Алиев Embreaer 190 «қора қути»си Москвада очилишига рухсат бермаган
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Embreaer 190 ҳалокати қурбонларининг оила аъзолари билан учрашди. Учрашув давомида Алиев навбатдаги марта ҳодисада Россияни айблаб, Москвадан инсонийликка хос муносабат талаб қилди.

Озарбойжон президентининг сўзларига кўра, Грозний осмонини ёпиш бўйича операция самолёт ердан туриб ўққа тутилганидан кейин эълон қилинган.
«Табиийки самолётга ердан туриб ўқ узилган. Кундай равшан, учоқ радиоэлектрон воситалар билан бошқариб бўлмайдиган ҳолатга келтирилган. Лекин учоқ нега Оқтовга юборилган? Ҳозирча бу саволга жавобимиз йўқ», деган Алиев.
Озарбойжон лидерининг айтишича, учувчилар бу охирги парвози эканини тушунган, лекин шундай бўлса-да, имкон қадар кўпроқ одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилган.
Рус тилидаги нутқ
Учрашув озар тилида ўтказилган, лекин орада Алиев рус тилида ҳам гапирган. Табиийки, Озарбойжон лидерининг бу гаплари Россия манзилига қаратилган. Алиевнинг сўзларига кўра, Озарбойжон қора қути МДҲ қошидаги офиси Москвада жойлашган Давлатлараро авиация қўмитаси томонидан очилишига кескин қарши бўлган. Шу боис қора қутини очиб, уни ўрганиш билан Эмбраер 190 ишлаб чиқарувчиси Бразилия шуғулланмоқда.
«Агар ҳалокатнинг дастлабки соатларидаёқ Россиянинг ҳолатни объектив ўрганишга интилишини кўрганимизда, балки «қора қути» давлатлараро авиация қўмитаси томонидан ўрганилишига рози бўлардик. Бу тизим доирасида ўн йиллар ҳамкорлик қилганмиз. Тизим собиқ СССР давлатлари ҳудудида авиаҳалокатларни ўрганиш билан шуғулланган ахир.
Лекин Россия томони ишни ёпти-ёпти қилишга, барча айбни қушларга ёки газбаллон портлашига ағдаришга интилаётганини кўриб, бу тизим ҳолатни объектив ўрганишига менда ва Озарбойжон жамиятида шубҳа пайдо бўлди.
Ҳозир қора қутини ўрганиш ишлари давом этмоқда. Умид қиламан, ўрганиш натижаларини билганимиздан кейин ҳаммаси ўз ўрнига тушиб, бўлиб ўтган ҳалокатнинг тўлиқ картинаси шаклланади», деди Алиев рус тилидаги нутқида. Озарбойжон президенти навбатдаги марта айбдорлар жазоланиши муҳим эканини таъкидлади.
Алиев Россия ҳалокат ҳақида абсурд версияларни илгари сураётганидан қаттиқ ранжигани, ҳақли тарзда ғазабланганини айтди. «Озарбойжон фуқаролари бу ҳалокатда қурбон бўлгани учун айб Россия вакиллари гарданида. Биз адолат таъминланиши, айбдорлар жазоланиши ва инсоний хатти-ҳаракатларни талаб қиламиз», деди Алиев.
Нега Алиев бу гапларни такрорлади?
Илҳом Алиев шунга ўхшаш гапларни аввал ҳам айтганди. Хўш, унда нега бу гапларни такрорлаяпти? Биринчидан, Алиевнинг олдинги чиқиши бутун озарбойжонликларга қаратилган ва қайсидир маънода уларга ҳисобот берганди. Кечаги учрашув эса анча тор доирада ўтиб, унда Embreaer 190 ҳалокатида қурбон бўлган озарбойжонликларнинг оила аъзолари қатнашган. Алиев президент сифатида уларга ҳалокат сабабларини тушунтирди. Чунки бу оддий ҳалокат эмас. Бошқа давлат ҳудудида, жанговар қурол таъсирида содир бўлган ҳалокат.
Алиев ҳалокатнинг дастлабки кунларида Россия Озарбойжондан кечирим сўраши кераклигини айтиб чиққанди. Кейинроқ Путин Алиевга қўнғироқ қилиб кечирим сўрагани айтилди. Лекин расмий хабарга кўра, Путин «Узр, Илҳом Ҳайдарович, бизнинг ҳарбийлар билмай фуқаролик самолётингизни уриб қўйди», деб кечирим сўрамаган. Шунчаки ҳодиса Россия осмонида содир бўлгани учун кечирим сўраган. Афтидан, Бокуни Москванинг бундай мужмал жавоби қаноатлантирмаяпти.
Тавсия этамиз
Ҳиндистон ва Покистон: кимнинг армияси кучлироқ?
Жаҳон | 19:21 / 09.05.2025
Мафкуралар кураши: 9 май аслида қандай кун?
Ўзбекистон | 14:22 / 09.05.2025
Қатиқ, мураббо ва ядро қуроли. Путин янги филмда нималар деди?
Жаҳон | 21:59 / 06.05.2025
Автомобил импортига экосертификат – утилизацияга қўшимча “бонус”ми?
Ўзбекистон | 20:34 / 06.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Путин Украинага тўғридан тўғри музокараларни тиклашни таклиф қилди
Жаҳон | 07:45
-
Кашмирда сулҳ эълон қилинганидан кейин портлашлар содир бўлди
Жаҳон | 23:37 / 10.05.2025
-
АҚШда она ва ўғил бир вақтда университетни тамомлади
Жаҳон | 23:18 / 10.05.2025
-
Украина музокарага тайёрлигини айтди, Россия ўйлаб кўришини маълум қилди
Жаҳон | 22:28 / 10.05.2025
Мавзуга оид

21:12 / 07.05.2025
Илҳом Алиев 9 май куни Москвадаги парадга боришдан бош тортди

21:04 / 02.05.2025
Қорабоғ ҳақида кутилмаган баёнот. Эрон ўз ўқидан чиқиб кетдими?

13:16 / 26.04.2025
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан телефонда суҳбатлашди

07:49 / 10.04.2025