Жамият | 19:59 / 04.07.2023
35425
6 дақиқада ўқилади

“Ҳаётда мўъжизалар кўп, уларни тушуниш учун ҳам илм олиш керак” – Италияда магистратурада ўқиётган биолог қиз

Шоҳсанам Давлатбоева 2 йилдан бери ўсимлик биотехнологияси йўналишида хорижда тўлиқ грант асосида таҳсил олиб келади, у келгусида Нобел мукофоти лауреати бўлишни режа қилган. Kun.uz билан суҳбатда у қандай қилиб чет элга ўқишга киргани, бунда талабалар нималарга эътибор қаратиши кераклиги, биотехнология мамлакат учун қанчалик аҳамиятли экани ҳақида гапириб берди.  

Шоҳсанам Давлатбоева 1998 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 2021 йилда Ўзбекистон Миллий университети биология йўналишини тамомлаб, Erasmus Mundus қўшма магистратура дастурининг тўлиқ гранти асосида аввалига Венгриянинг “Hungarian University of Agriculture and life” ( Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлари) университети, ҳозирда эса Италиянинг “University of Milan” университетида магистратурада ўқиб келмоқда.

– Дастлаб хорижга магистратурага топшириш фикри қаердан пайдо бўлган? Айни вақт таҳсил олаётган ОТМ ҳақида гапириб бероласизми?

– Ҳозирда (Италиянинг Милан университетида) ўсимлик биотехнологияси йўналишида магистратурада ўқийман. Болаликдан табиий фанларга бўлган қизиқишим юқори бўлган. Мактабда кимё, биология фанларидан турли мусобақаларда қатнашиб юрардим. Кейинроқ мазкур фанларни чуқурроқ ўзлаштиришда давом этдим. Аввалига Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга киришни мақсад қилган бўлсам ҳам, тақдир мени Ўзбекистон Миллий университетининг биология факультетига олиб келди. Бакалавриатнинг биринчи босқичиданоқ биотехнология йўналишига қизиқишим юқори бўлган.

Ўқишим давомида турли илмий-тадқиқот марказларида ишлаб юрганман. Биттаси Илғор технологиялар маркази бўлган. Шу каби марказларда ишлаётган олимларни, улар қилаётган ишларни кўриб менда соҳага бўлган қизиқиш янаям ортган. Яъни биология соҳасидаги олимлар дунёга ҳақиқатан ҳам катта ҳисса қўшиши, умуман дунёни ўзгартириши мумкин. Мана шулардан кейин тўртинчи босқичда ўқиб юрган вақтларимда Erasmus Mundus дастурига ҳужжатларимни топширганман ва бакалавриатни тамомламай туриб магистратурага тўлиқ грант асосида қабул қилинганман. 2021 йилнинг кузидан Венгрия давлатида магистратурани хорижда ўқишни бошлаганман.

Ҳозирда ўқишимни Италиянинг Милан шаҳрида давом эттиряпман. Магистрлик тезиси (диссертация) ёзиш билан бандман.

– Шу ўринда Erasmus Mundus гранти ҳақида ҳам батафсил маълумот бериб кетоласизми?

– Erasmus Mundus гранти харажатлари Европа Иттифоқи томонидан қопланади. Бу талабалар учун жуда яхши имкониятларни тақдим қилувчи дастур ҳисобланади. Чунки бунда талабгорлар бир қанча илғор университетларда ўқиши, у ердаги билимлардан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, бундай шароит талабага нафақат илм томондан фойда беради, балки турли давлатларда яшаб, миллат ва маданиятларни кўриш инсоннинг шахсий ривожланиши учун ҳам жуда яхши.

Erasmus Mundus дастурида тўлиқ грант берилади. Ҳаттоки, парвоз, виза, яшаш, еб-ичиш, кийиниш, саёҳат – умуман Европадаги барча харажатларни қоплаб беришади.

– Мазкур дастурга қандай қилиб ҳужжат топширганингиз, грантни ютиб олганингиз ҳақида гапириб бероласизми?

– Erasmus Mundus гранти ҳақида мендан юқори курсларда ўқиб юрган талабалардан эшитиб юрардим. Кейинроқ ўзим шу дастурнинг каталогини кузатиб, у ерда қандай дастур, лойиҳалар бўлаётганини ўргандим. Шулар орасидан ўзим қизиққан йўналишларни танладим. Бу ўсимликлар селекцияси бўлиб, бу йўналиш биотехнолог, селекционер, генетик олимларнинг замоннинг энг янги билимлари билан тарбиялаб боради.

Грантга ҳужжат топшириш жараёни онлайн кечган. Бунинг учун тахминан 10 та ҳужжатни тайёрлаш талаб этилади. Яъни маълумотномадан бошлаб бакалавр дипломи, мотивацион хат, талабани ўқитган профессор, илмий раҳбарлардан тавсиянома каби бир қанча қоғозларни тақдим этиш сўралади. Лекин бу жараёнда қўшимча лойиҳаларда қатнашганлик ҳақидаги ҳужжатлар талаб қилинмайди. Мен биология соҳасига топширганман, биология эса кўпроқ амалиёт билан боғлиқ. Бундай вазиятда талабанинг лаборатория экспериментларида қатнашгани, турли лойиҳаларда иштирок этгани, методларни билиши фақат фойдага ишлайди.

Менда ҳам марказларда ишлаганим жуда катта фойда берган. Ўқишга кирганимиздан кейин бизнинг қабулимиз билан шуғулланган устозларимиз билан суҳбатлашгандик. Ўшанда нима сабаб мени қабул қилишганини сўрагандим, чунки IELTS’дан ҳам унча юқори балл олмаган эдим. Баҳоларим ҳам ўртача 86 фоиз эди, GPA’га урганда 3,3 балларга тўғри келади. Ваҳоланки, талабгорлар орасида мендан ҳам яхши кўрсаткичга эгалар бўлган. Шулар қаторида мени ҳам қабул қилишгани ҳайрон қолдирганди. Шунда менга нима қилишни яхши билишимни, олим сифатида қўлимдан кўп иш келишини айтишганди. Шунинг учун биология талабаларга имкон борича бакалавр босқичда ўзларини қизиқтирган турли лаборатория жараёнларида иштирок этишсин.

Шу ҳужжатларни топширишгач талабларга жавоб берадиган бўлишса, онлайн интервью бўлиб ўтади. Унда асосан талабанинг мотивациясини билишга ҳаракат қилишади. Европада магистратурага киришга имтиҳон йўқ. Ҳаммаси берилаётган ҳужжатларни тўғри тақдим қилиш ва шу соҳада ўқишга лойиқ эканини кўрсатиб беришга боғлиқ. Масалан, “қўлимдан шулар келади, сизларда мана шундай имкониятлар бор, мен шуларни сизлардан ўргансам, жамиятга шундай фойдам тегиши мумкин”, қабилида тушунтириб бериш лозим бўлади.

Онлайн интервьюдан сўнг бир ой вақт ўтгач қабул қилинганимни электрон почта орқали ёзиб юборишган.

Интервью давомида Шоҳсанам Давлатбоева ўсимлик биотехнологиясининг ҳозирги дунё ва ундаги муаммоларни ечишдаги муҳим аҳамияти, келгусида Нобел мукофотини олишни режа қилгани, магистратурадан сўнг докторлик иши учун Германиядан таклиф тушгани ҳақида гапиради. Суҳбатнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди,
Тасвирчи Боймирза Ҳалилов,
Монтаж устаси Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери