Ўзбекистон | 12:45 / 14.04.2022
38066
6 дақиқада ўқилади

Покистондаги сиёсий ўзгаришларнинг Ўзбекистон иқтисодий режаларига таъсири қандай бўлади? – Сиёсий таҳлилчи билан суҳбат

10 апрел куни Покистон парламенти бош вазир Имрон Хонга ишончсизлик вотуми эълон қилди.

Хоннинг лавозимдан четлатилиши ортидан 11 апрелда парламент қуйи палатасида ўтган овоз бериш жараёнида «Покистон мусулмонлари лигаси» партияси етакчиси Шаҳбоз Шариф мамлакатнинг янги бош вазири қилиб сайланди.

Мамлакатдаги бу ўзгаришлар Ўзбекистоннинг Покистон билан боғланган кўплаб иқтисодий лойиҳаларига таъсир этиши мумкинлиги ҳақида гаплар чиқди.

Kun.uz мухбири шарқшунос-афғоншунос олим Шоислом Акмалов билан айни мавзу таҳлили юзасидан интервью уюштирди.

Унда шунингдек, Ўзбекистонни океанга чиқариши мумкин бўлган «Мозори-Шариф — Кобул — Пешавор» темирйўлининг режаси, Ҳиндистон билан ҳамкорлик алоқалари ҳамда Афғонистондаги вазият бўйича ҳам сўз боради.

— 10 апрел куни минтақадаги энг эътиборга сазовор воқеалардан бири Покистон парламенти бош вазир Имрон Хоннинг лавозимидан кетказилиши бўлди. Покистондаги сўнгги воқеаларни қандай шарҳлайсиз?

— Шаҳбоз Шариф Покистон мустақилликка эришган 1947 йилдан буён 29-бош вазир бўлди. Имрон Хоннинг ҳокимиятдан четлатилиши борасида эса бир қанча фаразлар бор. Масалан, Имрон Хон ўзининг ҳокимиятдан кетказилишида гўёки АҚШнинг қўли бор демоқда. Бу фараз қанчалик тўғрилигини эса вақт кўрсатади.

Мен бу масалани бошқа томондан таҳлил қилган бўлардим. Эътибор беринг, АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистонда 20 йил турди. Ўтган йили эса Афғонистондаги сиёсий вазият кескин ўзгарди ва ҳокимият тепасига Толибон келди.

Имрон Хон ҳокимиятда турган йиллардан бошлаб эса Покистоннинг АҚШ билан муносабатлари совуқлаша бошлади. Бу расмий Исломободнинг минтақа ва жумладан, Афғонистондаги роли билан боғлиқ. Бундан ташқари, Имрон Хон Жанубий Осиёда кўпроқ мустақил ҳаракат қила бошлади. 

Шунингдек, Афғонистонда «Толибон»нинг ҳокимиятга келишида Покистоннинг роли ҳам бу вазиятда аҳамиятли. Тўғри, расмий Исломобод буни тан олмайди, лекин бу кўплаб давлатларда гапирилмоқда. Яъни, минтақа ва Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни жадаллаштириш йўлидаги ҳаракатлар Имрон Хоннинг келажагига таъсирини ўтказмай қўймади.

Унинг Россия Украинада «махсус ҳарбий амалиёт» бошлаган 24 феврал куни Москвага ташриф билан бориб қолиши ва имзоланган қатор шартномалар ҳам қайсидир маънода Имрон Хонни лавозимидан кетишига сабаб бўлди, дейиш мумкин.

— Ҳа, сиз айтган сўнгги воқеа ҳам Покистон парламентида кўплаб депутатларни норози қилди.

— Бу балки тасодифдир. Имрон Хон Россия Украинага қарши ҳаракатларини айни шу кунда бошланишини билмаган бўлиши керак. Имрон Хон бундай одам бўлмаса керак. Тўғри, у сўнгги йилларда кўплаб давлатлар билан жадал алоқалар олиб борди, лекин бу жараёнларда эҳтиёткорлик ҳам бор эди.

Бу ерда яна бир омил ҳам бор. Покистон 1947 йилда мустақил бўлган бўлса, мамлакатдаги сиёсий партиялар ўртасида доимо кучли рақобат бўлган.

Беназир Бхутто, Навози Шарифни олинг, ҳеч бир раҳбарнинг сиёсий ҳаёти бир текисда кетган эмас. Шу нуқтайи назардан ҳам, Имрон Хоннинг уруш олдидан Россияда бўлиб қолиши кўпроқ тасодиф. Балки у факт ва далилларда бироз адашгандир.

Фикримча, бу Украинада уруш бошлаш керакми, йўқми дея иккиланиб турган Россия учун ҳам керак эмасди. Такрорлайман, Покистонда сиёсат кишиларининг ҳаёти ҳеч қачон осон бўлмаган.

— Айримлар Хоннинг иқтидордан кетиши Ўзбекистон-Покистон ўртасида эришилган шартномалар, жумладан, «Мозори-Шариф — Кобул — Пешавор» темирйўлларини қуриш режасига жиддий таъсир этиши мумкин демоқда. Сизнингча, бу қилинган режаларга чиндан таъсир кўрсатадими?

— Бу шартномалар фақат Имрон Хоннинг ташаббуси билан бўлди, десак гумроҳлик қилган бўламиз.

— Покистон бир шахснинг қарорлари билан бошқариладиган давлат эмас, демоқчимисиз?

— Ҳа. 200 миллиондан ортиқ аҳолига эга ва Европа билан яхши алоқалари бор давлат билан қилинган шартномаларни ёлғиз Имрон Хоннинг ўзи билан боғлаш нотўғри.

Ўзбекистон темирйўл лойиҳасини амалга ошириш учун 30 йилдан буён ҳаракат қилади. Шунчаки Имрон Хоннинг тўрт йиллик фаолиятида бу ишлар тезлашди. Икки давлат раҳбарлари бир-бирини яхши тушуна олдилар.

Янги бош вазир Шаҳбоз Шарифнинг бу масалага муносабати бўйича ҳали бирор расмий муносабат берилмади. Умуман мамлакатлар дипломатик этика бўйича ўз мажбуриятларини ҳокимиятлар алмашган тақдирда ҳам бажариши керак. Бу муҳокама қилинмайди.

Агар бу шартномаларда қандайдир ўзгаришлар кузатилса, демак ойдинлашадики, сўнгги воқеалар қандайдир аралашувлар, йирик давлатларнинг босими, тазйиқи билан бўляпти.

Лекин барибир биз вазиятни диққат билан кузатишимиз керак. Агар Шаҳбоз Шарифнинг фаолияти қандайдир кучларга ёқмай қолса, биз унинг акаси Навоз Шарифнинг тақдири – ҳокимиятга неча бор келиб, неча бор кетганини яхши биламиз.

Бошқа томондан олиб қаралганда айнан Навоз Шариф пайтида Ўзбекистоннинг Покистон билан алоқалари ўрнатилди, яхшиланди.

Илоҳим, бу нарсани кўрсатмасин, лекин агар ҳозир Покистон келишувлардан қайтадиган бўлса, бизнинг салкам ўттиз йиллик режаларимиз, ҳаракатларимиз вақтинча бўлса ҳам саробга айланиб қолиши мумкин.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери