Ўзбекистон | 22:22 / 16.06.2021
1465
1 дақиқада ўқилади

Навоийда юк машинаси уриб юборган велосипед ҳайдовчиси шифохонада вафот этди

Навоий вилояти Қизилтепа туманида юк машинаси уриб юборган велосипед ҳайдовчиси шифохонада вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 15 июнь куни соат 19:10ларда Қизилтепа туманида жойлашган маҳаллий йўллардан бирида «Камаз» юк машинаси велосипед бошқариб кетаётган шахсни уриб юборган. Оқибатда велосипед ҳайдовчиси кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамасдан туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохонада вафот этган.

Суриштирувда аниқланишича, велосипед ҳайдовчиси юк машинаси билан бир йўналишда ҳаракатланаётган бўлган. Йўлнинг тор жойида у юксиз ҳолда кетаётган «Камаз»нинг тиркамасига урилган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳодиса юзасидан Қизилтепа тумани ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид