Ўзбекистон | 21:59 / 24.08.2024
10760
12 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлар билан мулоқот, аномал дизел импорти ва соқол учун жарима — ҳафта дайжести

Шавкат Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёни 2 йилда якунланишига ишонч билдирди. Ўзбекистоннинг иттифоқчилари сони яна биттага кўпайди. Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинмоқда. Қатор ҳудудларда соқол ўстирган фуқаролар жаримага тортилаётгани маълум бўлди. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Ўтган йили 1 ноябрдан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор янги моддалар қўшилган эди. Шу ҳафта маълум бўлган ҳолатлардан келиб чиқилса, янги моддалардан бири бўйича Олий суд пленумининг тушунтириши ёки Конституциявий суднинг шарҳ беришига зарурат бор.

Кодекснинг 184 прим 4-моддасига кўра, фуқароларга шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда жамоат жойларида бўлиш тақиқланган. Бунинг учун БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима белгиланган. Олий суд сайтидаги суд қарорлари базасига қараганда, ички ишлар органлари ва судлар қатор ҳолатларда бу моддани соқол қўйган фуқароларга нисбатан ҳам қўлламоқда. Яъни жамоат жойида соқол ўстириб юриш – шахсни идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзни тўсиш дея малакаланяпти.

Турли ҳудудлардаги судларнинг қарорларидан маълум бўлишича, ички ишлар органлари “диний муҳитни соғломлаштириш” бўйича рейдлар ўтказиб турибди. Бу рейдларда соқоли ўсган эркаклар юқоридаги модда асосида жаримага тортилиши ҳолатлари кузатиляпти. Судларнинг бунга муносабати эса турлича: айрим судлар айбловни маъқуллаб, фуқарони жазолаётган бўлса, яна айрим судлар фуқарони соқол ўстиргани учун бу модда асосида айблаб бўлмайди, деган қарорга келмоқда.

Умуман олганда эса, 184 прим 4-модда бўйича ҳуқуқбузар деб топилаётган фуқароларнинг аксариятини хотин-қизлар ташкил этади. Бу модда кучга кирганидан кейин ўтган 10 ой ичида айни масалага доир 800 га яқин иш кўрилган бўлиб, уларнинг ярми биргина Андижон вилоятига тўғри келади.

Президентнинг тадбиркорлар билан мулоқоти

Бундан буён ҳеч кимда алоҳида ҳуқуқ бўлмайди. Хоҳ давлат стратегик корхонаси бўлсин, хоҳ хусусий корхона ёки хорижий инвестор бўлсин, иқтисодиётда ҳамма тенг шароитда бўлади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 20 август куни, тадбиркорлар билан анъанавий мулоқоти вақтида айтиб ўтди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига 2026 йилда аъзо бўлиш бўйича катта қадамлар қўйяпти.

Ушбу ташкилотга кириш – чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, ислоҳотларимизнинг ажралмас бир қисми. Лекин айримлар бунга шубҳа билан қараяпти, “корхоналар синади, импорт босиб кетади” деган хавотир билан юрибди.

Бир нарсани тушуниш зарур, импорт божлари ишлайди. Шунинг учун, ташкилот аъзолари билан музокаралар ўтказяпмиз. [...] Эртанги кунимиз – бу тенг рақобат муҳити ва экспортга қаратилган саноат ва савдо сиёсати. Халқаро ишлаб чиқариш занжирларига кирмасак, иқтисодий ўсиш биз кутгандек бўлмайди”, – деди президент.

Шавкат Мирзиёев юридик шахсларнинг лимитдан ташқари электр ва газ истеъмолчи учун оширилган тариф пасайтирилишини маълум қилди. Ҳозирда тадбиркорлар лимитдан ошган истеъмол учун 2 баробар нархда тўлаяпти. Янги тартибга асосан, бу чеклов қисқартирилиб, лимитдан 20 фоизгача ортиқ истеъмол базавий тарифда, ундан ортиғи эса базавий тарифга нисбатан ҳозиргидек 2 баробар эмас, 20 фоизга юқорироқ нархда ҳисоб-китоб қилиниши кутилмоқда. Бундан ташқари, тадбиркорлик рейтингида “юқори” ва “ўрта” тоифалардаги корхоналарга электр учун олдиндан тўловни бир ойда иккига бўлиб тўлашга рухсат берилади.

Президент очиқ мулоқотда тадбиркорлар учун яна кўплаб ижобий янгиликларни эълон қилди. Бу галги мулоқот Нукус шаҳрида бўлиб ўтди ва мулоқотдан бир кун олдин Қорақалпоғистонга ташриф доирасида ҳудудни ривожлантириш бўйича навбатдаги чоралар белгилаб олинди. Қорақалпоғистон аҳолисига қулай шароитлар яратиб бериш учун республика бюджетидан йил якунигача қўшимча 100 миллиард сўм ажратиладиган бўлди. Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича берилган топшириқлар ижросини назорат қилиш президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ва президент маслаҳатчиси Турсинхон Худайберганов зиммасига юклатилди.

ЙТҲларнинг 11 фоизини “права”си олиб қўйилган ҳайдовчилар содир этмоқда

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилган шахслар рулга ўтириб, авария содир этиши оқибатида ҳар йили юзлаб одамлар ҳалок бўлади. Ўтган йили бундай шахслар 707 та йўл-транспорт ҳодисасини содир этган. Уларда 212 киши вафот этган, 546 киши жароҳатланган. Бу ҳақда Сенатнинг мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг янги бошлиғи Шерзод Ибрагимов билан учрашувда айтиб ўтди.

Бу ўринда, орган ходимларининг фото-видеолари ҳақидаги модда сабабли кўпга чўзилаётган, аслида қоидабузар ҳайдовчиларни тийишга қаратилган қонунни яна эслатишга тўғри келади. Ўтган ҳафта Сенатдан қайтарилган қонунда нафақат жарима баллари тизимини жорий этиш, балки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахс яна рулга ўтирса, уни жиноий жавобгарликка тортиш ҳам кўзда тутилган эди. Бизнингча, “права”си олиб қўйилган ҳайдовчилар йилига 200 кишини ўлдираётгани, яна 550 кишини жароҳатлаётгани – амалдаги тизим қанчалик самарасиз ишлаётганини кўрсатиб турибди.

Қутбиддин Бурҳонов республика “ГАИ” бошлиғи билан мулоқотда пиёдалар учун светофорлар камлиги масаласига урғу бергани эътиборга молик. У аҳоли гавжум жойлардаги пиёдалар ўтиш жойларига светофорлар қўйилмаётганини танқид қилган. Шунга қарамай, расмий хабарга илова қилинган таклифлар рўйхатидан пиёдалар учун светофорларни кўпайтириш масаласи ўрин олмаган.

Энергетикадаги хабарлар

Ўзбекистон–2030 стратегиясига кўра, мамлакатимизда табиий газ қазиб олиш ҳажми 6 йил ичида 32 фоизга ошиб, 62 млрд куб метрга етиши керак. Лекин амалда қазиб олиш ҳажмлари йилдан йилга қисқаришда давом этяпти. Статистика агентлигининг маълум қилишича, шу йил январ-июл ойларида газ қазиб олиш ҳажми 4,8 фоизга камайган. Импорт ҳажми эса катта суръатларда ошяпти: 7 ойлик газ импортининг қиймати салкам 1 млрд долларга етиб қолган. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 баробарга кўп.

Охирги вақтларда дизел ва пропан таъминотидаги вазият ҳам кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди. 22 август куни биржада пропан нархи тоннасига 8,8 млн сўмгача чиқди, бу 3 ой олдинги нархлардан 84 фоизга юқори. Дизел масаласида эса, бу ёқилғи импорти охирги 2 йилда 7,3 баробарга ошгани муҳокамаларга сабаб бўлди, чунки дизел импортининг бундай кескин ошиши GTL заводи дизел ишлаб чиқара бошлаганидан кейинги даврга тўғри келган. Бу завод Ўзбекистонда дизел, пропан ва авиакеросин таъминотини яхшилаб, бу маҳсулотлар нархларини арзонлаштириши кутилган эди. Амалдаги вазият эса завод қурилиши учун “Ўзбекнефтгаз” қарзлар ҳисобидан 3,4 млрд доллар сарфлаганига нисбатан саволларни юзага келтиряпти.

Дизелдан ташқари, охирги 1 йилда мазут импорти 2 баробарга, бензин импорти эса 1,5 баробардан кўпроққа ошган. Бу маълумотларни очиқлаган Божхона қўмитаси табиий газ бўйича рақамларни тақдим этмади. Агар очиқланганида, бу – Ўзбекистон газни ўртача қанча нархдан сотиб олаётгани ва қанча нархга экспорт қилаётганини билиш имконини берган бўларди.

Энергетика соҳасида ҳафтанинг муҳим хабарларидан яна бири – Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг бир қисми қайта сотилгани бўлди. Saneg компаниясининг маълум қилишича, завод активларининг бир қисми Американинг Air Products компаниясига 140 млн долларга сотиляпти. Эътиборлиси, Saneg'нинг ўзи икки йил олдин нефтзаводни тўлалигича 100 млн долларга хусусийлаштириб олганди. Компания бунинг учун давлатга тўловни ҳали тўлиқ амалга оширмаган.

Коррупция ҳолатлари

Наманган вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Саидаҳмад Султоновга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Маълум бўлишича, у йўллар қурилиши бўйича лойиҳаларни ҳеч қанақа тендерсиз битта компанияга топшириб, бунинг учун компания раҳбаридан камида 50 минг доллар олган. Бундан ташқари, Султонов тадбиркорлардан “Навбаҳор” футбол клуби учун ҳомийлик маблағи дея 30 минг доллар олиб, уни шахсий мақсадларига ишлатиб юборган. Шу ва бошқа жиноятлари учун вилоят даражасидаги собиқ амалдор 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ҳафта давомида яна қатор маҳаллий раҳбарлар устидан жиноят ишлари очилгани маълум бўлди. Хусусан, Андижон вилояти Балиқчи тумани ҳокими ўринбосари 30 минг доллар билан қўлга олинган. У 2019 йилги сана билан туман ҳокимининг қарорини тайёрлаб, ҳокимлик захирасидаги ер майдонини сотмоқчи бўлгани айтилмоқда. Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳри ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчиси жиноий шериклари билан бирга фуқаролар номига 1,2 млрд сўмлик кредит олиб, талон-торож қилгани аниқланди. Бундан ташқари, Тошкент ва Жиззахда ҳам ҳоким ёрдамчилари пора билан қўлга тушди: ер сотишга уринган Ўрта Чирчиқ ҳокимининг ёрдамчиси 13 минг доллар, шифохонага ишга жойлаб қўйишни ваъда қилган Ғаллаорол ҳокими ёрдамчиси эса 1200 доллар олган вақтида ушланган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистон ва Озарбойжон ўзаро муносабатларни иттифоқчилик даражасига олиб чиқди. Бу ҳақдаги шартнома 23 август куни Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида имзоланди. Музокараларда томонлар Ўзбекистондан Озарбойжон орқали Европага яшил энергия экспорт қилиш лойиҳасини тезлаштиришга келишиб олди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон шу йил апрелда Тожикистон билан, 2021 йилда эса Қозоғистон билан ҳам иттифоқчилик муносабатларини ўрнатган эди.

Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади. Бу ҳақдаги қонун 20 август куни Қонунчилик палатасида биринчи ўқишдан ўтди. Ҳужжат кучга киргач, Тошкент шаҳри ва вилояти учун алоҳида белгиланган, конституцияга зид, дискриминацион тартибдан воз кечилади ва бутун республика ҳудудида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишнинг ягона тартиби амал қила бошлайди. Бунда, яшаш жойини ўзгартирган фуқаро бу ҳақда “паспорт стол”га хабар бериб қўйиши етарли бўлади. Эслатиб ўтамиз, аслида бу қонун лойиҳаси парламентга бундан бир йил олдин киритилиши керак эди.

Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун “сирли” тарзда қабул қилинди. Қонунчилик палатасининг сешанба кунги мажлиси доимгидек онлайн эфирга узатиб борилган бўлса-да, кўп ўтмай эфирдан ташқарида ҳам мажлис бўлгани ойдинлашди. Унда депутатлар “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонунни қабул қилган. Ёпиқ тарзда қабул қилинган қонун “очиқлик сиёсатини янада кенгайтириши” айтилмоқда. Хусусан, инсон ҳуқуқларининг бузилишига оид маълумотларни махфийлаштириш тақиқланади.

Ташаббусли бюджет”нинг 2-мавсумида овоз бериш жараёни бошланди. 2 триллион сўмлик бюджет маблағига 23 мингдан ортиқ ташаббус даъвогарлик қиляпти. Бу мавсумдан бошлаб, мажбурий овоз тўплашга қарши курашиш учун, овоз бериш муддати 10 кунгача камайтирилди. Шунингдек, аҳолиси кам маҳаллаларнинг имкониятини ошириш мақсадида, охирги иккита мавсумда кетма-кет ғалаба қозонган маҳалла ва ташкилотларнинг ғолиб чиқишига чеклов ўрнатилди. Овоз бериш жараёни 1 сентябргача давом этади. Мажбурий овоз тўплаш ҳолатлари ҳақида 1282 ишонч телефони орқали хабар бериш мумкин.

Ўзбекистонга маиший техника маҳсулотлари импорти кескин камайди. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йилнинг биринчи ярмида кондиционер импорти 1,5 баробарга қисқарган. Совиткич ва музлаткичлар импорти 35 фоизга, дазмол импорти 46 фоизга, телевизор импорти 43 фоизга камайиб кетган. Эслатиб ўтамиз, шу йил 1 февралдан бошлаб маиший техника маҳсулотлари импортига қатор нотариф тўсиқлар қўйилган, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга эса имтиёзларнинг янги пакети тақдим этилган эди.

Мавзуга оид

Эълонлар

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани