“Нархи арзон нарсанинг қадри ҳам бўлмайди” — сув таъминоти масъуллари билан суҳбат
Сўнгги ойларда Ўзбекистон ҳудудларида ичимлик суви тарифлари оширилмоқда. Хусусан, 9 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳрида ҳам янги тарифлар кучга киради. Kun.uz мухбири шу муносабат билан “Ўзсувтаъминот” бошқарма бошлиғи Султонхўжа Дадабоев ва компания матбуот котиби Акмал Муродовга бир қатор саволлар билан юзланди.
— Бизда мавжуд сув захиралари бўйича ҳолат қандай? Аҳоли ва истеъмол ўсиб бориши кабиларнинг таъсири қандай бўляпти?
Акмал Муродов: — Ичимлик суви – бутун дунёдаги энг актуал масала, айниқса, сув захиралари кундан кунга камайиб бораётган Марказий Осиёда.
Ўзбекистондаги сув захираларининг 70 фоиздан ортиғи қўшни давлатлардаги манбалар орқали шаклланади. Лекин айни ўша сув бошида турган қўшни давлатларда сув нархи биздагидан қиммат. Ваҳоланки, аҳолига ичимлик суви етказиб бериш катта меҳнат, маблағ талаб этилади, 23 мингдан ортиқ ишчи-ходимлар ишлайди. “Сувтекин”, “олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” каби тушунчалар онгостимизга сингиб қолган, лекин буларни унутадиган вақт келди.
Таҳлилларга кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиё сув тақчил бўлган ҳудудга, хусусан Ўзбекистон сув энг танқис бўлган 33 давлатдан бирига айланади. Бунга бор-йўғи 20 йилдан кўпроқ вақт қолди. Агар шу кетишда исроф қилаверсак, бу вақт яна ҳам қисқариши мумкин. Биз сувга нисбатан ҳаддан ташқари қўпол муносабатда бўляпмиз, исрофгарчиликнинг юқори даражасига етдик. Шу йил ёзда Қозоғистон ва Қирғизистон умумий ҳаммомлар ва автомобил ювиш шохобчаларига чекловлар қўйишди. Биз аҳоли фаровонлигини ўйлаб шу ишни қилмадик, аммо одамларимиз яна ҳам исрофгарчиликни кўпайтиришди.
Биз сувга нисбатан муносабатни эволюцион эмас, революцион ўзгартиришимиз керак, чунки кеч қолдик. Фарзандларимиз, невараларимизнинг сувини сарфлаб бўлдик аслида.
Султонхўжа Дадабоев: — Юқорида айтилгандек, Жаҳон банкининг таҳлилига кўра, бизнинг ҳудудда сув ресурслари камаяди, талаб эса ошади ва сув тақчил бўлган ҳудудга айланамиз. Агар шу бугун кескин ўзгаришлар бўлмаса, йилдан йилга ресурсларимиз камайиб, аҳвол ёмонлашаверади.
— Республикамиз аҳолисининг неча фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган? Ва яна неча йилда ичимлик суви билан таъминланмаган аҳоли ҳолати ижобийлашади? Моддий-техник имкониятлар қандай?
Султонхўжа Дадабоев: — Бугунги кунда республикамиз бўйича умумий 74 фоиз аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланган. Сурхондарё, Қашқадарё ва Жиззах вилоятлари энг кам ичимлик суви билан таъминланган ҳудудлардир, хусусан, Қашқадарё вилояти тоза ичимлик суви билан 51,6 фоиз таъминланган.
Акмал Муродов: — 74 фоиз аҳоли таъминланган, деяпмиз, бу дегани ҳар тўртинчи одам марказлашган қувурдан сув ичмайди, дегани. Ҳали аҳолимизнинг тўртдан бир қисмини сув билан таъминлаш вазифаси турибди. Йирик қувурларимиз ўтган асрнинг 60-70-йилларида ётқизилган, сувни тўхтатиб, бирдан янгилаб бўлмайди уларни, босқичма-босқич амалга оширилади. Яъни ҳали тизимда мавжуд муаммолар ҳам кўп.
Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига кўра, 2026 йилга бориб, 90 фоиз аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланиши керак.
Моддий-техник имкониятлар ҳаминқадар. Аҳоли қарзларини ўз вақтида бермаётган, биз бу ёқда кредит тўлаб ётган бўлсак ҳам, жараёнлар режали тартибда амалга ошириляпти. Агар аҳолидаги 1 трлн сўм қарздорлик вақтида тўланганида, биз ҳозир таъминотни 90 фоизга етказиб, соҳани модернизация қилиш ҳақида гапираётган бўлардик.
Илгари бемалол ариқдан сув ичардик, нон ботириб ердик. Ҳозир ҳатто ариқларда чўмилиш хавфли, шу даражада ифлослантиряпмиз. Шу сув ўзимизга, эртага болаларимизга керак.
— Биз асосий сувни қишлоқ хўжалигига сарфлаймиз. Катта ҳажмли сув йўқотишлар ҳам айни шу томондан бўлади. Бу борада ҳам қандайдир назорат ўрнатилганми, қандай аниқ режалар бор?
Акмал Муродов: — Бир йиллик сув сарфининг 87 фоизи қишлоқ хўжалигига ишлатилади, 9 фоизи энергетика ва балиқчиликка ишлатилади. Орол денгизи қуриши сув сиёсатимизнинг биринчи фожиаси бўлса, қишлоқ хўжалигига ҳали ҳам 87 фоиз ишлатаётганимиз иккинчи фожиамиздир. Чунки аллақачон янги инновацион суғориш тизимларига ўтиш кераклиги таъкидланяпти, субсидиялар, имтиёзлар бериляпти. Лекин бугунги кунда 23 та туманда мониторинг олиб борилганда фермерлар қудуқ қазиш мумкин бўлмаган жойлардан сув чиқарган. Бу ҳам етмагандай, ҳар хил кимёвий моддаларни қудуқларга ташлаган, сув ости сувлари ҳам заҳарланган. Ерости сувлари 5 метрдан 15 метргача пастлаган. Энди гидрогеология маркази хулосаси билан қудуқ қазиш йўлга қўйилади.
Мисрга канализация тармоқлари, сув иншоотларини ўрганиш, тажриба алмашиш учун бордик. Маълумки, канализация оқова сувларини 15 кмдан сўнг қишлоқ хўжалигига ишлатиш мумкин. У ерда ўша тиндирилган канализация сувлари ҳам далаларга қувурлар орқали олиб бориларкан. Сувнинг қадри ана шу даражада бўлиши керак.
Султонхўжа Дадабоев: — Бир мисол айтаман. Ҳамкасбимиз бир чет давлатда бўлганда ҳаво иссиқлиги сабабли меҳмонхонада бир неча кун душ қабул қилган. Меҳмонхонадан чиқишда минг евролик жарима қоғози беришган, чунки у белгиланган вақтдан ташқарида ювинган экан. Мана, оддий бир мисол, сувга муносабат.
— Тарифлар ошиши масаласи. Шу бўйича асосий сабабларга тўхталсак, улар нималар?
Султонхўжа Дадабоев: — Айтайлик, ҳар бир шахснинг кундалик мажбуриятлари бор. Агар шу мажбуриятларга яраша маблағ бўлмаса, ё қарз олади, ё мажбуриятларнинг бир қисмини бажармайди. Шу маънода биз ҳам сув нархини оширишга мажбурмиз.
Акмал Муродов: — Оддий қилиб тушунтирсак, бозордаги сотувчи-деҳқон маҳсулотига нархни тайёр бўлгунга қадар кетган харажатдан келиб чиқиб нарх белгилайди. Тарифлар ошиши ҳам мана шундай бўлади.
Султонхўжа Дадабоев: — Сўнгги бор тарифлар 3 йил олдин қайта кўриб чиқилган эди. 3 йил ичида, албатта, нархлар ўзгарди. Хизмат кўрсатиш, тозалаш, иншоотлар реконструкцияси, сув тозалаш учун ишлатиладиган воситалар, сув таъминотчилар олдидаги мажбуриятлар, кредитларимиз бор – умуман, мана шундай омиллар таннархга таъсир қилади. Умумий ҳисобда 3 йил давомида сув таъминоти корхоналаридаги ичимлик суви таннархи 40 фоизга ошди, аммо даромад ўзгармади, харажатлар ошди. Бу маблағ танқислигини юзага келтиради.
Акмал Муродов: — Халқаро молия институтлари кредитлари бор, ишчи-ходимларнинг маоши бор, жорий ва капитал таъмирлаш ишлари, транспорт воситалари харажатлари, электр таъминоти харажатлари. Демоқчиманки, сув таъминоти корхоналари сув етказиб беришдан ортиқча фойда кўрмайди. Агар тарифлар ошмай, шу кетишда бўлса, бизда катта қарздорликлар келиб чиқади.
— Тариф нархлари оширилишида аҳолининг даромади, имкониятлари ҳам ҳисобга олиндими?
Акмал Муродов: — Нарх ошди деб бонг уриляпти, лекин аҳоли ҳудудидаги сув нархини биладими? Тўғри, бунда бизнинг ҳам айбимиз бордир, тарғибот ишлари суст олиб боргандирмиз. Мисол учун, Қашқадарё вилоятида 1 куб (минг литр) сув учун 2 минг сўм этиб белгиланди нарх. Қандай қилиб минг литр сувга 2 минг сўм тўлолмайди одамлар? Биз дунёдаги ичимлик суви энг арзон бўлган давлатлардан биримиз. Янгиланган тарифлар бўйича ҳам қўшни давлатлардан арзон бизда. Сувнинг қадрини кўтармоқчи бўлсак, нархини ҳам кўтариш керак.
— Аҳоли қарздорлиги эски тарифлар бўйича қоладими?
Султонхўжа Дадабоев: — Ҳа, аҳоли қарздорлиги эски тарифлар бўйича ҳисобланади.
— Сув истеъмоли бўйича ноқонунийликка йўл қўйганларга нисбатан қандай жазо чоралари бор?
Акмал Муродов: — Жорий йилнинг май ойида Жиноят кодексининг 169-моддасига (ўғрилик) ўзгартириш киритилди. Электр энергияси, газ ва сув тармоқларига ноқонуний уланган бўлса, жиноий жавобгарликка тортилади ва 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш чоралари қўлланилади. Жазолар қатъийлаштирилди, энди шунчаки жарима тўлаб кетиш йўқ.
Уралбек Бўриев суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
Ўқитувчиларни овоз йиғишга мажбурлаган мактаб директори ишдан олинди
Ўзбекистон | 11:20 / 14.03.2025
Путин АҚШ ва Украинанинг 30 кунлик оташкесим таклифига рози бўлди
Жаҳон | 23:00 / 13.03.2025
“Хитой билан орамиз бузилишини истовчи давлатлар бор” – тармоқдаги долзарб мавзу ҳақида суҳбат
Ўзбекистон | 15:17 / 13.03.2025
«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти
Ўзбекистон | 12:30 / 13.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Зеленский тинчлик бўйича музокараларда иштирок этадиган Украина делегацияси таркибини тасдиқлади
Жаҳон | 03:50
-
Финландия АҚШга тухум етказиб беришдан бош тортди
Жаҳон | 00:25
-
Трамп Лотин Америкасига гиёҳванд моддаларга қарши курашда ёрдам кўрсатишни тўхтатди
Жаҳон | 00:00
-
Латвия Беларус билан чегарадаги ягона назорат-ўтказиш пунктини ёпди
Жаҳон | 23:05 / 16.03.2025
Мавзуга оид

12:20 / 06.03.2025
Кўчангиз асфалт қилинмаган, ичимлик суви ва канализация йўқми? Бу ҳақда Telegram орқали хабар беринг

21:48 / 12.02.2025
“Аҳолини ичимлик сув билан 100 фоиз таъминлаш имконсиз” – “Ўзсувтаъминот” АЖ

17:35 / 12.02.2025
“Ичимлик сув учун нақд пулда амалга оширилган тўлов базада қайд этилмайди” – “Ўзсувтаъминот”

16:17 / 11.11.2024