Маскни қўллаган Жапаров, қимматлаган ажрим ва қотил боғча тарбиячиси – Марказий Осиё ҳафта ичида
Якунига етган ҳафтада Қирғизистон президенти Жапаров Трамп ва Маскнинг ёнини олиб, “Озодлик радиоси” ёпилишини ёқлаб чиқди. Туркманистонда ажрим учун давлат божи 5 бараварга оширилди, Қозоғистонда эса онлайн савдо платформалари солиққа тортилди. Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСини қуриб тугатиш учун халқаро ёрдам изламоқда.
Садир Жапаров: «Озодлик» янгиликларига ҳеч ким муҳтож эмас
Қирғизистон президенти Трамп администрациясидагилар ва Илон Маскнинг “Озодлик радиоси”ни ёпиш ташаббусини оқлаб чиқди. Гап шундаки, Илон Маск АҚШнинг махсус миссиялар бўйича элчиси Ричард Гренеллнинг Хʼдаги постига жавобан “Озодлик радиоси” ва “Америка овози” ни ёпиш кераклигини ёзганди. Миллиардер икки медиа ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани, улар ҳар йили 1 миллиард долларни ҳавога учириб, ўзлари билан ўзлари гаплашадиган ақлдан озганлар дея икки нашр вакилларига ҳақоратомуз фикрини ёзиб қолдирди. Қирғизистон президенти Жапаров эса бу фикрни ижобий қабул қилиб, энди «Озодлик»ка ҳеч ким муҳтож эмаслигини айтди.
“Доналд Трамп ва Илон Маск менинг ташаббусларимга муҳтож эмас. Иккаласи ҳам миллиардер. Улар пул осмондан тушмаслигини жуда яхши билади. Улар америкаликларнинг пулларини беҳуда сарфлашини тўхтатмоқчи ва мутлақо тўғри қилади. Ҳозир ХХI аср. Ҳар қандай маълумот беш дақиқада бутун дунёга тарқалади. 20-30 йил олдин «Озодлик»ни ҳамма кутган, эшитган, ишонган. Чунки у пайтда интернет, смартфонлар йўқ эди. Ҳозир одамлар «Озодлик» янгиликларига муҳтож эмас. Ҳамма маълумотни интернет орқали олади”, - деди президент.
Садир Жапаровнинг фикрича, халқ янгиликларни таҳлил қилишни ўрганган, ҳамма нарсага ҳам ишонмайди. Одамлар қайси хабарлар ишончсиз эканини тушунади.
Фуқаролар мурожаатини вақтида кўрмаган амалдорлар жаримага тортилади
Қирғизистонда энди фуқаро мурожаатини кеч ҳал қилган амалдорлар жарима тўлайди. Республикада амалдорларнинг жазоларини монетизация қилиш режалаштирилмоқда.
Маълум бўлишича, ҳайфсан тарзидаги интизомий жазо олиш амалдорларга таъсир қилмаса, улар мукофотдан маҳрум қилинади. Маоши эса кесиб ташланади. Ҳозирда Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга тегишли тузатишлар ишлаб чиқилмоқда.
“Биз фуқаролар мурожаатларининг сифати ва муддатларини бузганлик учун жазо жорий қилмоқчимиз. Бу мурожаатларни лозим даражада кўриб чиқмаган мансабдор шахсга нисбатан молиявий чекловларни келтириб чиқаради”, дейилади хабарларда.
Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров интернетда ҳақорат ва туҳмат учун жарималар тўғрисидаги қонунни имзолаганди. Жарима миқдори жисмоний шахслар учун 20 минг сомгача, юридик шахслар учун 65 минг сомгача белгиланган. Бундан ташқари, эндиликда Қирғизистонда тўй ва дафн маросимларида ортиқча харажат қилганлар 100 минг сомдан 300 минг сомгача (салкам 15 миллион сўмдан 45 миллион сўмгача) жаримага тортилиши мумкин.
Туркманистон фуқаролари энди ажрашиш учун 3,500 доллардан қимматроқ бож тўлайди
Туркманистонда энди расман ажрашиш моддий қийинчилик туғдириши тайин. Чунки давлатда ажрашиш тўлови бирданига 5 бараварга қимматлади. Лекин бу қарор ижобий аҳамият касб этиш ўрнига одамларни ажрашишни кейинга қолдиришга мажбур қилмоқда.
“Никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан судга ким мурожаат қилишидан қатъий назар, 6000 манат, яъни 3 500 доллардан ортиқ миқдорида давлат божи тўлаш талаб қилинмоқда. Фуқароларнинг ишлари тўловдан кейингина кўриб чиқилиши айтилмоқда”, дейди ашхободликлар.
Тахминан олти ой олдин бож миқдори 1200 манат - салкам 706 доллар эди. Фуқароларга божлар қачон оширилгани ҳақида аниқ тушунтириш берилмаган.
Никоҳни бекор қилиш тартиби Туркманистон Оила кодексининг 5-бобида белгиланган. Агар эр-хотиндан бири ажрашишга рози бўлмаса ёки оилада вояга етмаган ёхуд меҳнатга лаёқатсиз фарзандлар бўлса, ажрашиш ариза берувчининг яшаш жойидаги туман ёки шаҳар суди томонидан амалга оширилади.
Никоҳдан ажратиш эр-хотиннинг биргаликдаги аризаси асосида, ариза берилган кундан эътиборан икки ой ўтгач амалга оширилади. Туркманистонда иқтисодий қийинчиликлар ва кенг тарқалган ишсизлик шароитида никоҳни бекор қилишга қарор қилган кўплаб фуқаролар 5 баравар қимматлашган давлат божини тўлай олмаяпти.
“Никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилган кўплаб эр-хотинлар давлат божини тўлаш учун зарур бўлган маблағни йиғмагунча ажрашишни кечиктиришга мажбур. Чунки одамлар ойига 1500-2000 манатдан олади ва зўрға кун кечиради”, дейди ашхободлик туркманлар.
Маълум бўлишича, сўнгги йилларда ажрашишга қарор қилган оилалар сони сезиларли даражада ошиб бормоқда ва аксарият ҳолларда бундай оилалар Туркия ёки Россияда юрган мигрант муҳожирларидан таркиб топган.
«Толибон» БМТнинг афғон ходимларига соқол ўстиришни буюрди
Манбаларга кўра, «Толибон» расмийлари Ҳиротдаги Ислом Қалъа марказига ташриф буюриб, эркак ходимларни соқол олдириш ёки қисқартириш қамоқ жазосига олиб келиши ҳақида огоҳлантирган. Огоҳлантириш Афғонистондаги гуманитар операциялар учун қийинчиликлар ортиб бораётган бир пайтда эълон қилинди. 2023 йил апрел ойида эса «Толибон» аёлларга БМТ ташкилотида ишлашни тақиқлаган эди. Мазкур қийинчиликлар фонида 72 та инсонпарварлик лойиҳаси тўхтатилган, иккита ташаббус бутунлай бекор қилинган ва битта муассаса ёпилган.
2021 йилда «Толибон» ҳокимиятга келиши билан Афғонистонда эркакларга соқол олишни тақиқлади. Тегишли баёнотида сартарошхона ва жамоат ҳаммомларида соқол олиш ҳамда мусиқа чалиш қатъиян тақиқланиши айтилган.
“Агар сартарошхона ёки умумий ҳаммомда кимдир соқолини олдиргани ёки у ерда мусиқа чалгани аниқланса, айбдорларга нисбатан шариат қонунларига мувофиқ иш кўрилади ва уларнинг шикоят қилишга ҳаққи бўлмайди”, дейилганди баёнотда.
2023 йил Афғонистонда соқол ўстириш буйруғига бўйсунмаган ва шу билан ислом қонунларига риоя этмаган 280 дан ортиқ полициячи ишдан бўшатилган. Шу йили «Толибон» ўқитувчиларнинг соқоли йўқлиги учун иккита мактабни ёпганди. Мактабларни ёпиш тўғрисидаги қарорнинг яна бир сабаби ўқитувчиларнинг ҳижоб ўраш меъёрларига риоя қилмагани ҳам бўлиши мумкин.
Тожикистонга яна пул керак
Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСини қуриб битказиш учун маблағ излашда давом этмоқда. Якунига етган ҳафтада 812 миллион долларлик шартнома имзоланган. Бу ҳақида молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода 14 феврал куни матбуотга маълум қилган. Айтилишича, Италия ҳукумати, Европа инвестиция банки, Абу-Даби тараққиёт жамғармаси, Осиё тараққиёт банки билан музокаралар давом этмоқда. Вазирнинг сўзларига кўра, Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун ажратилаётган 812 миллион долларнинг 462 миллиони кредит, 350 миллион доллар эса грант ҳисобланади. Олинган барча кредитлар юқори имтиёзли ва узоқ муддатли – яъни 25 йилдан 30 йилгача, дейди вазир Қаҳҳорзода. У Роғун ГЭСи тўлиқ қуриб битказилгач, бу маблағлар кредиторларга ўз вақтида қайтарилишига ваъда берди.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон парламентга қилган сўнгги мурожаатида ҳукумат ушбу стратегик объектни ўз вақтида молиялаштириш учун барча манбалардан фойдаланишини айтганди. Раҳмон яна 3 млрд доллар маблағ қурилишга тикилиши учун қатор халқаро молия ташкилотлари билан гаплашилаётганини таъкидлаган. Шунингдек, охирги икки йилда ГЭС қурилиши учун бюджетдан 830 миллион долларга яқин пул ажратилган. Лойиҳа 2035 йилгача батамом битиши учун жами яна 6,4 миллиард доллар керак бўлади. ГEСнинг навбатдаги гидроэлектр блоки 2025 йилда ишга туширилади.
Станциянинг машина хонасига ҳар бири 600 МВт қувватга эга жами 6 та блок ўрнатилади. Якуний блок 2029 йилда ишга туширилиши кутилмоқда.
Онлайн савдо платформалари солиқдан қочолмайди
Аввалги дастурларимизда Қозоғистон онлайн савдо платформаларини солиққа тортиши, бунинг учун хорижий компаниялар янги йилдан эътиборан рўйхатда ўтиши лозимлигини хабар қилгандик. Талабга мувофиқ жами 101 та онлайн савдо платформалари – жумладан, Тему, Пиндуодуо, Алибабалар ҳам солиқ ундириш учун рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги вакиллари бош вазир Олжас Бектенов билан экспертлар ҳамда ишбилармонлар ўртасида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди. Тадбирда Молия вазирлигининг йирик маълумотларни таҳлил қилиш тизими тақдим этилган. Унда 55 та давлат маълумотлар базаси юкланган бўлиб, уларнинг сони йил охиригача 100 тага етказилади. Ушбу маълумотлар асосида солиқ тўловчиларнинг рақамли профиллари шакллантирилмоқда. Айни пайтда юридик шахсларнинг 569 мингта, якка тартибдаги тадбиркорларнинг 1,8 миллиондан ортиқ профиллари яратилган.
Онлайн савдо платформалари хусусида сўз бораркан, бу тизимда ишлаётган фуқаролар сони ортиб бораётгани айтилган. Қозоғистонда рўйхатдан ўтмаган интернет савдо компаниялари ишлашига рухсат берилмайди. Аввалроқ Қозоғистон Вазирлар Маҳкамаси вакиллари солиқ ислоҳоти нимага олиб келишини тушунтириш учун мамлакат вилоятларига борган эди.
Боғча тарбиячиси болани бўғиб ўлдирди
Олмаотадаги хусусий боғчада тарбияча болани калтаклаб, бўғиб ўлдириб қўйди. Олмаота таълим бошқармасининг аниқлашича, бу боғча давлатники эмас ва давлат маблағларисиз ишлаб келган. Ҳаттоки, бу муассаса миллий таълим ташкилотлари тармоғидан ҳам рўйхатдан ўтмагани маълум бўлди. Интернетнинг қозоқ сегментида болани бўғиб турган тарбиячи кадрлари тарқалди, унда кўринишича бошқа тарбиячилар воқеага эътибор ҳам бермаган, тарбиячи эса болакайнинг оғзини зич ёпиб турган. 4 ёшли бола тарбиячисининг қўлидан қочиб қутулолмаган ва нафас етмай ҳалок бўлган. Олмаота полиция департаменти вояга етмаган болани тарбиялаш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик учун жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Бу боғча мана, бир неча кундирки қўшни давлат фуқароларининг кескин муҳокамаси ва танқидларига сабаб бўляпти. Боғча раҳбарияти воқеа юзасидан фикр билдиришдан бош тортган, тарбияча қамоққа олинган. У қамалиши ва боғча катта миқдорда жаримага тортилиши кутилмоқда.
Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.
Мавзуга оид

12:00 / 09.03.2025
Норози туркман деҳқонлари, Тожикистонда кузатувчиларсиз сайлов, аэропортдаги қаҳрамонлик ва “свет”сиз Кобул – Марказий Осиё ҳафта ичида

12:43 / 02.03.2025
Қозоғистонда ҳашамат солиғи, Афғонистонда қиммат интернет ва Туркманистонда тақчил ёғ - Марказий Осиё ҳафта ичида

15:30 / 23.02.2025
Ер қонунига қарши президент, Эронга яқинлашаётган Душанбе ва жазоланган вазир – Марказий Осиё ҳафта ичида

14:19 / 09.02.2025