Ўзбекистон | 12:20 / 06.03.2025
15731
2 дақиқада ўқилади

Кўчангиз асфалт қилинмаган, ичимлик суви ва канализация йўқми? Бу ҳақда Telegram орқали хабар беринг

Ўзбекистонда аҳолининг ичимлик суви, канализация ва сифатли йўл билан таъминланганлик ҳолати ҳақида йиғилган маълумотлар бевосита аҳоли иштирокида қайта текширилмоқда. Бунинг учун аҳолидан 2 дақиқа вақт ажратиб, @real_holat_bot Telegram-боти орқали сўровномада иштирок этиш сўралмоқда. Тўпланган маълумотлар ижтимоий инфратузилмани яхшилаш дастурлари учун асос бўлади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда ҳар бир кўча кесимида ичимлик суви, канализация ва йўллар қопламасининг ҳолати бўйича аниқ маълумотларни тўплаш мақсадида онлайн хатловга старт берилди.

Бу хатлов 10 мингта мактаб, 7 мингта болалар боғчалари, 3 800 та тиббиёт муассасалари, 880 та спорт иншоотлари ва бошқа ижтимоий объектлар инфратузилмасига оид геопорталини яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Геопортал келгусида давлат инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Геопортални яратиш учун аввалига Бандлик вазирлиги кўмагида ҳар бир маҳалла бўйича аҳолининг ичимлик суви, канализация ва йўллар қопламасининг сифати бўйича бирламчи маълумотлар тўпланди.

Жорий босқичда эса сўровнома орқали бу маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш, аҳоли иштирокида техник хатоларни бартараф этиш мақсад қилинган.

Сўровнома @real_holat_bot Telegram-боти орқали, онлайн тарзда ўтказилади. Сўровномада иштирок этиш учун шахсий маълумотларни киритиш шарт эмас, шахсни тасдиқлаш ҳам талаб қилинмайди.

Сўровнома 2025 йил 3–15 март кунлари ўтказилиб, унда ҳар бир фуқаро иштирок этиши мумкин. Сўровномада иштирок этиш вақтида маҳалланинг жойлашуви, кўча номи, сув таъминоти, канализация ва йўллар қопламаси ҳолатини кўрсатиб ўтиш лозим.

Агар кўчангизда мактаб бўлса, унда ичимлик суви бор ёки йўқлигини белгиланг. Маълумотларни тўғри ва аниқ киритишни, сўровноманинг охиригача ўтишни унутманг. Сўровномадан ўтишга 2 дақиқа вақт талаб этилади.

Маълумот учун, ижтимоий объектлар геопортали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг “Delivery Unit” офиси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан, “Ўзбекистон-2030” стратегияси ҳамда “2025–2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори доирасида шакллантирилмоқда.

Мавзуга оид