Жаҳон | 12:43 / 02.03.2025
21337
10 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда ҳашамат солиғи, Афғонистонда қиммат интернет ва Туркманистонда тақчил ёғ - Марказий Осиё ҳафта ичида

Якунига етган ҳафтада Туркманистон WhatsApp’ни блокдан чиқарди, вилоятларда ҳам бу платформа VPN'сиз ишламоқда. Қозоғистонда эса ўта бойларни 50%лик даромад солиғига тортиш таклиф қилинмоқда. Қирғизистонда аҳолидан камроқ электр ишлатиш илтимос қилинди. Тожикистон президенти хавотирга тушиб, армияни кучайтирмоқчи. Афғонистонда эса қимматлаган интернетдан ҳамма норози.

Ҳашамат солиғи таклиф қилинмоқда

 Қозоғистонда ўта бой оилалар учун алоҳида солиқ қонунчилигини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда. Гап шундаки, Мажлис депутати Марат Бошимов ўта бой фуқаролар учун бундан бу ёғига оширилган даромад солиғини жорий қилиш таклифини берди. Солиқ ислоҳоти парламентдаги давра суҳбатида қизғин муҳокама қилинган. Ўта бойлар рўйхатида 162 та оила бор, улар Қозоғистондаги олигархлар. Қонунчи уларга даромад солиғини камида 50% қилиб белгилашни сўраяпти.

"Оддий саволим бор. Қозоғистонда ўта бой одамлар борлигини тан олдик, улкан бойликлар мамлакатдан олиб чиқиб кетилди. Давлат раҳбарининг ўзи активларни қайтариш алоҳида қонун доирасида амалга оширилади, деган. Нега биз ўта бойлар учун даромад солиғини ошириш нормасини ўрнатмаймиз? Тўлашсин! Келинг, 50 фоизлик даромад солиғини жорий қилайлик, деди Бошимов.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистондагидек тез бойиш мисоллари дунёнинг ҳеч бир жойида йўқ, бироқ йирик капиталга солиқ солиш ўша даражада қолиб кетмоқда.

Шунингдек, депутат солиқлар адолатли бўлса, ташқи инвесторлар иқтисодиётга сармоя киритишга тайёрлигини таъкидлади. Шу нуқтайи назардан ҳашамат солиғининг жорий этилиши ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлиши мумкин. Бизда 162 та энг бадавлат оила борлигини тан олдик. Келинг, ёндашувимизни ўзгартириб, бу масалага бошқа томондан ёндашайлик, уларни алоҳида қонунчилик билан солиққа тортайлик, деган фикрни билдирди қонунчи.

Туркманистон WhatsApp’ни блокдан чиқарди

Туркманистонда WhatsApp ижтимоий тармоғи блокдан чиқарилди. 23 февралдан бошлаб, туркманистонликлар VPN'сиз бу платформани ишлата бошлашди. 25 февралдан эътиборан эса пойтахтдан ташқари бошқа вилоятларда ҳам WhatsApp ишлаган. Бироқ бу қачонгача давом этиши ёки ростдан ҳам давлат WhatsApp’ни блоклашни бутунлай тўхтатгани сўроқ остида қолмоқда. Агар блокдан очилиш сақланиб қолса ва бутун мамлакат бўйлаб қўлланса, Туркманистон аҳолиси худди дунёнинг бошқа мамлакатларидаги одамлар каби энг қулай мессенжерлардан бири ёрдамида бир-бирлари билан мулоқот қилишлари мумкин бўлади. Ҳозирда Туркманистонда аксарият ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар, ўқув ва профессионал платформалар, ҳаттоки, айрим антивируслар ва ўйинлар ҳам блокланган. Улар фақат VPN ёрдамида очилиши мумкин. Тегишли органлар VPN хизматларининг ўзини ҳам доимий равишда блоклаб келади. Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ёзида давлатда мисли кўрилмаган даражада “интернет амницияси”, яъни аввал блокланган 3 млрд IP манзиллар очиб юборилганди. Аммо халқ бу имкониятлардан узоқ фойдалана олмади, чунки 2024 йилнинг охиридан бошлаб тармоқлар қайта блоклана бошланди. Йил охиридан Киберхавфсизлик дирекцияси раҳбарлари яна блокировкага ўтиб олишди, деб ёзади Turkmennews нашри.

 

Аҳолидан камроқ электр ишлатиш сўралди

Қирғизистон миллий электр тармоқлари давлат аҳолисидан электрни иложи борича иқтисод қилиб, камроқ ишлатишни сўради. Маълум бўлишича, шу кунларда «Тўқтўғул» гидроэлектростанциясининг 3-қисмида таъмирлаш ишлари кетмоқда. Шу муносабат билан давлат аҳолига илтимос билан чиққан. Чунки тизимда электр ишлаб чиқариш ҳажми камайган. Ҳозир мавжуд 4 гидроагрегатдан 3 таси ишламоқда. Миллий электр тармоқлари реконструкция тугаганидан сўнг ГЭСнинг қуввати яна қўшимча 60 мегаваттга ошишини маълум қилган. Шунда станциянинг умумий қуввати 1440 мегаваттни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда ҳам энергетик муаммолар бисёр, айниқса марказий шаҳарларда электр ўчирилади. Ҳаттоки янги йилда ҳам свет ўчиб қолганди.

Тожикистон армиясини кучайтиради

Тожикистон президенти таҳдидлар кўпайиб бораётгани учун армияни кучайтириш кераклигини гапирди. Ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари энг янги технологиялар, жумладан, сунъий интеллектни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиши керак, дейди Раҳмон. У бу ҳақда мамлакат Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги муносабати билан қилган табрик нутқида айтиб ўтди.

Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган дунёда ҳарбий хизматчиларни қайта тайёрлаш, уларнинг профессионаллигини ошириш, янги технологиялар, жумладан, сунъий интеллектни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ускуналарни модернизация қилиш ва хизмат кўрсатиш учун яхши шароитлар яратиш керак.

Дунёнинг инқирозли шароитида, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдидлар кучайиб бораётган бир пайтда мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлаш энг муҳим вазифаларимиздан биридир, дейди Тожикистон президенти.

У қўшинларнинг доимий шайлигини, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш зарурлигини ҳам гапирди. Ҳозирги глобал ҳарбий-сиёсий вазият, қуролланиш пойгаси ва совуқ урушнинг кучайиши ҳарбийлардан вазифаларни бажаришга юқори тайёргарликни талаб қилади, дея қўшимча қилади Тожикистон раҳбари.

Президент экстремистик ва террорчи гуруҳлар фаоллиги ортиб бораётгани, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси ва кибержиноятчилик авж олаётганини ҳам таъкидлаган. Бу эса армия ва ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятига замонавий усул ва технологияларни жорий этишни тақозо этади.

23 февраль куни Тожикистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллигини нишонлади. Ушбу воқеа муносабати билан мамлакатда тантанали тадбир ўтказилган. Ҳарбий парадда президент ва ҳукумат аъзолари ҳам қатнашди. 

Туркманистонда ёғ тақчиллиги

Туркманистонда вақти-вақти билан ўсимлик ёғи танқислиги ва нарх-навонинг бирдан кўтарилиши кузатилади. Ҳукумат бу муаммони доим яширишга уриниб, озиқ-овқат сиёсатида тўкин-сочинликни кўрсатишга уринса-да, оддий туркманлар тез-тез ёғ муаммосига дуч келишади. Шу кунларда қўшни давлатдаги дўконлар пештахталаридан ўсимлик ёғлари йўқолиб қолган, аниқроғи савдогарларнинг ёғ сотиши жиддий назорат қилинмоқда. Кўпчилик буни яна ёғ танқислигига улади, лекин аслида ундай эмас. Чунки нархлар кўтарилмаган ва киши бошига маълум чегара белгиланмаган. Ўтган ҳафта дўконлардан ўсимлик ёғини олиш муаммо эмасди, лекин бу ҳафта уни топиш қийин бўлмоқда, деб ёзади Turkmannews. Маълум бўлишича, ёғ сотиш ортидан дўкончилар жаримага тортилиши ва жавобгар бўлиши мумкин, улар бундан огоҳлантирилган. Нашрнинг қўшимча қилишича, бу ўткир ёғ танқислиги билан боғлиқ эмас. Чунки давлат дўконларида ёғнинг нархи ўзгармаган, литрига 25 манат. Бир кишига сотилиши мумкин бўлган миқдор бўйича ҳам ҳеч қандай чекловлар йўқ. Катта эҳтимол билан келгуси тақчилликлар олдини олиш учун бу чоралар кўрилаётган бўлиши мумкин.

Маҳаллий аҳоли учун пахта ёғи кундалик эҳтиёж баланд ва рўзғорда керакли бирламчи озиқ-овқат маҳсулоти. Бу йил давлатда пахта кам етиштирилган, ёғ тақчиллигига сабаб шу бўлиши мумкин. Ёки бўлмаса тизимдаги коррупция ва давлат пулларининг еб юборилиши бунга таъсир қилган. Ўтган 2024 йилнинг охирида Эрон Туркманистон билан чегарани ёпгани боис юклар ўтмай қолганди ва натижада ўсимлик ёғлари нархи 18 манатдан 25 манатга қимматлаган.

Қозоғистон кадрлар тақчиллигига дуч келмоқда

 Қозоғистон яқин йилларда жиддий кадрлар тақчиллигига дуч келади. Бу ҳақида парламент йиғилиши чоғида Қозоғистон Сенати раиси Маулен Ашимбаев гапирди. Шу билан бирга раис тажрибали ва малакали ишчилар ҳозирдан етишмаслигини қўшимча қилган.

"Муҳандислар, техник ходимлар, агрономлар, ветеринарлар ва бошқа муҳим касбларга талаб катта. Келгусида бу тенденция янада ортади. Меҳнат ресурсларини ривожлантириш марказининг прогнозларига кўра, 2030 йилга келиб мамлакат иқтисодиётига барча соҳаларда қўшимча 1,6 миллион киши керак бўлади. Ҳозирданоқ Қозоғистонда 90 мингга яқин олий маълумотли ва касбий маълумотга эга бўлган мутахассисларга эҳтиёж бор ”, деди спикер.

Маълум бўлишича, энг кўп талаб қурилиш, ишлаб чиқариш, транспорт каби жамият ҳаёти учун муҳим бўлган тармоқларда.

Меҳнатни ривожлантириш маркази маълумотларига кўра, Қозоғистон юк машинаси ҳайдовчиси ҳозирдан етишмаяпти. Бундан ташқари, чилангар, сантехник, пайвандчи, қурилиш гуруҳи раҳбарлари, автобус ҳайдовчиси, сувоқчи, электрик, трактор ҳайдовчиси, қурувчи-монтажчиларга талаб борган сари ортиб бормоқда.

Афғонистонда интернет қимматлаб кетди

2025 йил январдан ошган интернет нархлари Афғонистонда интернетдан фойдаланиш имкониятини янада бўғмоқда.

Кобул аҳолиси мамлакатда интернет-пакетлар қимматлигидан шикоят қилиб, Алоқа ва ахборот технологиялари вазирлигини интернет нархларини пасайтиришга чақирди.

Улар интернет нархи унинг сифатсизлигига мос келмаслигини айтади ва арзонроқ нархлар билан бирга хизматларни яхшилашни талаб қилишяпти. Бу ҳақида маҳаллий нашр – Tolonews алоҳида материал эълон қилган.

 “Интернет нархи ошди ва уни пасайтириш керак, чунки одамларнинг иқтисодий аҳволи ўта заиф. Нарх пасайса, интернетдан фойдаланиш бироз ортарди”, - дейди кобулликлар.

Афғонистонда интернет нархи қўшни давлатларникидан каррасига юқори. Телекоммуникацияларни тартибга солиш бошқармаси мамлакатда интернетдан фойдаланиш имкониятини яхшилаш ва нархни пасайтириш устида иш олиб бораётганини эълон қилди.

Аввалроқ Алоқа ва ахборот технологиялари вазирлиги Афғонистон бўйлаб 488 километр оптик толали кабель ётқизиш лойиҳаси маъқуллангани ҳақида хабар берган эди.

Вазирлик шунингдек, айрим вилоятларда оптик толали тармоққа уланиш ишлари давом этаётгани, бошқа вилоятларда эса яқинда иш бошланганини маълум қилди.

Мавзуга оид