Жамият | 21:20 / 30.04.2021
18978
6 дақиқада ўқилади

«11 ёшимдан ҳаётга жиддий қарай бошладим» — соч турмаклаб, кийим тўқийдиган кўзи ожиз қиз ҳикояси

Зилола яқинда 18га киради. Ҳозир Тошкент шаҳридаги имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган 1-сон касб-ҳунар мактабининг компьютер йўналишида ўқияпти. У кўзи ожизлигига қарамай, кийим-бош тўқийди, соч турмаклайди, ҳатто овқат ҳам пишира олади.

Зилола ипдан кўйлак, нимча, шарф, шапка тўқий олади. Тўқишни 12 ёшида ўрганган. Бундан ташқари, инглиз ва рус тилларини ўрганишга қизиқади.

«Бизда сезги кучли бўлгани учунми, нима қандай чиқаётганини биламан. Шунинг учун менга ойна керак эмас. Тўқиганда хаёлим фақат тўқишда бўлади. Чунки тўқиганда ниманидир ўйласангиз, тўқиш хато чиқиб қолиши мумкин. Бунда хаёл бир жойда бўлиши керак», – дейди у.

Зилола тўқиш миясига дам бериши, кайфиятини кўтариб, хаёллардан чалғитишини айтади.

«11 ёшимда мустақил ҳаётим бошланди»

Зилоланинг кўзлари 3 ёшида ожиз бўлиб қолган. Бунга шифокорларнинг қўйган хато ташхиси ва уколи сабаб бўлган.

«Шундан кейин дадам бизни ташлаб кетиб қолдилар. Кейин онам билан ижарада яшадик. Онам бизни қийналиб катта қилдилар. 11 ёшимда онам ўтиб қолдилар. Aкам иккаламиз бувимнинг қарамоғида қолдик. Шундан кейин мустақил ҳаётим бошланди, десам ҳам бўлади. Ҳаётга тайёрланишни, жиддий қарашни ўргандим», – дейди у.

Қаҳрамонимиз имконияти чекланганлар касб-ҳунар мактабига янги муҳитни хоҳлагани учун келганини айтади.

«Тўғрисини айтсам, биринчи ўринда янги муҳитни хоҳладим. Ўзимнинг йўналишимга келадиган бўлсам, компьютерни ўргандим. Яхши ўргандим демасам ҳам, ўзимга етарлича ўрганяпман.

Янги муҳитга келсак, ҳар хил одамни, уларнинг характерларини кўрдим. Яна ҳам одамга қараб қанақа муомала қилишни, одамга қанақа мослашишни ўргандим», – дейди Зилола.

«Энг қаттиқ қўрқадиган нарсам онамни йўқотиш эди…»

«Энг қаттиқ қўрқадиган нарсам онамни йўқотиш эди. Онамни ҳам йўқотиб бўлдим. Бошқа ҳеч нарсадан қўрқмайман…

Ойимнинг эрка қизлари бўлганман. Ойимдан кейин аксинча бўлди. Ҳаётим ўзгариб кетди. Ойим кўнглимга қарардилар. Ҳеч қачон менинг ногиронлигимдан уялмаганлар», – дейди у.

Ўзининг айтишича, дадаси 4-5 йил олдин оламдан ўтган.

«Дадам хабар ҳам олмаганлар. Эсимни танимаган пайтимда ташлаб кетганлар. Дадамдан хафа ҳам, хурсанд ҳам эмасман».

«Aллоҳга ва ўзимга ишониш менга куч беради»

Зилола касб-ҳунар мактабига келишдан олдин холаси ва бувиси қарамоғида бўлган. Улар билан келишолмагани сабабли уйдан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Ҳозир касб-ҳунар мактабида яшайди.

«Мактабдан кейин квартира олиб, ўзим алоҳида ижарага уй олиб турмоқчиман. Ҳеч бўлмаса, ижара учун кунлик пул ишлаб топиш учун ҳам ишламоқчиман. Ҳаётда озми-кўпми ҳар хил вазиятларни кўрдим. Қанақадир маънода психологик анча нарса ўргандим. Худо хоҳласа, институтга кирсам, психология дарсларини ўрганаман. Лекин асосийсини ҳаётдан ўргандим, десам ҳам бўлади. Ҳаёт менга йиғлаб туриб кулишни, энг катта нарса – сабр қилишни ўргатди.

Бунга ким қандай қарайди, билмайман, одамларга ишончим қолмаган. Фақат Aллоҳдан умид қиламан, Aллоҳга ишонаман, Aллоҳга таваккал қиламан. Aллоҳга ишониш ва ўзимга ишониш менга куч беради», – дейди Зилола.

«Бошқа ўқувчиларим кимгадир суянса, у ўзи учун курашиб яшайди»

Зилола коллежни битиргандан кейин энг кўп гуруҳ раҳбари Маҳфуза Шодиёровани эслашини айтади.

«Кейин ҳам эсимдан чиқмайдиган одам курс раҳбарим Маҳфуза опа бўладилар. Уларни онамдай кўраман. Чунки шулардан меҳр олдим, қаттиқ гапирмайдилар», – дейди у.

Гуруҳ раҳбари Зилолани курашувчан қиз деб таърифлади.

«Зилоланинг ҳаётга интилувчанлиги юқори. У курашиб яшайди. Ота-онам йўқ деб ҳеч қачон тушкунликка тушмайди. Кўзлари ожиз бўлишига қарамасдан, доим ҳаракатда.

Бошқа ўқувчиларим кимгадир суяниб яшаса, у ўзи учун курашиб яшайди. Келажакда ўзининг мақсадлари, умидлари бор. Ўша мақсад сари интилади. Бу ёшдаги кўп йигитлар ҳам эплолмайдиган ишларнинг кўзи ожиз бўлса ҳам уддасидан чиқишга ҳаракат қилади», – дейди Маҳфуза Шодиёрова.

«Ота-она ёнингиздалигида қадри билинмайди»

Зилола тўрт мучаси соғ тенгдошлари, соғлом кишиларнинг Aллоҳ берган неъматлар – қўл, оёқ, кўз, қулоқнинг қадрига етишларини хоҳлайди.

«Қўлингиздан қанақадир иш келадими, ишланг. Ҳунарингиз борми, ишланг, деган бўлардим. Чунки соғлом одам ишламасдан, қанақадир мақсадсиз ҳаётдан ўтиб кетиши яхшимас, деб ўйлайман. Соғлардек кўра олганимда эди, ишлардим дейман. Ҳаётимни шунақа зўр қилардим дейман», – дейди у.

17 ёшида ота-онасиз, ҳеч бир яқинларисиз улғаяётган қиз ота-онаси ҳаёт бўлганларга ҳавас билан қарайди.

«Ота-она ёнингиздалигида қадри билинмайди. Уларни йўқотганингиздан кейин қадрига етасиз. Кичкина фарзандларни ака-опалари, укалари, ота-онаси тергаса, ёқмайди. Ёш боламасман-ку дейишади. Лекин мен ёнимда мени ҳам тергайдиган одам бўлиши хоҳлардим», – дейди Зилола.

Зуҳра Aбдуҳалимова,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи