Доҳадаги Ғазо бўйича музокаралар, Европанинг Исроилга таҳдиди ва Ҳаррисни антисемитизмда айблаган Трамп — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият
Исроилнинг Ғазодаги Ал-Мавасий ҳудудига берган зарбаси туфайли аёл ва унинг уч боласи ҳалок бўлди.
Геноцидда айбланаётган Исроил армияси Хон Юнус шаҳрининг ғарбида жойлашган, турар жойларидан кўчирилган фаластинликларнинг чодирларига ҳужум қилган.
Она ва унинг болалари ҳалок бўлган чодир «Чегара билмас врачлар» халқаро инсонпарварлик ташкилоти офиси яқинида бўлгани хабар қилинмоқда.
Аввалроқ Исроил қарийб 1 миллион одамни мажбуран қамаган, ўзи «ҳуманитар зона» деб эълон қилган Ал-Мавасийга ҳужум уюштиришни бошлаш режасини очиқлаган эди.
Ал-Мавасийдан бошпана топган фаластинликлардан яна эксклавнинг бошқа ҳудудларига кўчиш талаб қилинган.
Исроил армияси Нусайрат қочқинлар лагерига ҳам ҳужум уюштирган. Ғазонинг марказида жойлашган Нусайратда Абу Сабика оиласининг уйи нишонга айланган. Қурбон бўлганлар ва ярадорлар, жумладан, ёш болалар жабрлангани хабар қилинмоқда.
Ғазо бўйича музокаралар
Қатар пойтахти Доҳада АҚШ, Қатар ва Миср воситачилигида Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларнинг иккинчи куни бўлиб ўтди. ҲАМАСнинг олий мартабали вакили Reuters агентлигига музокаралар натижалари тўғрисида тақдим этилган маълумот 2 июл куни тасдиқланган мажбуриятларга мос келмаслигини таъкидлаган.
ҲАМАС ҳаракати АҚШ томонидан таклиф қилинган Исроил билан ўт очишни тўхтатиш келишувининг янги таҳририни рад этди.
«Ҳаракат ўз баёнотида янги таклифнинг аввалги келишилган талқиндан сезиларли даражада фарқ қилишини, яъни улар буни қабул қилишга тайёр эмаслигини билдирди», дейилади Associated Press хабарида.
Исроил ва ҲАМАС бир-бирини келишувга эришиш учун тўсқинлик қилаётганликда айблаган, лекин ҳар икки томон келишувга эришиш мумкинлигини инкор этмаган. Фаластин ҳаракати Тел-Авивни келишишни истамаслик ва тинчлик жараёнини чўзаётганликда айблаган.
Шу сабабли ҲАМАС Доҳадаги музокараларда иштирок этишдан бош тортган, бироқ мулоқот якунланганидан сўнг халқаро воситачилар — Қатар ва Миср билан алоҳида гаплашиб олишини қайд этган.
Айни пайтда музокаралардаги энг баҳсли масалалар — Исроил қўшинларининг Ғазода кейинчалик ҳам мавжуд бўлиб туриши, гаровда ушлаб турилганларнинг озод этиш тартиби ва фуқароларнинг Ғазо жанубидан шимолига эркин ҳаракатланишига чекловлар бўлиб турибди.
Умуман олганда Доҳадаги музокаралар жиддий, конструктив ва ижобий муҳитда ўтган, деб хабар қилмоқда Миср президенти маъмурияти.
Миср президенти матбуот котиби Аҳмад Фаҳмийнинг ёзма баёнотида музокараларда АҚШ, Миср, Қатар ва Исроил расмий шахслари иштирок этгани қайд этилган.
БМТ бонг уради
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроил ҳужумлари кучайиб бораётган Ғазо жанубида фаластинларнинг тортаётган азоблари тобора ошиб бораётганини «жаҳон афкор оммаси жим кузатаётгани»ни таъкидлади.
Ню Йоркда жойлашган бош қароргоҳда матбуот учун баёнот берар экан, Гутерриш шундай деди:
«Биз бу ерда Ғазодаги фаластинликлар учун яна нима ёмонликлар бўлиши мумкинлиги ҳақида тахмин қилиб турганимизда, уларнинг азоб-уқубатлари ошиб бормоқда ва ҳамма жим кузатиб турибди».
Бош котибнинг қайд этишича, Ғазо инсонпарварлик масаласида «эркин тушиш» ҳолатини бошдан кечирмоқда. Унинг сўзларига кўра, сўнгги ҳафталарда минтақадаги оқар сувларда ёш болаларни фалаж қилувчи полиомиелит вируси топилган. Бу хавфли зонада бўлиб турган юз минглаб болаларга вирус юқиши мумкинлигини англатади.
«БМТ Ғазодаги 340 мингдан ортиқ ёш болаларни полиомиелитга қарши эмлаш юзасидан ҳаётий зарур кампанияни бошлашга тайёрланмоқда», — деган Гутерриш.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк қамал қилинган Ғазо секторида 40 мингдан ортиқ фаластинликнинг ҳалок бўлишини «тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолат», деб атади.
«Ҳалок бўлганларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Аксарият ҳолларда бундай тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолат Исроил армияси томонидан уруш қоидаларига қатъий риоя қилмаслик туфайли юзага келяпти», — дейилади Олий комиссар баёнотида.
Комиссар Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари ҳисоб-китобларига асосланиб, сўнгги 10 ой ичида Ғазода ҳар куни ўртача 130 га яқин одам ҳалок бўлганини айтди. «Исроил ҳарбийларининг уйлар, касалхоналар, мактаблар ва ибодатхоналарни вайрон қилиш кўлами чуқур шокка солади», деган у.
БМТ Олий комиссари дунё бу қирғинларга чек қўйишга қодир бўла олмаётганини таъкидлади.
Европанинг Исроилга таҳдиди
Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Исроилнинг Ўрдун дарёси Ғарбий соҳилидаги фаластинликларга уюштирган ҳужумини қоралади. Ҳужум оқибатида бир нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Боррел Исроил ҳукумати аъзоларига қарши санкциялар жорий этилиши мумкинлигини айтди.
«Биз Фаластиннинг тинч аҳолисини террор қилишга қаратилган Житадаги ҳужумни қоралаймиз. Кундан кунга деярли жазосиз қолаётган кўчирилган исроилликлар ўзлари босиб олинган Ғарбий соҳилда зўравонликларни авж олдириб, тинчлик учун ҳар қандай имкониятни хавф остига қўймоқда», — деб ёзади у Х ижтимоий тармоғида.
Боррел Исроил ҳужумати ушбу ҳаракатларини зудлик билан тўхтатиши кераклигини айтиб, босқинчиларнинг шерикларига, жумладан, Исроил ҳукуматининг айрим аъзоларига Европа Иттифоқи санкцияларини қўллаш ниятини маълум қилди.
Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳилидаги аҳоли пунктига уюштирилган ҳужум ҳақида The New York Times газетаси хабар берди: яҳудийлар ичида ёнувчан модда бор идишларни отиб, уй ва машиналарга ўт қўйган.
15 август куни ЕИ дипломатик хизмати «исроиллик айрим вазирлар» босиб олинган Шарқий Қуддуснинг муқаддас жойлар статус-квосини бузишга уринаётганини танқид қилган эди.
Трамп Исроил томонда
Республикачилардан АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп пайшанба куни антисемитизмга қарши кураш бўйича тадбирда иштирок этган.
Ўз нутқида Трамп рақиби Камала Ҳаррисни танқид қилиб, Фаластин тарафдорлари бўлган намойишчиларни «каллакесарлар» деб атаган ва Исроил ҳудудини кенгайтириш масаласини ўртага ташлаган.
АҚШ президентлигига демократик партиядан номзод Камала Ҳаррис яҳудий адвокат Дуглас Эмҳоффга турмушга чиққанига қарамасдан, Трамп уни антисемитизмда айблаган.
«Камала Ҳаррис ғарб цивилизациясини, биринчи навбатда Исроил ва яҳудий халқини йўқ қилишни истаётган кучларнинг номзодидир», — деган Трамп ўз чиқишида.
Ғазода бўлаётган хунрезликларга қарши намойишга чиқаётганларни «ҲАМАСни қўлловчи каллакесарлар» ва «жиҳод тарафдорлари» деб атаб, Трамп агар Оқ уйга қайтадиган бўлса Исроил ҳужумига қарши бўлганларни мамлакатдан чиқариб юборишни ваъда берган.
Трамп “Исроил Яқин Шарқдаги бошқа давлатлар билан солиштиришганда харитада кичик бир нуқтадек кўриниши”ни таъкидлаб, “Исроилни кенгайтириш”нинг қандайдир йўллари борми, деган масалани ўртага ташлаган.
Собиқ президент тадбирга ўзининг энг йирик донорларидан бири Шелдон Аделсоннинг беваси Мириам Аделсон билан бирга кириб келган. Аделсон хоним Трамп яна Оқ уйни эгаллаши учун «Исроил хавфсизлиги ва равнақига қайғурадиган ҳар қандай яҳудий жон куйдириши керак», деган.
Июн ойида Аделсон Исроилнинг ноқонуний оккупация қилинган Ғарбий соҳилни аннексия қилиши ва Фаластин давлатининг тузилиши йўл қўймаслик эвазига Трампни қўллаб-қувватлаш учун 100 млн доллардан ортиқ маблағ сарфланишини ваъда қилган эди.
Узоқ «ёнадиган» санкциялар
Қрим аннексияси ва Украинага босқиндан кейин Россияга қарши жорий этилган санкциялар яна узоқ муддат ўз кучида қолади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Иқтисодий ҳамкорлик департаменти директори Дмитрий Бирический маълум қилди.
«Бу ҳолат ўнлаб йиллар давом этади. Украинадаги инқирозни ҳал қилиш жараёни ва натижаси қандай бўлишидан қатъи назар», — деган дипломат.
Унинг сўзларига кўра, Украинага қарши уруш шунчаки «баҳона» бўлган, санкциялар мақсади — «адолатсиз рақобат».
«Улар янги санкцияларни, янги чекловларни жорий этмоқда. Бу спирал давом этяпти ва бу тўхтамайди — мен бундан умид қилмаган бўлардим», — дея таъкидлаган у.
2014 йилдан бери ғарб давлатлари 20 мингдан ортиқ Россия компаниялари ва жисмоний шахсларини санкциялар рўйхатига киритди. Натижада РФ чекловлар бўйича дунёда рекордчига айланди — бу борада у Эрон ва КХДРни ҳам ортда қолдирди. Биричевскийнинг айтишича, Москва ушбу давлатлар билан мунтазам таржиба алмашиб, ундан санкцияларга қарши ҳаракатда фойдаланмоқда.
Биричевскийнинг қўшимча қилишича, саноат ва банк тизими учун санкциялар қанчалик оғир бўлмасин, улар Россияни «иқтисодиёт тузилмасини қайта қуришга» мажбурламоқда.
«Биз 90 йиллар бошида нефть, газимиз бор, қолган барча нарсани хориждан сотиб оламиз, деб ҳисоблардик. Энди эса сотиб ололмаймиз», — деган мулозим.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
Келлог: Украина Россия билан урушни тугатиш учун АҚШнинг «22 та шарти»га рози бўлди
Жаҳон | 08:52
-
Исроил Дамашқдаги президент саройи яқинига зарба берди
Жаҳон | 08:44
-
Тошкентда туманида иккита машина ёниб кетди
Ўзбекистон | 08:38
-
Тошкент кўчаларидан бирида машиналар ҳаракати вақтинча тўхтатилди
Ўзбекистон | 08:37
Мавзуга оид

14:48 / 01.05.2025
Ўрмон ёнғинлари қоплаган Исроил, мақтанган Трамп ва Ҳиндистон ҳужумини кутаётган Покистон – кун дайжести

13:55 / 17.04.2025
Инсонпарварлик ёрдамисиз қолган Ғазо, урушдан миллиардларни ишлаётган КХДР ва сулҳ имзолашга тайёр Арманистон — кун дайжести

13:28 / 16.04.2025
Ғазода тинчликка янги умид, Туркия таъсиридан хавотирга тушган Исроил ва Трампдан Путинга сўнгги муҳлат — кун дайжести

13:45 / 15.04.2025