Пизишкиён сафари, Салимбой хавфи ва қўлбола алкогол трагедияси – Марказий Осиё ҳафта ичида
Якунига етаётган ҳафтада Яқин Шарқнинг асосий давлатларидан бири – Эрон президенти Тожикистонга келди. Қирғизистон МХҚ раиси эса Салимбой давлатчиликка хавф солганини гапирди. Истанбулда эса қўлбола алкоголдан заҳарланган марказий осиёликлар жон бермоқда, жиноят устида туркманлар қўлга олинган.
Қозоғистон қишлоқлари алкоголдан воз кечмоқда, Қирғизистон авбуслари нақд пулдан воз кечди.
Марказий Осиё ҳақидаги баъзи хабарлар жамланмасини ҳафталик дастурда томоша қилинг.
Салимбой Қирғизистон давлатчилигига ҳам хавф солган
Бу ҳақида Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси гапириб берди. Қамчибек Ташиев “Қирғиз Коляси” лақабли криминал авторитет Қамчи Қўлбоев қўлга олинаётганда давлат манфаатлари учун ўлдирилганини айтаркан, Салим Абдувалиев, яъни “Салимбойвачча”ни ҳам тилга олди. У Қирғизистон жанубини тўлиқ назорат қилганини айтди. Ташиевга кўра, Қирғизистонда уюшган жиноятчилик даражаси шунчалик юқори бўлганки, жиноят олами вакиллари “бутун мамлакат бўйлаб ҳокимиятни эгаллаб, давлатникига ўхшаш бошқарув тизимини яратиб олган. Хавфсизлик қўмитаси раисига кўра, уларнинг ўзи ўғри, лекин ўзидан назоратчи ясаб олган. Туман ва шаҳарларда юриб, тадбиркорлардан зўрлик ишлатиб, пул ундиришган. Ҳозир эса улардан асар ҳам қолмади.
Бироқ Ташиев Қирғизистонда таъсир доирага эга бўлган бошқа мамлакатларнинг жиноий олам етакчилари ҳам бўлганини айтди. Ўзбекистондаги “Салимбойвачча” мамлакатимиз жанубини тўлиқ назорат қиларди. Жанубда барча жиноий гуруҳ етакчилари, йирик тадбиркорлар, ҳатто сиёсатчилар ва парламент депутатлари ҳам унинг олдига борарди. У айтган ҳамма нарсани бажаришарди, деди Ташиев. Салимбойдан ҳаттоки Қирғизистон президенти ва хавфсизлик қўмитаси раиси Ташиевни ўлдириш ҳам сўралган. Буни эса Жапаровнинг ўзи 2024 йилда айтиб ўтганди. Собиқ депутат Эмил Жамғирчиев ноқонуний равишда Ўзбекистонга ўтиб, Салимбой ёнига борган. Тегишли тергов Ўзбекистон махсус хизматлари билан олиб борилди, деганди президент.
Туркманлар сотган қўлбола алкогол одамларни ўлдирди
Истанбулда 3 кун ичида жами 19 киши қўлбола алкогол сабаб жон берган. Туркия полицияси бундай маҳсулотлар тайёрлаб сотаётган 2 кишини қўлга олган. Turkmen news хабарига кўра, уларнинг иккаласи ҳам Туркманистон фуқаролари. Вафот этганлар ичида 7 нафар Туркманистон фуқаролари ҳам бор. Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари тергов бошлаган.
Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари ва прокуратураси маълумотларига кўра, ҳалок бўлган туркманлар Истанбулнинг Бакиркўй туманида ишлаган меҳнат муҳожирлари бўлган. Улар спиртли ичимликларни иш жойлари яқинидаги кўчада, ўз ватандошларидан сотиб олишган.
Гумонланувчилар – Агаджан ва Амангулларнинг яшаш жойини кўздан кечириш чоғида 50 литр қалбаки спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари ва кўп миқдорда дори воситалари, дорихона тарозилари ва яроқсиз хорижий шахсий гувоҳномалар топилган, уларнинг ҳаммаси мусодара қилинган. Шунингдек, ушбу манзилда Туркманистоннинг яна 4 нафар фуқароси қонуний асосларсиз яшаётгани аниқланган.
Кучукчекмеже Бош прокуратураси эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлиш, гиёҳванд моддалар савдоси, алкогол маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш ва сотиш ҳамда рўйхатдан ўтмаган гиёҳванд моддаларни сотиш, ноқонуний миграцияни ташкил қилиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш каби айбловлар тайёрламоқда.
Шу йил 15 январ ҳолатига кўра, шифохонага ёрдам сўраб мурожаат қилган 65 кишидан жами 19 нафари вафот этган. Улар орасида туркманлардан ташқари бошқа хорижликлар, шунингдек, Ўзбекистон, Туркия фуқаролари ҳам бор. Уч киши шифохонадан чиқарилди, қолганларини даволаш давом этмоқда. “Озодлик” хабарида келишича, асосан лебапликлар қалбаки спиртли маҳсулотлар тайёрлаб сотиш билан шуғулланмоқда.
Эрон президенти Марказий Осиёга келди
Эрон президенти расмий сафар билан Тожикистонга келди. Бу янги президент Пизишкиённинг лавозимига сайланганидан бери минтақага биринчи ташрифи. Уни шахсан Раҳмон кутиб олган. Тожикистон президенти матбуот хизмати хабарларида одатий маълумотлар келтирилган, икки президентнинг комплекс алоқаларни муҳокама қилгани, Эрон ва Тожикистонбизнесменлари жами 450 миллион долларлик келишувларга эришгани айтилди. Сафарнинг нозик нуқталари бор: биринчидан, Тожикистон форсийзабон давлат. Эрон билан жуда яқин яшаш тарзи ва маданиятига эга. Президент Раҳмон ҳам буни тасдиқлаган, 30 йиллик фаолиятида Эрондек тилдош топмаганини айтган. Яъни у ўз ҳамкасбини таржимон ёрдамисиз тушунган. Эрон биласиз, санкциялар остидаги давлат. Ислом республикаси иқтисодиётига халқаро чекловлар ривожлангани йўл бермайди, лекин давлат Яқин Шарқнинг гигант давлатларидан. Хусусан, ядро қуролига эга бўлишга ҳаракат қилаётган ва мустаҳкам армия салоҳияти – Эрондан маълум маънода қўрқиб туриш ричаглари саналади. Ғарб эса ҳозирги Эронни ўзига душман деб билади, ядрога эгалик қилиш мақсадларини тўхтатсин дейди. Шунингдек, Эрон Жанубий Осиёга олиб чиқувчи жаҳоннинг энг қулай денгиз портларига эга. Лекин бу портлар ҳам узоқ йиллар санкцияларга тушган. Тожикистон айнан Эроннинг транспорт-транзит салоҳиятидан фойдаланмоқчи. Хусусан, Чобаҳор ва Бандар Аббос портларидан фойдаланиш масаласини Раҳмон ва Пизишкиёнкўриб чиққан. Душанбе ахборотига кўра, бугун Тожикистонда Эрон капитали иштирокида 160 та компания ишлайди. Эмомали Раҳмон хавфсизлик борасида ҳам Эрон билан ҳамкорлик қилмоқчи. Матбуот анжуманида у сўзга чиқаркан, Яқин Шарқ ва Ғазодаги нотинч, трагедик вазиятни тилга олди. Вазиятдан келиб чиқиб, биз Эрон билан хавфсизлик соҳасида бирга ишлаймиз, деди, Афғонистонга ёрдам бериш кераклигини гапирди,“Толибон”ни ёқтирмаса-да.
Бишкек автобуслари ҳам нақд пул қабул қилмаяпти
Худди Тошкентдаги каби Бишкекда ҳам автобусларга энди нақд пул билан тўлов қилиб бўлмайди. Тўлиқ нақд пулсиз тизим йўлга қўйилди, барча автобусларда тўлов мосламалари ўрнатилди. Бишкек мэрияси шу қарорга келган. Қирғизистонликлар Тулпор транспорт картаси ва ўзларининг бошқа карталари, шунингдек, виза карталари билан ҳам тўлов қилишлари мумкин.
2024 йилнинг кузида Бишкек ҳокимлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш учун таклифлар қабул қилишини билдирганди. У ерда транспорт учун нақд тўлов нархини ошириш ва бу билан нақд пулсиз ҳисоб-китобни рағбатлантириш таклифи ҳам бор эди.
Тожикистонлик ўсмир Москва яқинида теракт тайёрлаган
Тожикистонлик ўсмир Москвада теракт уюштиришга уринишда гумонланмоқда. Москва яқинидаги Реутов шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 16 ёшли ўсмирни ўз мактабида теракт тайёрлаганликда айблаяпти. Маълум бўлишича, ўсмир 1-рақамли мактабда теракт режалаган. Қўлга олинганда ундан учта пичоқ ва “далил аҳамиятидаги кўплаб ёзувлар” топилган. Бола Тожикистондан келган бўлиб, Россияда рўйхатдан ҳам ўтмаган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари унинг ижтимоий тармоқлардаги “Колумбайн” гуруҳига қўшилганини тахмин қиляпти. Бу гуруҳ аъзоларирус мактабларида терактлар уюштиришни муҳокама қилади.
ТАСС ахборот агентлиги хабарида келишича, Москва таълим департаменти воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилган. Реутовдаги ҳодисадан сўнг ҳудуддаги барча таълим муассасаларида террорчиликка қарши хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Тергов қўмитаси бошқармаси мактаб ўқувчисиқўлга олинганини тасдиқлади, ишда террорчилик кайфияти аниқланган.
Маълум бўлишича, гумонланувчининг исми Руслан бўлиб, у мактабга бостириб кириб, ўқувчиларга ҳужум қилишга тайёргарлик кўрган.
Қозоғистон қишлоқлари алкоголдан воз кечмоқда
Қозоғистондаги қишлоқлар бирин-кетин бутунлай алкоголдан воз кечмоқда.
“Казинформ” хабарига кўра, Аулиекўл туманиКўктал қишлоғи одамлари бир жойга йиғилиб, энди умуман алкогол ичмасликка келишиб олган. Туман ҳокимлиги эса бу қишлоқни ўрнак қилиб кўрсатмоқда. Қолаверса, охирги уч йил давомида бу ерда бирорта ҳам қоидабузарлик қайд этилмаган. Оқсоқоллар дастур ушбу ижобий динамикани сақлаб қолишга ёрдам беришини айтмоқда.
Алкоголсиз қишлоқ бўлиш ғояси аҳолининг барча қатламлари орасида қўллаб-қувватланган. Фермерлар, тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларфаолларнинг далилларига қўшилди. Қишлоқда бугун жами 519 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади.
Расмийлар минтақадаги бошқа аҳоли пунктлари ҳам муаммони соғлом ҳал қилишига умид билдирмоқда.
Туркман бизнес жети Германияга сирли учди
14 январ куни эрталаб Туркманистон ҳукуматининг бизнес-жети Мюнхен аэропортига қўнган, бортда беш нафар йўловчи бўлган, бироқ улар кимлигиномаълум. Катта эҳтимол билан президент оиласидагилар бўлиши мумкин, дея хабар беряпти Turkmen news. Самолёт пардаси ёпилган ҳолда тўхташ жойига келган, бу эса бортда мамлакат олий раҳбариятидан кимдир бўлгани тахминини келтириб чиқаради. 17 январ куни самолёт Ашхободга қайтган, деб ёзади нашр.
Туркманистон матбуоти Германияга бирор расмий сафар, тадбир ҳақида гапираётгани йўқ. Туркманистон ҳаво йўллари паркида ҳам бу бизнес жет ҳақида маълумот йўқ. Демак, ушбу самолёт мамлакат ҳукумат парки учун янги ҳисобланади. У 2024 йилда Канаданинг Торонто шаҳридаги заводидан мижозга етказиб берилган. 12-16 декабркунлари авиалайнер Туркманистон осмонида бир неча бор синов парвозларини амалга оширган.
Маълумки, президент Сердар Бердимуҳаммедов ҳам, унинг отаси Гурбангули ҳам немис шифокорлари хизматидан, хусусан Мюнхенда фойдаланади.
Мавзуга оид

12:00 / 09.03.2025
Норози туркман деҳқонлари, Тожикистонда кузатувчиларсиз сайлов, аэропортдаги қаҳрамонлик ва “свет”сиз Кобул – Марказий Осиё ҳафта ичида

12:43 / 02.03.2025
Қозоғистонда ҳашамат солиғи, Афғонистонда қиммат интернет ва Туркманистонда тақчил ёғ - Марказий Осиё ҳафта ичида

15:30 / 23.02.2025
Ер қонунига қарши президент, Эронга яқинлашаётган Душанбе ва жазоланган вазир – Марказий Осиё ҳафта ичида

15:59 / 16.02.2025