарт вазиятдан кейин дарвозани ишғол этди. Аммо бу гол Рюдигер офсайдда қолгани туфайли бекор қилинди. Ўйин охиридаги асосий воқеа эса — Алаба олқишлар остида майдонга тушиши бўлди. Хоч боғламларини жароҳатлаб олган австриялик ҳимоячи 2023 йил 17 декабрдан буён ўйнамаётганди. Мадридликлар ўйин охирида яна бир гол уришди, Валверде узоқ масофадан идеал зарба берди, аммо Васкес офсайддалиги туфайли ҳисоб ўзгармай қолди. Шу куни «ўйиндан ташқари» ҳолат Анчелотти жамоасини уч голдан маҳрум қилди, аммо бу шу унга ла лигадаги 150-ғалабасини нишонлаш учун тўсқинлик қилолмади.
Амалдаги чемпионлар энди турнир жадвалида пешқадамга айланиб олди ва бор эътиборини ЕЧЛга қаратиши мумкин. «Атлетико» икки очко орқада, «Барселона» — билан фарқ эса еттитага етган.
Италия: «Интер» «Наполи»ни ўзидан қочириб юбормаяпти
«Верона» — «Лацио» 0:3
Голлар: Жиго (2), Диа (41), Заккани (58).
«Верона» – Монтипо, Гиларди, Коппола, Давидович (Ливраменто, 46), Суслов (Кастанос, 65), Брадарич, Дуда, Сердар, Чатчуа (Фараони, 73), Сарр (Белаэн, 73), Тенгстедт (Лазович, 65).
«Лацио» – Проведел, Тавареш (Пеллегрини, 73), Хила, Жиго (Романиоли, 66), Ҳюсай, Ровелла (Кастровилли, 84), Гендузи, Дзаккани (Деле-Баширу, 66), Диа, Исаксен (Педро, 66), Кастелянос.
Огоҳлантиришлпр: Жиго (14), Давидович (26), Коппола (48), Брадарич (49), Тавареш (72), Гиларди (77), Дуда (78).
Четлатиш: Дуда (89).
«Ювентус» тўртинчи ўринни ўзида кўп вақт сақлаб қола олмади, якшанба куни «Лацио» ЕЧЛ ҳудудига қайтди. «Бургутлар» олдинги уч турда муваффақиятсиз иштирок этиб (=2-1), пешқадамлар билан орасини узоқлаштириб юборганди, аммо Веронада римликлар осонлик билан ғалабага эришди. Жиго Дзакканининг бурчакдан узатмасини голга айлантириб ҳисобни очди. Диа эса рақиб ҳимоячилари учун ҳақиқий даҳшатга айланди. У ўз рейди билан ҳимоячиларни машғулот манекенларига айлантирди. Иккинчи бўлимда эса Диа «Верона» футболчисининг дарвозабонга узатмасига эга чиқиб, Дзакканини голли пас билан таъминлади. Ўтган мавсумда «Верона»да ишлаган Марко Барони собиқ жамоасига раҳм қилиб ўтирмади.
«Интер» — «Эмполи» 3:1
Голлар: Мартинес (55), Думфрис (79), Тюрам (89) — Эспозито (84).
Интер – Зоммер, Карлос Аугусто, де Врей, Павар (Дармиан, 85), Димарко (Бастони, 77), Зелински (Мхитарян, 69), Аслани, Барелла, Думфрис, Торимий (Тюрам, 69), Мартинес (Арнаутович, 78).
«Эмполи» – Васкес, Пеццелла (Самбия, 83), Гяси, Вити, Исмайли, Де Шилио (Гогличидзе, 66), Какаче (Журковски, 83), Грасси (Ҳендерсон, 73), Мале, Фаццини (Эспозито, 66), Коломбо.
Ҳафта ўртасида «Интер» «Болоня»га қарши қолдирилган ўйинда очко йўқотиб, соядаги пешқадам мақомидан айрилганди. Бу сафар амалдаги чемпионда хато қилиш ҳуқуқи йўқ эди. Шу билан бирга, Симоне Индзаги ЕЧЛда навбатдаги тур ўйинини ҳам ёддан чиқармади ва таркибда ротация қилди. Ўйин нерадзуррилар учун осон кечмади, аммо якунда Лаутаро Мартинес узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан ҳисобни очди. Бу аргентиналик ҳужумчининг миланликлар сафидаги 111-голи бўлди ва у легионер тўпурарлар орасида ватандоши Икардига тенглашиб олди. Ундан юқорида фақат ўтган аср ўрталарида 133 гол урган венгриялик Иштван Нерш бор.
Бу ўйин масаласини эса амалда Думфрис корнердан кейин бошда урган голи билан ҳал қилди. Бу ўз вақтида урилган гол бўлиб чиқди, чунки кўп ўтмай «Эмполи»га ижарага берилган Себастян Эспозито собиқ клубини ранжитди. Кўп ўтмай мезбонлар сафидаги жокерлар — Арнаутович ва Тюрам учинчи голни уюштириб, мухлисларни асабий якундан қутқариб қолди. «Интер» ҳамон «Наполи»дан уч очкога ортда қолмоқда, аммо инқироз ҳолатидаги «Фиорентина» билан захира ўйини бор.
Франция: уй ўйинлари комплекси
«Марсел» – «Страсбур» 1:1
Голлар: 0:1 – 23 Эмега, 1:1 – 68, пеналти Гринвуд.
«Марсел» – Рули, Брассе, Балерди, Корнелиус (Лирола, 46), Рабио, Гринвуд, Гарсия (Мерлен, 61), Ҳейберг, Надир (Роу, 61), Луис Энрике, Мопе (Вас, 46).
«Страсбур» – Петрович, Дукуре, Сарр, Уаттара, Дуэ, Сантос, Нанаси (Сеная, 76), Лемарешал, Диарра, Баква (Себас, 76), Эмега.
Огоҳлантиришлар: Эмега (26), Дуэ (28), Лемарешал (42), Лирола (71), Вас (90+3), Брассе (90+5).
Францияда ЕЧЛ йўлланмаси учун даъвогарлар кўп қоқилмоқда. «Монако» қаторасига етти ўйинда ғалаба қозона олмади ва кучли учликни тарк этди ва ўрнини «Лилл»га бўшатиб берди. Бу жамоа тўғридан тўғри рақобатчиси «Ницца»ни мағлуб этди (2:1). «Марсел»да таъқибчилардан узоқлашиш ва иккинчи поғонани мустаҳкамлаш учун идеал вазият юзага келганди. Аммо якшанба кунги ўйиннинг биринчи бўлими провансаллар сценарийси бўйича кечмади. Улар тўпга ва ҳудудларга эгалик қилишди, аммо ҳимояда хатога йўл қўйиб, Эмега «Страсбур»нинг 45 дақиқа давомидаги ягона зарбасини голга айлантирди.
Иккинчи бўлимда элзасликлар дарвозаси қаршисида ҳам хавфли вазиятлар юзага кела бошлади. Меҳмонларни гоҳ дарвозабон қутқарди, гоҳ дарвоза устуни ёки тўсини ёрдамга келди, гоҳ «Марсел» футболчиларига аниқлик етишмади. Фақат шу куни чемпионатда дебют қилган 17 ёшли Васнинг жонкуярлиги билан мезбонлар пеналти тепиш ҳуқуқига эга бўлишди ва Гринвуд зарба беришда адашмади. Кейин мезбонлар яна ҳимояда хатога йўл қўйишди ва фақат рақибнинг ноаниқ зарбаси мағлубиятдан қутқариб қолди. Роберто Де Дзерби жамоасининг ёқимсиз анъанаси давом этади, жамоа сафар ўйинларида қанчалик яхши ўйнаётган бўлса, «Велодром»да шунчалик қийналмоқда. Жамоа ўз уйидаги тўққиз ўйиндан фақат учтасда ғалаба қозонган (+3=4-2).
Мавзуга оид

13:53 / 10.03.2025
«Реал» «Барса»га етиб олди, «Рома»да ғалабали серия. Кун ўйинлари

10:50 / 09.03.2025
«Сити» муҳим ўйинда ютқазди, «Барселона»да фожиа. Кун ўйинлари

21:50 / 06.03.2025
Абдуқодир Ҳусанов – «Манчестер Сити»нинг феврал ойидаги энг яхши ўйинчиси деб эълон қилинди

03:05 / 06.03.2025