«Уруш русларга қимматга тушди ва бундан ҳам қимматга тушади» — Сергей Гуриев
Рубль тарихий энг паст даражага тушиб, доллар ва еврога нисбатан ўз қийматининг 30 фоиздан ортиғини йўқотди. 28 февраль кунги халқаро савдоларда доллар курси ўзининг энг юқори чўққисида 117 рублдан, евро курси эса 132 рублдан ошди. Иқтисодчи Сергей Гуриевга кўра, рубль учун қақшатқич зарба берилди.

Фото: Олег Яковлев / РБК / ТАСС
27 февраль куни Коллектив Ғарб Россияга қарши навбатдаги санкциялар пакетини эълон қилди. Унда Россия Марказий банкининг Европа Иттифоқи, АҚШ ва Канададаги активларини музлатиш ва мамлакатни SWIFT тизимидан узиш каби кескин иқтисодий санкциялар кўзда тутилган. Энди Россия Марказий банки рубль барқарорлигини сақлаб қолиш учун халқаро захираларидан фойдалана олмайди. Медуза портали иқтисодчи Сергей Гуриев билан санкциялар Россия иқтисодиётига қандай таъсир қилиши ҳақида интервью ташкил қилди.
— Европа Иттифоқи, АҚШ ва Канада Россия Марказий банки захираларини музлатиш ҳақида эълон қилди. Афтидан, бу SWIFT тизимидан узилишдан кўра ҳам қўрқинчлироқ. Бу Россия учун қанчалик оғир бўлади?
— Бу мутлақо кутилмаган янгилик бўлди, бундай қарор қабул қилиниши мумкинлигини ҳеч ким кутмаган эди. Захиралар мавжудлиги макроиқтисодий барқарорликнинг асосий устунларидан бири ҳисобланади. Эртага валюта бозорида нима бўлишини олдиндан айтиш жуда қийин, чунки захиралар музлатилиши олдин ҳеч қачон содир бўлмаган.
Рубль курси қандай шаклланишини айтиш жуда қийин бўлган даврга кирмоқдамиз. Эҳтимол, эртага кимошди савдоси бўлмайди. Эҳтимол, ваҳима кўтарилади. Мутлақ ишонч билан айтиш мумкинки, рубль учун катта зарба берилди.
— Ҳозирги вазиятга Россия Марказий банки захираларининг қайси давлатда сақланаётгани ҳам таъсир кўрсатадими?
— Ҳа, албатта. Баъзилар Марказий банкда олтин ва юанда ҳам захиралар бор, уларни сотиш мумкин, деб айтишмоқда. Америка санкциялари жуда кучли механизм. Хитой банклари Россия Марказий банкига ёрдам беришни хоҳламайди, чунки АҚШ бунинг учун уларга қарши ҳам санкциялар қўллаши мумкин. Бу каби ҳолат олдин содир бўлган. Хусусан, АҚШ санкция қоидаларини бузгани учун Франциянинг BNP Paribas банкини кўп миллиард доллар жарима тўлашга мажбур қилган.
Хитой банклари риск ва катта йўқотишлар эвазига Россияга ёрдам беришга тайёр бўлишини тасаввур ҳам қила олмайман.
Вазият мутлақо ноаниқ. Марказий банк захираларидаги олтинни АҚШ санкцияларига тушиб қолиш хавфи остида ким сотиб олишни хоҳлайди? Америка Хитой банкларига Россия олтинини сотиб олиш ва Марказий банкдаги юанни долларга алмаштиришни тақиқлаши ҳам мумкин. Россия Марказий банки эса доллар ва еврога жуда муҳтож, чунки мамлакат импортининг катта қисми ҳали ҳам Европа мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Бизга дори-дармон, технологиялар, озиқ-овқат сотиб олиш учун юань эмас, доллар керак.
Хитой банклари Россияга доллар ёки евро тақчиллигини енгишда ёрдам бера оладими? Масалан, мен риск қилмаган бўлардим. Ўйлашимча, Хитой банклари: «Кечирасиз, биз Россия билан ажойиб дўстмиз, аммо Америка санкциялари туфайли сиз билан ҳамкорлик қила олмаймиз», дейишади.
—Ҳозирги ҳолат Россия бошидан кечирган аввалги инқирозларга ўхшайдими?
— Номаълум. Аммо 2014 йилга қараганда қийинроқ бўлади, чунки ўша пайтда захиралар музлатилмаганди ва Марказий банк нима қила олишини ва нима қила олмаслигини биларди. Бугунги кунда нефть нархи юқори. Аммо россиялик нефть экспортчилари ўз маҳсулотини сотиб, доллар олиш имкониятига эга бўладими ёки йўқми, аниқ эмас.
Энди ҳаммаси жуда мураккаб бўлади. Санкциялар қандай ишлашини ҳеч ким билмайди. Бу каби ҳолат Эрон ва Шимолий Корея билан содир бўлган, лекин Россия Эрон ёки Шимолий Корея эмас, балки жуда муҳим ўйинчи.
— Эрон ва Шимолий Кореянинг ҳам захиралари музлатиб қўйилганмиди?
— Музлатилганди, лекин бу бутунлай бошқа миқдорлар эди. Агар 25 февраль куни санкцияларнинг таъсири ҳақида сўрасангиз, шундай жавоб берардим: вазият қийин, Россия технологик жиҳатдан узилиб қолади, Россияда иқтисодий ўсиш бўлмайди, лекин мамлакатда валюта инқирози ҳам бўлмайди, чунки Россияда жуда катта хорижий валюта захиралари бор. Айни пайтда мен ҳеч нарса дея олмайман, чунки илгари бундай ҳолат бўлмаган.
— Бу каби санкциялар кўзланган натижасини бергани ҳақидаги мисоллар борми?
— Албатта. Эронни мисол келтираман. Ушбу давлат ўз ядро бомбасини яратмоқчи эди, натижада санкциялар жорий этилди. Эрон музокараларга боришга мажбур бўлди ва Дональд Трамп даврида келишувга эришилди. Катта эҳтимол билан, бундай қаттиқ чекловлар Владимир Путиннинг Украинадан қўшинларни олиб чиқиш бўйича музокараларни бошлашига олиб келади. Фуқаролар норозилиги эса уни бунга ундайди.
— Агар Путин музокараларга борса ва қўшинларни Украинадан олиб чиқиб кетса, Россия иқтисодиёти тикланадими?
— Шундай бўлган тақдирда ҳам, қайси санкциялар бекор қилинишига боғлиқ бўлади. Лекин ижобий нарса айта олмайман. Содир бўлган прецедент Россияда ҳар қандай кутилмаган нарса бўлиши мумкинлигини кўрсатиб бўлди. Шу маънода, барча санкциялар бекор қилинишига ишончим комил эмас. Энг муҳим жиҳат, энди Ғарб инвесторлари шундай деб ўйлай бошлашади: «Мен ҳозир Россияга сармоя киритяпман. Аммо Путин янги нарса ўйлаб топадиган бўлса, ҳамма нарсамни йўқотаман».
— Мавжуд санкцияларни кучайтириш имкониятлари ҳам борми?
— Бу борада кўп нарсани айта оламан, лекин айтмайман. Россияга қарши санкциялар қўллаётган одамларга қандайдир ғояларни таклиф қилаётгандек туюлишим мумкин. Бир нарсани айтишим мумкин: Россия нефть экспортига эмбарго жорий этилиши мумкин. Икки кун олдин мендан сўраган бўлганингизда, бу мутлақо мумкин эмас деган бўлардим. Айни пайтда ҳамма нарса мумкинлигини кўриб турибмиз.
Америкада нефть ишлаб чиқариш кўпайтирилган тақдирда санкциялар янада кучайтирилиши мумкин. Бу эса Владимир Путинни Россия нефтини Хитойга арзонроқ нархларда сотишга мажбур қилади. Фикримча, айни пайтдаги санкциялар шунчалик оғир ва кўпки, Путин музокаралар олиб бориш учун жуда кўп рағбатларга эга. Аммо ҳеч нарсани олдиндан айта олмайман.
— Яна бир жиддий жазо Россияга юқори технологияли маҳсулотлар экспортининг тақиқланиши бўлди. Бу нимага олиб келади?
— Россияда технологик ривожланиш бўлмайди, чунки технология соҳасида қилмоқчи бўлган ҳамма нарсаси бошқа давлатлар билан ҳамкорликка боғлиқ. Россия бу борада ёлғиз ҳам эмас. Хитой ва АҚШнинг ҳам ёлғиз ўзи ҳеч нарса қила олмайди. Жумладан, iPhone ҳам тўлиқ Америкада ишлаб чиқарилмайди. Оддий ҳақиқат бор: энг илғор микрочиплар Тайванда ишлаб чиқарилади. Тайван ҳам санкцияларга қўшилди. Бу Россияда технологиянинг ривожланиши тўхтайди, деган маънони англатади.
— Бошқа давлатларга шунчалик тобелигини била туриб, Путин нимага ишониб уруш бошлади?
— Хулоса қилиш қийин, лекин мен Ғарб бундай жиддий санкцияларни қўллашга журъат эта олмайди деб ўйлагандим. Иккинчидан, Путин урушни жуда тез тугатиб, ҳаммани ўз ҳақиқатига ишонтирмоқчи эди. Бироқ ҳаммаси бошқача бўлди. Ғарб раҳбарлари ўзларини алдангандек ҳис қилишди, ҳамма 1939 йил келгани ҳақида айта бошлади. Ғарб жамияти ўз ҳукуматларидан кескин чоралар кўришни талаб қилди.
— Ғарбнинг бундай жиддий санкцияларни қўллаши ўзига ҳам зиён етказмайдими? Газ таъминоти узилиб қолиши мумкин.
— Ғарб бунга тайёр ва ушбу масалани жиддий муҳокама қилмоқда. Шунинг учун ҳам Владимир Путин охирги чиқишларида газ таъминотини тўхтатиб, европаликларни ўтин ёқишга мажбур қилиш ҳақида гапирмаяпти. У шундай деди: бизда ядро қуроли бор. Бу ҳамма қўрқадиган нарса. Шунинг учун ҳам Ғарб аскарлари Украина тупроғида жанг қилмайди. Бироқ Франция ташқи ишлар вазири Ле Дрианнинг «НАТО ҳам ядровий иттифоқ эканини унутманг» деган баёнотини эсга олишимиз керак. Аммо Ғарбда инсон ҳаётининг нархи жуда қиммат, ҳеч ким ядровий урушни хоҳламайди. Ҳамма иқтисодий чораларнинг ўзи етарли бўлишига умид қилмоқда.
— Сизнингча, урушни тўхтатиш учун ҳозиргача қўлланган чоралар етарли бўладими?
— Менимча, ҳа. Эронни мисол қилиб келтирдим. Албатта, Владимир Путин урушни давом эттиришини инкор этиб бўлмайди. Аммо яна бир муҳим омил бор – Украина халқи қаршилик кўрсатишда давом этмоқда. Агар улар ўз мамлакатини қаҳрамонона ҳимоя қилмаганда эди, иқтисодий санкциялар етарли бўлмасди.
— Ҳозирги вазиятда оддий рус халқига қандай маслаҳат бера оласиз?
— Уруш русларга қимматга тушди ва бундан ҳам қимматга тушиши мумкин. Урушни тўхтатиш керак. Мен чет элда яшайман ва Россияда яшовчи ватандошларимга маслаҳат бера олмайман. Лекин урушга қарши чиққан ва митингларда қатнашганларнинг жасоратига қойил қоламан.
Маълумот учун, рубль тарихий энг паст даражага тушиб, доллар ва еврога нисбатан ўз қийматининг 30 фоиздан ортиғини йўқотди. 28 февраль кунги халқаро савдоларда доллар курси ўзининг энг юқори чўққисида 117 рублдан, евро курси эса 132 рублдан ошди. Иқтисодчиларнинг фикрича, рублнинг қадрсизланиши бундан-да даҳшатли бўлиши мумкин.
Тавсия этамиз
Ҳиндистон ва Покистон: кимнинг армияси кучлироқ?
Жаҳон | 19:21 / 09.05.2025
Мафкуралар кураши: 9 май аслида қандай кун?
Ўзбекистон | 14:22 / 09.05.2025
Қатиқ, мураббо ва ядро қуроли. Путин янги филмда нималар деди?
Жаҳон | 21:59 / 06.05.2025
Автомобил импортига экосертификат – утилизацияга қўшимча “бонус”ми?
Ўзбекистон | 20:34 / 06.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Кашмирда сулҳ эълон қилинганидан кейин портлашлар содир бўлди
Жаҳон | 23:37 / 10.05.2025
-
АҚШда она ва ўғил бир вақтда университетни тамомлади
Жаҳон | 23:18 / 10.05.2025
-
Украина музокарага тайёрлигини айтди, Россия ўйлаб кўришини маълум қилди
Жаҳон | 22:28 / 10.05.2025
-
Бекобод шаҳрида Damas пиёдани босиб кетди
Жамият | 22:20 / 10.05.2025
Мавзуга оид

22:28 / 10.05.2025
Украина музокарага тайёрлигини айтди, Россия ўйлаб кўришини маълум қилди

20:58 / 10.05.2025
Келлог 30 кунлик оташкесимдан кейин Украина можаросига барҳам берилишини айтди

16:43 / 10.05.2025
Украина Москвадаги парадда раҳбарлари иштирок этган давлатларга демарш эълон қилди

13:01 / 10.05.2025