Жаҳон | 13:44 / 05.09.2024
3460
10 дақиқада ўқилади

Муҳокамадаги Филаделфия йўлаги, Исроилда давом этаётган намойишлар ва АҚШнинг Россия пропагандасига қарши санкцияси — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил Филаделфия йўлагидан қўшинларни қисман олиб чиқди, деб хабар бермоқда АҚШ президенти маъмурияти.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишмовчиликларни йўқ қилишга қаратилган ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув бўйича дастур Филаделфия йўлаги бўйлаб жойлашган аҳоли зич яшовчи жойлардан Исроил армияси аскарларини олиб чиқишни ҳам назарда тутади, дейилади баёнотда.

«Биз ишлай бошлаган оралиқ таклифни ўз ичига олувчи келишув Исроил армиясини барча аҳоли зич жойлашган ҳудудлардан, жумладан ушбу йўлак бўйлаб жойлашган туманлардан ҳам олиб чиқишни назарда тутади», — деган Оқ уйнинг хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби.

Миср Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг «Исроил ҳарбий иштирокини Филаделфия йўлагида сақлаб туриш» қарорини танқид остига олган. ТИВ шунингдек, Миср манзилига ёғдирилган айбловларни «тоқат қилиб бўлмас» деб атаган.

Вазирлик Нетаняҳу ўзининг Ғазодаги жиноятларини яшириш ва ўт очишни тўхтатмаслик учун жамоатчилик фикрини чалғитаётганини маълум қилган.

2 сентябр куни ўтган матбуот анжуманида Бинямин Нетаняҳу «Биз Ғазо ва Миср ўртасидаги Филаделфия йўлагини тарк этсак, қурол-яроғ, ҳарбий материаллар, ракета ишлаб чиқариш учун ускуналар, туннел қазувчи машиналар Мисрдан кириб кела бошлайди», деган эди.

Нетаняҳу айнан Филаделфия йўлагида ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги учун Ғазо Исроил учун бош таҳдидга айланганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Ғазодаги ҳарбий салоҳият Эроннинг кузатуви, молиялаштириши ва раҳбарлигида амалга оширилмоқда.

Ғазодаги урушнинг 334-кунига келиб ҳалок бўлган фаластинликлар сони 40 минг 861 кишига етди. Шу пайтгача яраланганлар сони 94 минг 398 нафарни ташкил этмоқда. Сўнгги бир суткада уюштирилган 3 та оммавий ҳужум натижасида 42 киши ўлдирилган, 107 киши яраланган.

Исроилдаги вазият

Ғазода уруш олиб бориш Исроилга ҳам осон тушаётгани йўқ. Мамлакат белини маҳкамроқ боғлашига тўғри келмоқда.

Исроил молия вазири, ултраўнг миллатчи Бецалел Смотрич 3 сентябрдан бошлаб 2025 бюджети муҳокамасини бошлади. Сиёсатчига кўра, ҳарбий харажатларнинг оширилиши бюджет камомадини ошириш эмас, бюджетни қисқартириш, маошларни музлатиш ҳисобига амалга оширилади.

У Исроил иқтисодиётининг қайси секторлари қисқартириш остига тушишига аниқлик киритмаган. Смотричнинг сўзларига кўра, 2025 йилда мақсадли бюджет камомади ЯИМнинг 4 фоизига етказилади — бу эса бюджетни камида 9,5 млрд долларга созлашни тақозо этади.

Вазир бўлажак қисқартиришлар ҳақида тўлиқ ахборот беришдан бош тортган ва режаларини ҳам бош вазир Бинямин Нетаянҳу ва бошқа вазирларга тақдим этиши кераклигини айтган.

Лекин у қискартиришлар давлат секторига тааллуқли бўлиши, вазирлар, сиёсатчилар ва давлат хизматчиларининг маошлари музлатилишига шама қилган.

Ғазога ҳарбий босқин ва мамлакат шимолида «Ҳизбуллоҳ»га қарши жанговар ҳаракатлар Тел-Авив харажатларининг кескин ўсишига ва Исроил иқтисодиётидаги зўриқишга олиб келган. Исроил бюджетидаги 12 ойлик камомад рекорд даражага — Ялпи ички маҳсулотнинг 8,1 фоизига етган.

Смотрич ҳукумат камомад кўрсаткичларини йил сўнгига қадар ЯИМнинг 6,6 фоизигача туширишни режалаштираётганини айтган. Ҳаттоки шу даражада ҳам бу мамлакат яралгандан буён энг ёмон кўрсаткичлардан бири бўлади.

Исроилда «Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш»ни талаб қилиб ўтказилаётган кўп минг кишилик норозилик намойишлари учинчи кун давом этди. Улар Бинямин Нетанҳу ҳукуматидан ўт очишни тўхтатиш ва ҲАМАС гаровда ушлаб турганларни озод қилишни талаб қилишмоқда.

Россия-Украина уруши

Россиянинг Полтавага ракета зарбаси қурбонлари сони 53 кишига етди.

Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотларига кўра, Россиянинг 3 сентябр куни Полтава шаҳрига ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сони 53 кишига, жабрланганлар сони 298 кишига етган. Шаҳарда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Фавқулодда хизмат маълумотларига кўра, вайроналарни тозалаш давом этмоқда. Вайроналар остида яна камида беш киши бўлиши мумкин.

4 сентябрга ўтар кечаси Россия дрон ва ракеталарни қўллаган ҳолда Украина бўйлаб навбатдаги ёпирилма зарбаларни йўллади.

Расмийларнинг хабарларига кўра, Лвив шаҳри энг кўп зарар кўрган, бу ерга бир неча ракета, жумладан, гипертовушли «Кинжал» ракеталари тушган.

Лвив шаҳри маъмурияти раҳбари Андрей Садовой ўз телеграм-каналида ракета зарбаси оқибатида шаҳарда етти киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган — қурбонларнинг уч нафари болалар. 53 киши яраланиб шифохонага ётқизилган, шундан камида 7 нафари болалар. Яраланганлардан беш нафари оғир аҳволда.

Қурбонлардан бири шаҳар поликлиникасида ишловчи 50 ёшли ҳамшира, яна бири 14 ёшли қиз экани маълум.

Зарба оқибатида асосий вокзал ҳудуди шикастланган. Шаҳар марказида жами 50 дан ортиқ бинога, жумладан, икки мактаб ва иккита тиббиёт муассасасига зарар етган.

Украина ҳукуматидаги ўзгаришлар

Душанба ва сешанба кунлари Украинадаги бир неча вазирлик раҳбарлари ишдан бўшаш учун ариза ёзишди. Улар қаторида Украина ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба ҳам бор. Олий раданинг чоршанба кунги йиғилишида тўрт вазир истеъфоси қабул қилинди, аммо ташқи ишлар вазири масаласи кўриб чиқилмади.

Душанба ва сешанба кунлари Олий радага бош вазир ўринбосари, вақтинча оккупация қилинган ҳудудлар реинтеграцияси масалалари бўйича вазир Ирина Верешчук, Украинанинг Европа ва Евроатлантикага интеграцияси бўйича бош вазир ўринбосари Олга Стефанишина, стратегик саноат вазири Олександр Камишин, адлия вазири Денис Малюска, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслар вазири Руслан Стрелец ҳамда Украина Давлат мулк жамғармаси раиси Виталий Ковалдан истеъфога чиқиш тўғрисида аризалар келиб тушган.

Бундан ташқари, сешанба куни Олий рада раиси Руслан Стефанчук ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба ёзган ариза суратини эълон қилди. Стефанчук ариза кейинги ялпи мажлислардан бирида кўриб чиқилишини қўшимча қилди.

Чоршанба кунги ялпи мажлисда депутатлар Олга Стефанишина, Олександр Камишин, Руслан Стрелец ва Денис Малюска истеъфоси учун овоз беришди. Шу билан бирга, Рада Ирина Верешчук ва Виталий Ковалнинг истеъфосини қабул қилмади — уларнинг аризаси қаноатлантирилиши учун бир неча овоз етмади.

Украина ТИВга 2020 йил мартидан буён раҳбарлик қилиб келаётган Дмитро Кулебанинг аризаси эса мажлисда кўриб чиқиш учун қўйилмаган. Парламент мажлиси унинг аризасини кўриб чиқмасдан ёпилди.

Украина президенти Володимир Зеленский Дмитро Кулебанинг истеъфоси эҳтимоли ва ТИВнинг кейинги раҳбари ким бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги саволга тўғридан тўғри жавоб қайтармаган.

«Бугун бизга янги энергия керак ва бу қадамлар мамлакатимизни турли йўналишларда кучайтириш билан боғлиқ. Халқаро сиёсат ва дипломатия бундан мустасно эмас. Мен бугун у ёки бу вазир айнан нима билан машғул бўлишини прогноз қила олмайман ва уларга қайсидир лавозимлар таклиф этилиши бўйича жавоб бера олмайман. Бугунги кунда бу ҳақда гапиришга ҳали эрта», — дея қўшимча қилган президент.

ОАВ хабарларига кўра, Дмитро Кулебага Брюсселда, ЕИ ёки НАТОдаги ваколатхоналарда ишлашда давом этиш таклифи берилиши — ёки Белгия ва Люксембургга элчи қилиб юборилиши мумкин.

Россияга қарши санкциялар

АҚШ сайловларга аралашганлик учун Russia Today, Ria Novosti, Sputnik va Ruptly медиагуруҳлари, шунингдек, пропагандачи, Russia Today бош муҳаррири Маргарита Симонян ҳамда саккиз нафар топ менежерга қарши санкциялар жорий этди.

Қайд этилишича, иккита ташкилот ва 10 та жисмоний шахс санкцияларга учраган.

АҚШ Молия вазирлигининг маълум қилишича, Russia Today медиагуруҳи тузилмалари хорижий миссиялар рўйхатига киритилган. Давлат департаменти виза чекловлари жорий этилганини билдириб, АҚШдаги сайловларга четдан аралашувга оид маълумотларни тақдим этганларга 10 миллион долларгача мукофот пули ваъда қилди.

Давлат департаментининг қўшимча қилишича, Russia Today медиа гуруҳи ҳамда Қўшма Штатлардаги шуъба корхоналари АҚШдаги ходимлари ва мулклари ҳақида ҳисобот бериши керак бўлади.

Бундан ташқари, Россия Мудофаа вазирлигининг пиарига масъул ва Украина ҳақида фейклар тарқатувчи «Диалог» лойиҳаси ҳамда унинг бош директори Владимир Табакка ҳам санкция қўлланди.

«Россия ҳукумати АҚШ сайлов жараёнлари ва институтларига ишончни сусайтириш учун узоқ вақтдан бери генератив сунъий интеллект, дипфейк ва дезинформация каби турли воситалардан фойдаланиб келади», — дейилади Молия вазирлиги баёнотида.

Маргарита Симонян Россия томонидан Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан бери Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Ғарбнинг бошқа давлатлари санкциялари остида қолиб келмоқда. АҚШ эса бунга қадар Симонянга қарши санкциялар қўлламаган эди.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери