Орттирилган ҳар бир тажриба кун келиб албатта қўл келади — Корея кундалиги
Жанубий Кореянинг Йонгсан университети магистранти, Kun.uz Light'да «Корея кундалиги» рукнини юритаётган Элдор Воҳидов навбатдаги мақоласида ҳалол озиқ-овқатлар дўконига ишга кириши, маркетолог сифатида тармоқ брендини ривожлантириш ва дўконлар сонини оширишда қатнашаётгани ҳақида ҳикоя қилади.
Аввалроқ ёшликда ўрганилган ошпазлик ҳунари қўл келиб ишли бўлганим, кейинроқ эса ресторан менюсига спиртли ичимликлар киритилиши режалаштирилаётгани сабаб ишни тарк этганим ҳақида ёзган эдим. Бир муддат давом этган қийинчиликлар давридан кейинги воқеалар, Аллоҳга шукр, жуда ижобий бўлди.
Биринчи ишчи
Ҳозир мен ишлаётган ҳалол озиқ-овқат дўконига мени таклиф қилишмаган. Дўкон бошлиғи билан суҳбатлашганимда, бироз қизиқиш билдирганини сезгандим. Таваккал қилиб, рюкзакни кўтарган ҳолда, уюштирилмаган «job interview» учун бошқа шаҳарга чиқиб кетавергандим ўшанда.
Ойдинлашдики, дўкон ишини асосчиларнинг ўзи бажарар экан. Қўшимча ёрдамчи олинмаган. Айрим сабабларга кўра, бошланишига ойлик-маош ҳам шарт эмас, турар жой ва еб-ичиш масалаларини ҳал эта олсам, маълум муддат, иш ўрганиб олгунча ишлаб туришга ҳам рози эдим. (Лекин ҳақ тўланган).
Хуллас, компанияга ёлланган илк ходим ишни сотувчилик ва гўшт кесишдан бошлади.
Бу ерда асосан Австралиядан келтирилган ҳалол ва музлатилган гўштлар сотилади. Уларни сотувга тайёрлаш учун махсус ускунадан ўтказиш керак бўлади. Хавфсиз дея олмайман.
Эски тажрибалар, янги йўналиш
Ўзимни яхши журналист деб ҳисобламасам-да, Kun.uz'даги фаолиятим давомида олган кўникмаларим иш жараёнида ёрдам берди. Ҳарқалай, қоғоз қоралаш, фото ва видеолар устида ишлаш қўлдан келиб қолган экан, ижтимоий тармоқларда маҳсулотлар рекламасини асосий ишга қўшимча равишда олиб бордик.
Бакалавриатда ўқиб юрган кезларимиз ижтимоий ҳаётда жуда фаол бўлганмиз. Бир ҳафта давомида 25талаб лойиҳани ўз ичига олувчи «UWED Week» деган ҳафталик бўларди. Битирувчи курснинг бу ишлар билан овора бўлиб юрган талабасини кўриб, китобга меҳр қўйган курсдошларимиз менга роса айтишар эди: «Ҳозир қилиб юрган танлов-тадбирларинг фойдасиз-ку, келажакда сенга нима беради? Шунинг ўрнига ўқисанг бўлмайдими?» Улар ўқиш борасида тўғри фикр билдиришганини кўп ҳис қиляпман. Аммо фаоллик фойдасиз деган жойда ноҳақ бўлишганидан хурсандман. Тажриба орттириш ҳам бир илмдек гап экан, назаримда.
Ўша ёшликда амалиётини синаб кўрган лойиҳалардан ҳозир ҳам фойдаланяпмиз. Аввалгиларидан фарқи шундаки, лойиҳалар пуллик. Хато қилсангиз, молиявий зарар кўриш, ўхшаб қолса яхшигина даромад олиш мумкин.
Ребрендинг ва янги дўконлар
Бу ерда иш бошлаганимга 1 йил тўлди. Ўтган йил, август ойларида ребрендинг қилиш маъқул деб топилди ва «Storeling» номи остида, бизга таниш бўлган ҳалол озиқ-овқат бозорига қайтадан кириб келдик.
Аллоҳнинг фазли билан, аввал дўконнинг иккинчи, кейин учинчи филиалини муваффақиятли очиб олдик. Кореяда камтарона бўлса ҳам, ўзимизга хос бренд шаклланди. Ижобий ном қозонишга ҳаракат қиляпмиз. Ҳозирда учта дўкон фаолияти ва Жанубий Корея бўйлаб онлайн савдо йўлга қўйилган. Компания мақсади каттагина! Ходимлар сафи ҳам кенгайиб қолди.
Ўзимга тўхталсам. Гарчи мутахассис бўлмасам-да, маркетинг ишлари тўлиқ менга топширилган. Чапанича олиб бораётган ишимни ҳам ижобий баҳолашяпти, кўз тегмасин!
Дўкончамизга келиб тушган турли ҳамкорлик ва инвестиция таклифлари қатори, менга ҳам бошқа компаниялардан икки баробар катта маош билан жиддий «offer»лар бўлгани қайсидир маънода одамни руҳлантирар экан, алҳамдулиллаҳ! Лекин бу ердаги миссиямиз ҳали якунланмади. Тақдир қилганича йўлимизда кетаверамиз.

Хулоса
Хулосам шундай: қилинган ҳар бир яхши амал, орттирилган тажриба, ўрганилган ҳунар ёки илм кун келиб сизнинг фойдангизга ишлар экан. Аввалбошда фойдасиздек кўрингани билан, ўзингиз кутмаган жойда сизга қўл келар экан.
Янги қирраларни кашф қилишдан, ғояларни амалда синаб кўришдан ҳечам қўрқиш керак эмас. Аллоҳга таваккал қилиб, сабаби пухта бажарилса, албатта хайрли натижа бўлади, деб ҳисоблайман.
Эртага ҳаётимизда нима содир бўлиши номаълум. Кунлари бири иккинчисига ўхшамайдиган Жанубий Кореяда буни ҳис қилиш яна-да осон. Шундай экан, ҳикоямиз ҳали давом этади.
Элдор Воҳидов
Тавсия этамиз
«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти
Ўзбекистон | 12:30
«Қувур операцияси»: руслар уни «урушдаги бурилиш нуқтаси» дейишмоқда
Жаҳон | 23:40 / 11.03.2025
Амалдорлар “маҳаллий” хизмат автомобилларига ўтказилмоқда
Ўзбекистон | 16:34 / 11.03.2025
Фирибгарлар ўғирлаган пулларни қайтариб бўлмайдими?
Ўзбекистон | 15:27 / 11.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Путин: «Курскда асир тушганларга террорчилардек муносабатда бўлинади»
Жаҳон | 18:08
-
Париж кўчаларидан бирига Самарқанд номи берилди
Ўзбекистон | 17:56
-
Кутилмаган туҳфа, олий мукофот, ўзбекча гапирган Макрон — Ўзбекистон–Франция муносабатларида янги саҳифа
Ўзбекистон | 17:53
-
Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси АҚШдаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Ўзбекистон | 17:39
Мавзуга оид

12:37 / 10.03.2025
Ўзбекистон фуқароси қарийб 5,1 млн долларга Сеулдан квартира сотиб олди

16:52 / 08.03.2025
Жанубий Корея президенти тергов изоляторидан озод этилди

14:07 / 07.03.2025
Жанубий Корея президентини ҳибсга олиш ордери бекор қилинди

12:20 / 06.03.2025