Фан-техника | 20:46 / 13.08.2022
66398
6 дақиқада ўқилади

Россияда сотуви бошланган Spark 9 Pro ва инсонга ўхшаш илк робот — ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Xiaomi’нинг одамсимон роботи

Фото: Xiaomi

Xiaomi компанияси гапириш, ҳис-туйғуларни сезиш ва дунёни 3D кўринишда кўришга қодир бўлган инсонга ўхшаш илк робот - CyberOne тақдимотини ўтказди.

Роботнинг бўйи 177 сантиметр, вазни 52 килограмм, максимал тезлиги эса соатига тахминан 3,6 километрни ташкил қилади. У одамларнинг 45 турдаги эмоцияларини ажрата олади, танаси 13 та бўғиндан иборат бўлиб, 21 та ҳаракатни амалга ошириши мумкин.

Қурилманинг нархи 89,1 минг доллардан 104 минг долларгача баҳоланган.

Meta’нинг Blenderbot 3 чатботи

Мета компаниясининг AI тадқиқот лабораторияси янги замонавий чатботни яратди.

Қайд этилишича, Blenderbot 3 дея номланган чатбот интернетдан маълумотларни топиб, таҳлил қилган ҳолда исталган мавзу бўйича суҳбатни давом эттира олади. Шунингдек, фойдаланувчилар маълумот қаердан олинганини жавобларининг устига босиш орқали текшириб кўришлари мумкин.

Илк фикрларга кўра, бот ҳақиқатан ҳам ёзишмалар мавзусини аниқ белгилаш ва суҳбатни ўзи бошлаш имкониятига эга.

Google жаримага тортилди

Австралия федерал суди Google’ни 42,8 миллион доллар жарима тўлашга мажбур қилди. Бунга сабаб сифатида компания Android операцион тизими билан ишлайдиган телефонлардан олинган шахсий жойлашув маълумотларини тўплаш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича ёлғон ва чалғитувчи маълумотларни тақдим этгани келтириб ўтилган. Қайд этилишича, тахминан 1,3 миллион австралиялик фойдаланувчилар зарар кўришган.

Австралия рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат комиссияси раиси Гина Касс-Готтлиебнинг маълум қилишича, Google ноқонуний равишда тўпланган шахсий маълумотлардан контекстли реклама кўрсатиш ва фойдаланувчиларга таъсир қилиш учун фойдаланган.  

Янги Spark 9 Pro смартфони

Фото: Spark 9 Pro

Tecno компанияси Россия бозорида Spark 9 Pro смартфонининг сотуви бошланганини эълон қилди.

Янги смартфон 60 герцли тасвир янгиланиш частотасини қўллаб-қувватловчи 6,6 дюймли IPS экрани билан жиҳозланган. 4 ГБ оператив ва 128 ГБ ички хотирага эга. Аккумулятор сиғими – 5000 мА•с бўлиб, 18 ваттли тезкор қувватланиш функцияси мавжуд. У 50, 32 ва 2 Мп камералар билан жиҳозланган, Android 12 операцион тизимида ишлайди.

Смартфоннинг баҳоси 15 990 рублни ташкил қилади. Савдолар 8 августдан бошланган.

Робот “чумоли”

Бристол университети олимлари чумолилар хатти-ҳаракатига тақлид қилган ҳолда маълумот тўпловчи робот яратди.

Тадқиқот ишини амалга ошириш учун иккита чумоли уяси жойлашган синов майдончаси яратилиб, унинг тепасига турли йўналишларда ҳаракатлана оладиган робот қурилмалар жойлаштирилган.

Тажрибалар шуни кўрсатганки, чумолилар янги уяга “раҳбар”га эргашиб, йўлни эслаб қолиш орқали қайтиш йўлини топадилар. “Раҳбар” чумоли қолганларга атрофга қараш ва диққатга сазовор жойларни эслаб қолиш имкониятини бериши керак бўлади.

Тадқиқот муаллифлари таълим инсонлар ҳаётида ниҳоятда муҳим роль ўйнашини таъкидлаган. Янги тадқиқот бошқа тирик организмларда билимларни узатиш жараёни қандай эканини тушунишга ёрдам беради. Бу таълим стратегиялари ва усулларини ишлаб чиқишда қўл келиши мумкин.

Ўзбекистондаги энг оммабоп ижтимоий тармоқлар

Инновацион ривожланиш вазирлигининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда энг оммабоп мессенжерлар рўйхати қуйидагича:

Telegram – фойдаланувчиларнинг 80 фоизи;

WhatsApp – фойдаланувчиларнинг 22 фоизи;

Facebook Мessenger – фойдаланувчиларнинг 6 фоизи.

Datareportal.com маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 70 фоизи интернетдан, 18,3 фоизи эса ижтимоий тармоқлардан фойдаланишади.

Мамлакатдаги энг машҳур ижтимоий тармоқ Instagram ҳисобланиб, фойдаланувчилар сони 4,8 млн нафардан ортиқни ташкил этади.    

Янги Galaxy Z Flip4 ва Galaxy Z Fold4 смартфонлари

Фото: Galaxy Z Fold4

Samsung компанияси Galaxy Z Flip4 ва Galaxy Z Fold4 буклама смартфонларини тақдим этди.

Ҳар икки смартфоннинг экран ромлари кичрайган ва оғирлиги камайган. Экран Corning Gorilla Victus+ ҳимоя ойнаси билан қопланган. Смартфонлар намликдан IPX8 стандарти бўйича ҳимояланган.

Galaxy Z Fold4 6,2 дюймли ташқи ва 7,6 дюймли ички дисплей билан жиҳозланган, дисплейларнинг янгиланиш частотаси 120 Гц. Қурилма 12 Гб тезкор ва 256/512 Гб/1 Тб доимий хотира, 4400 мА•с аккумуляторга эга.

Смартфон бошқа Samsung қурилмаларини қувватлаш хусусиятига эга. У иккита сим-карта билан ва eSIM билан ишлайди.

Унинг олд камераси 10 Мп, ички дисплей 4 Мп камера билан жиҳозланган. Асосий модул 50 Мп, 12 Мп модуллар, 10 Мп телеобъективга эга. 

Фото: Galaxy Z Flip4

Z Flip4 1,9 дюймли ташқи ва 6,7 дюймли асосий экран билан жиҳозланган. Унга ҳам Snapdragon 8+ Gen 1 процессори ўрнатилган, фақат тезкор хотираси 8 Гб ва доимий хотираси 128, 256 ёки 512 Гб. Олд камераси 10 Мп ва асосий камераси 12 Мп. Аккумулятор қуввати 3700 мА•с. 

Янги Galaxy Z Fold4 Android 12L операцион тизими ўрнатилган дунёдаги биринчи смартфон бўлди.  

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери