Ўрта даромадли оила учун камхаражат хонадон қандай яратилади? БМТ субсидиялари ҳақида
Энергия тежамкор уйлар, яъни энергияни тежаш ва исрофни камайтириш мақсадида қурилган уйлар, замонавий қурилишнинг муҳим аспектларидан бири. Уларни қуриш ва энергия сарфини минималлаштириш, экологик таъсирни камайтириш, энергетика харажатларини қисқартириш ҳақида БМТТДнинг “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳасида танишинг.
Иссиқликни сақлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, иқтисодий манфаат бундай уйларни янада қулай қилади. Энергия тежамкор уйлар, шунингдек, глобал иссиқликни камайтиришга ва табиатни сақлашга ҳам катта ҳисса қўшади.
Пулингизни ва кучингизни тежанг!
Юқори даромадли оилаларда электр энергияси харажатларнинг ўрни деярли сезилмаслиги мумкин, бироқ нархлар ва фойдаланишга чекловлар ошаётган бир паллада ўрта даромадли хонадон эгалари учун электр токи тўловлари турли қийинчиликларни юзага келтириши турган гап.
Ақлли энергия тежамкор уйлар бу – энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган, энергияни самарали ишлатишга мослаштирилган хонадонлар ҳисобланади. Бундай уйларга электр токини тежаш учун автоматлаштирилган турли тизимлар ва ақлли қурилмалар ўрнатилади.
Мисол учун, ақлли бошқарув тизимлари хонадонни иситиш, совитиш, ёритиш жараёни ва бошқа қурилмаларнинг ишлашини автоматик равишда бошқаради. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ақлли бошқарув тизимлари хонадон ичида одам бор вақтда қурилмаларнинг ишлаши, йўқ вақтда эса ишлашдан автоматик равишда тўхташини таъминлайди. Бу эса, ўз ўрнида, энергия самарадорлигини оширади.
Шунингдек, ақлли энергия тежамкор уйлар қурилишида юқори сифатли изоляция материаллари ишлатилади, бу иссиқлик йўқотилишини камайтиради ва уйни йил бўйи қулай ҳароратда ушлаб туришга ёрдам беради.
Энергия тежамкор уйлар қандай қурилади?
“Хонадонларни иситиш, совитиш, ёритиш тизимлари, уйнинг автоматизация қилиниши энергия талаб қилади. Тежовчи мосламалар, самарадорликни оширувчи ускуналар қўйилиб, тежаш усуллари ташкил қилинади. Бунинг ўз қонун-қоидалари бор. Масалан қурилиш кетма-кетлигида энергиясамарадорликни ошириш учун биринчи бўлиб, иншоот конструкциясига, қурилиш материалларига, ойна-эшиклар жойлашувига эътибор қаратилади.
Биз ҳар бир квадрат метрдан максимал фойдаланишга эътибор беришимиз керак. Ривожланган мамлакатларда ҳар бир нарсадан унумли фойдаланишади. Пол, девор, шифтдан ҳам. Ёритиш ускуналари самарали жойлаштирилади.
Уй қураётганда орзу-ҳаваслар билан жуда баланд қуришади, лекин уни иситиш, ёритиш ўйланмайди. Қурилиб битгандан кейин қаралсаки, тежаш эмас, исроф йўлига кириб қолган. Уй бу – катта инвестиция ҳисобланади. Яъни тежамкор уйда унинг авлоди, фарзандлари яшайди. Бу уйда сув, электр тежалмаса оила аъзоларининг пули бутун умр шунга сарфланаверади. Яъни у касал уй ҳисобланади” дейди мутахассис.
Ақлли энергия тежамкор уйларда яшашнинг афзалликлари
Энергия тежамкор уйларда яшаш бир қанча афзалликларга эга. Ушбу уйлар энергияни самарали ишлатгани сабабли электр ва газ харажатлари сезиларли даражада камаяди. Ақлли қурилмалар ва изоляция уйнинг ички ҳароратини барқарор ушлаб туришга ёрдам беради, натижада энергия сарфи пасаяди.
Энергияни тежаш орқали атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид (CО2) миқдори камаяди. Бу табиатга катта ёрдам бўлади ва иқлим ўзгаришига қарши курашишга ҳисса қўшади.
Энергия тежамкор қурилмалар уйнинг қийматини оширади. Келажакда мазкур турдаги уйларни сотиш пайтида унинг нархини кўтариши ҳам мумкин.
Ақлли уй технологиялари уйни автоматик бошқариш функцияси орқали яшаш қулайлигини орттиради. Ҳарорат, ёритиш ва хавфсизликни масофадан назорат қилиш имконияти бунга яққол мисолдир.
Яхши изоляция ва ҳавони тозалаш тизимлари орқали уйнинг ички муҳитида ҳаво тоза сақланади. Бу эса аллергия, астма каби касалликларнинг олдини олишга ёрдам беради.
Молиявий жиҳатдан самарадорлиги эса уй бекалари томонидан алоҳида эътироф этиляпти:
“Қуёш панели ўрнатганимизга бир йил бўлди. Шу вақт давомида унинг самарадорлигини кўриб турибмиз – оилавий бюджетимизга анча фойда бўлди. Хонадонимизда чироқ ўчмайди, ҳаммада ўчса ҳам бизда электр энергияси бўлади. Ошхона, ҳаммомга иссиқ сув, электр керак, бизда улар мунтазам бўлади.
Бундан ташқари турмуш ўртоғим электромобилни қувватлаш учун ҳам қувватлаш шохобчасига бормасдан туриб қуёш панелидан олинган электрдан фойдаланади. БМТ томонидан ажратилган субсидиялардан фойдаландик, бу имкониятлардан мамнунмиз. Панелларни ўрнатмасимиздан аввал электр энергияси учун жуда кўп харажат қилардик. Масалан қиш ойларида 800-900 минггача тўлардик. Ёз ойларида ойига 300-400 минг атрофида тўлаганмиз. Қуёш панелларидан фойдалана бошлаганимиздан кейин оилавий бюджетимизга анча фойда бўляпти. Яқинда яна қўшимча панеллар ўрнатиш ҳаракатидамиз” деб таъкидлайди уй бекаларидан бири.
Қандай қурилмалар ўрнатиш мумкин?
Ақлли энергия тежамкор уйларда доимий тарзда энергия мониторингни юритилади. Бу жараёнда ақлли уй тизимлари хонадондаги энергия сарфини доимий равишда кузатиб боради ва ортиқча электр токи ишлатиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда исрофини камайтириш юзасидан маълумотларни тақдим этади.
Датчиклар ва ақлли термостатлар ёрдамида уйнинг ҳарорати ва ёритилиши автоматик равишда бошқарилади, бу тизим ҳам энергияни тежашга ёрдам беради.
Ушбу турдаги хонадонларга ақлли розеткалар ва чироқлар ҳам ўрнатилади. Улар масофадан бошқарилиши ёки дастурланиши мумкин, бу эса уйни тарк этганингизда ёки ухлашга ётганингизда электр жиҳозларини автоматик равишда ўчиришга имкон беради.
Ақлли энергия тежамкор уйларда, шунингдек, қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш тизими йўлга қўйилган бўлади. Масалан, биргина қуёш панеллари орқали эҳтиёжга мувофиқ электр энергияси ишлаб чиқарилади ва ундан фойдаланилади, ортиқча энергия эса тармоққа қайтарилади, бу орқали қўшимча даромад ҳам топиш мумкин.
Жаҳон бўйлаб ақлли энергия тежамкор уйлар қурилиши соҳасида турли мамлакатларда муваффақиятли тажрибалар мавжуд. Қуйида баъзи давлатларнинг илғор тажрибалари ҳақида таништириб ўтамиз:
Германия "Passivhaus" яъни пассив уйлар концепциясини ишлаб чиққан ва амалиётга киритган биринчи давлатлардан бири ҳисобланади. Пассив уйлар юқори изоляция, ҳаво ўтказмайдиган қурилиш ва энергия самарадорлиги юқори бўлган ойналар билан жиҳозланади. Бундай уйларда анъанавий иситиш тизимларига эҳтиёж жуда кам, чунки улар атроф-муҳитдан келадиган энергияни самарали тарзда йиғади ва кундалик эҳтиёжлар учун сарфлайди. Мазкур турдаги уйларда йиллик энергия сарфи анъанавий уйларга нисбатан 90% гача кам бўлади.
АҚШда "LEED" (Leadership in Energy and Environmental Design) яъни “Энергия ва атроф-муҳитни лойиҳалашда етакчилик сертификати” жорий этилган бўлиб, у экологик тоза ва энергия тежамкор биноларни қуриш мақсадида ишлаб чиқилган. Бу турдаги уйларда қуёш энергияси, ёмғир сувини йиғиш, қайта ишланган материаллар ва ақлли бошқарув тизимлари каби технологиялардан фойдаланилади.
Данияда "Energy Plus" концепцияси бўйича уйлар қурилади. Бу турдаги хонадонлар ўзлари сарфлайдиган энергиядан кўпроқ энергия ишлаб чиқаради яъни қуёш панеллари, шамол турбиналари ва бошқа қайта тикланадиган манбалардан фойдаланиб, "Energy Plus" уйлар ортиқча электр токи ишлаб чиқариши, ортиқчасини миллий тармоққа қайтариб бериши мумкин.
Японияда "Fujisawa Sustainable Smart Town" - "Барқарор ақлли шаҳарча" лойиҳаси йўлга қўйилган бўлиб, бу шаҳар бутунлай ақлли технологиялар ва қайта тикланадиган энергия манбалари асосида қурилган. Уйларда ақлли тармоқлар (smart grids), қуёш панеллари, энергия мониторинг ва автоматлаштирилган бошқарув тизимлари жорий этилган.
Австралияда янги қурилаётган уйларга 6 юлдузли энергия рейтингини олиш талаб этилади. Бу рейтинг юқори энергия самарадорлигини ва паст энергия сарфини кўрсатади. Рейтинг тизими орқали уйларнинг энергия барқарорлиги синовдан ўтказилади ва 6 юлдузли рейтинг олиш учун уйларда қуёш панеллари, энергия тежамкор ёритиш тизимлари ва юқори изоляция ўрнатилган бўлиши талаб этилади.
Швецияда "Nul-energy" концепцияси ишлаб чиқилган. Бу уйлар йил давомида сарфлайдиган энергиясидан кўпроқ ёки шу миқдорга тенг энергия ишлаб чиқаради. Одатда, бундай уйларда қуёш панеллари, ердан иссиқлик олиш тизимлари яъни геотермал энергия ва энергия самарадорлиги юқори бўлган изоляция материаллари кенг қўлланади.
Бу тажрибалар бошқа мамлакатлар учун ҳам ақлли энергия тежамкор уйлар қуришда йўл харитаси бўлиши мумкин. Бироқ концепция ишлаб чиқишда ёндашув маҳаллий иқлим, қонунчилик ва энергетика сиёсатига мос равишда шакллантирилиши лозим.
Энергия тежамкор уйлар учун субсидиялар
Ақлли энергия тежамкор уйларни қуриш ёки хонадонингизни айни шундай шаклда реконструкция қилиш учун Бирлашган Миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастури доирасида субсидиялар тақдим этилади.
Бунда:
Қуёш панеллари ва аккумуляторлар учун эркакларга 30%, аёлларга 32,5 %;
Қуёш сув иситкичлари учун эркакларга 25%, аёлларга 27,5 %;
Иссиқлик насослари учун эркакларга 25%, аёлларга 27,5 % ;
Икки қаватли ойна ромлари учун эркакларга 15%, аёлларга 17,5 %;
Уч қаватли ойна ромлари учун эркакларга 25%, аёлларга 27,5 %;
Ташқи деворлар иссиқлик изоляция қоплами учун эркакларга 35%, аёлларга 37,5 % миқдорида субсидия берилади. Субсидия маблағларини олиш ҳақидаги тўлиқ маълумотларни @BMTTDsubsidiyasi ёки Energymarket.uz манзиллари орқали олишингиз мумкин!
Ақлли энергия тежамкор уйлар учун дастлабки инвестиция катта бўлиши мумкин, аммо бу турдаги хонадонларнинг узоқ муддатли ресурс тежаш имкониятлари йиллар давомида ўзини оқлайди ва ортиқча харажатларни камайтиради.
Энергия тежамкор уйларда яшаш, умуман олганда, иқтисодий самарадорлик, экологик барқарорлик ва яшаш қулайлигини таъминлаш орқали ҳаёт сифатини яхшилашга ёрдам беради.
Тавсия этамиз
Йирик ҳисоб рецепти. Артета Анчелоттини қандай доғда қолдирди?
Спорт | 11:29 / 09.04.2025
Импортга чекловлар: масъул ва фаоллар ўртасида қизғин тортишув
Ўзбекистон | 22:40 / 08.04.2025
ЕЧЛда чоракфинал. «Реал» ва «Арсенал» ўйинида ким фаворит?
Спорт | 19:34 / 08.04.2025
Тошкентдаги қаҳвахонада тил билан боғлиқ ҳолат муҳокамаларни келтириб чиқарди
Ўзбекистон | 23:03 / 07.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Хитой Трампнинг божларига жавобан Ҳолливуд филмлари импортини қисқартиради
Жаҳон | 23:36
-
Билл Гейтс фарзандларига миллиардлаб доллар мерос қолдирмаслигини маълум қилди
Жаҳон | 23:29
-
Янги Ўзбекистон кўчасининг бир қисми 1 сентябрга қадар ёпилади
Жамият | 23:10
-
Хитойда оила қуриш қоидалари соддалаштирилди
Жаҳон | 23:08
Мавзуга оид

08:07
ДХХ: Республика миқёсида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига чек қўйилди

11:58 / 09.04.2025
БМТ 13 мингга яқин украиналик тинч аҳоли ҳалок бўлганини тасдиқлади

21:12 / 05.04.2025
Саида Мирзиёева БМТ Бош котиби ёрдамчиси билан учрашди

19:02 / 04.04.2025