Жамият | 12:34 / 22.02.2022
28267
6 дақиқада ўқилади

Эскалатордан қулаётган болалар: Техник қурилмадан хавфсиз фойдаланиш учун кимлар масъул?

Навоий шаҳридаги «Янги ҳаёт» савдо мажмуасининг юқори қаватидан тушиш вақтида бобо ва невара эскалатордан пастга қулади. Бобо воқеа жойида вафот этган, 3 ёшли невара тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

xgN6moFPJ0X-pYm3LEh0IaThXg0HTTZX.png (695×393)

Бу Ўзбекистонда савдо мажмуаларидаги эскалатордан қулаш билан боғлиқ биринчи воқеа эмас. 2017 йили Андижон шаҳридаги худди шундай савдо мажмуасида ҳам эскалатордан тушаётган она қоқилиб, боласини тўртинчи қаватдан пастга тушириб юборган. Боланинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.

andij1.jpg (800×533)

Эскалатор — хавфли техник қурилма

Ўзи эскалаторлар кўпроқ савдо марказлари, метро, аэропортларда ўрнатилади. Тошкентда айрим жойларда пиёдалар ерусти ўтиш йўлларида ҳам қўлланган, яъни одамлар оқими кўп бўлган жойларда. Унинг вазифаларидан бири — оқимни тартибга солиш.

Умуман олганда, худди лифтлар сингари эскалаторлар техник ускуна бўлиб, ундан пастга қулаб кетишдан бўлак яна бир қанча хавфли ҳолатлар юзага келиши мумкин.

Жумладан:

  • ҳаракатланадиган перилада қўл қисилиб қолиши;
  • ҳаракатланувчи зиналарда оёқнинг қисилиб қолиб кетиши;
  • узун кийимларни зиналар илиб тортиб кетиши;
  • ҳаракатланувчи зиналарнинг тўсатдан тезлашиб кетиши ёки тўхтаб қолиши ортидан инерция туфайли инсоннинг йиқилиб тушиши ва ҳоказо.

Шунинг учун одамлар ундан фойдаланаётганда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиши керак. Билмаганлар ва эътиборсизларга эса бот-бот эслатиб туриш зарур.

Фото: Stock.adobe.com

Олдинга ўтиб, айтиш мумкинки, Андижон ва Навоийда рўй берган воқеаларда умумий жиҳатлар бор: ҳар икки савдо мажмуасида эскалаторлар фуқаролар хавфсизлиги таъминланадиган қилиб ўрнатилмаган. Ҳар икки ҳолатда жабрланувчилар эскалатордан фойдаланиш қоидасини бир хилда бузишган — ТУШАЁТГАНДА боласини кўтариб олишган.

Савдо мажмуаларида эскалаторлар тўғри ўрнатилганми?

Бу саволга «йўқ», дея кескин ва бир маъноли қилиб жавоб бериш қийин. Юртимизда кейинги вақтларда жуда кўпайган 4-5 қаватли савдо мажмуаларининг юқори қаватларига олиб чиқувчи «ўзиюрар зиналар» — эскалаторлар шу тарзда ўрнатилмоқда.

Биз эскалаторларни бу тарзда ўрнатишга монелик қилувчи техник регламентни ахтариб топа олмадик (Навоийдаги фожиани прокуратура ўрганмоқда. Балки улар керакли мутахассисларни жалб қилиб, масаланинг бу томонига ҳам ҳуқуқий баҳо беришар).

Андижон ва Навоийдаги савдо мажмуаларида эскалаторлар устма-уст, галерея тарзида ўрнатилиши туфайли уларнинг бир томонида улкан «жарлик» ҳосил бўлган.

Навоийдаги савдо мажмуасида ташрифчилар лифтдан ҳам фойдаланишлари мумкин экан. Эътибор қаратинг: 5-қават сатҳигача чиқадиган баландликка чиқувчи лифт кабиналари тўлиқ ҳимояланган. Лекин деярли шу ишни қиладиган эскалаторнинг «жарлик»ка қараган хавфли томони тўлиқ ҳимояланмаган — белдан юқори қисми очиқ.

Галерея типида барпо этилган бинолар —меҳмонхоналар, савдо мажмуаларида пастга тушиб кетишдан асровчи ҳимоя тўсиғи баландроқ бўлади — кўкрак баландлигигача. Лекин эскалаторда перила баландлиги қоида тарзида пастроқ бўлади — қўл билан ушлаб тушиш қулай бўлиши учун.

Эътибор берган бўлсангиз метро, аэропорт ва кўплаб савдо марказларида эскалаторларнинг ё икки томони тўсилган бўлади, ёки қулаб тушиш ўлим билан тугаши эҳтимоли паст бўлган баландликда барпо этилади. Бошқа кўплаб савдо мажмуаларида эса — эскалаторлар устма-уст тарзда эмас, бир қаватдан иккинчисига ўтиш учун турли жойларда ўрнатилган.

Савдо мажмуаларида болалар ўйнайдиган гейм-зоналар ва тамадди қилиш масканлари эса асосан энг баланд қаватда қилинади. Ўз-ўзидан, боласини кўтариб катта қилишга ўрганиб қолган ўзбеклар болаларни эскалаторда ҳам кўтариб чиқишга ҳаракат қилишади. Бу — қоидага зид.

Чунки эскалаторнинг тўсиғи у қадар баланд эмас — қўл билан ушлаш мумкин бўлган сатҳда. Қўлда кўтариб олинган болакай тўсатдан сапчиса, ёки уни кўтариб олган киши кутилмаганда мувозанатни йўқотса бола пастга қулаши мумкин, худди Навоий ва Андижондаги каби. Ота-оналар бу борада жуда эҳтиёткор бўлишлари талаб этилади.

Давлат стандартларининг хавфсизлик қоидалари бўлимида ҳам болаларни ҳаракатланувчи зина устида турғизиб олиб чиқиш ва шундай тушиш шартлиги қайд этилган.

Дарвоқе, бу борада Ўзбекистонда давлат стандарти қабул қилинганми йўқми — интернетни титиб, Ўзбекистон учун амалдагиси ва ўзбек тилидагисини топа олмадик. Аммо Россия Федерациясида ва жаҳонда бу стандартлар аллақачон қабул қилинган.

Жаҳонда эскалаторлар ва йўловчи конвейерларининг қурилмаси ва ўрнатилишига доир хавфсизлик талаблари EN 115-1:2008 бўйича, Россияда ГОСТ Р 54765-2011 бўйича белгиланган.

Лифтлар, эскалаторлар ва йўловчи конвейерларини таҳлил қилиш ва хавфини камайтириш методологияси жаҳонда ISO/AWI 14798-1, Россияда ГОСТ Р 53387-2009 бўйича тартибга солинар экан.

 Хулоса ўрнида

Албатта, бундай нохуш воқеалар ҳар куни, ё ҳар ойда рўй бериб тургани йўқ. Лекин инсоннинг эътиборсизлик оқибатида ўлим топиши, айниқса ёш болаларнинг жабр кўриши барча хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ундайди.

Савдо мажмуалари ва бошқа иншоотлар лойиҳалари тасдиқланаётганида ва қабул қилинаётганида эскалаторларнинг жойлашиш ўрни, хавфсизлигига алоҳида эътибор бериш лозим. Бу қурилиш соҳаси ҳамда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси мутасаддиларнинг иши.

Фуқаролар лифтлар, эскалаторлардан тўғри фойдаланишлари учун уларга чиқиш ва тушишда умумий эслатма гистограммалар ўрнатилиши керак. Одамларнинг кўзи тушади, ўқишади, кўникишади ва ёдлаб олишади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди