Ўзбекистон | 15:27 / 11.03.2025
8927
6 дақиқада ўқилади

Фирибгарлар ўғирлаган пулларни қайтариб бўлмайдими?

2024 йилда биргина Тошкент шаҳрида фирибгарлар масофадан туриб одамларни 381 млрд сўм (қарийб 30 млн доллар)га “ухлатиб кетди”. Пойтахт ИИББнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бу пуллардан атиги 4 фоизи (14,2 млрд сўми) қайтарилган, қолгани чет элга чиқиб кетган. ИИББ вакили фирибгарлар одамларни қандай қилиб чув тушираётганини сўзлаб берди, Kun.uz мухбири эса чет элга олиб чиқиб кетилган пулларни қайтариш имкони бор-йўқлигини сўради.

Ўзбекистонда киберфирибгарлик тобора кенгайиб бормоқда. Унинг шундай турлари борки, йўқотилган мол-мулкингиз ёки маблағингизни қайтариб ололмайсиз, бунда тегишли ташкилотлар ҳам ёрдам беролмайди.

2024 йилда кибержиноятлар оқибатида фуқароларга 381 млрд сўм (қарийб 30 млн доллар) моддий зарар етди. Бу – республика миқёсидаги кўрсаткич эмас, биргина Тошкент шаҳри мисолида айтдик. Ҳаммаси ундириб берилгандир деб ўйлаётгандирсиз, ундай эмас: ушбу маблағнинг атиги 4 фоизи – 14,2 млрд сўми фуқароларга қайтарилган холос. Қолгани эса чет элга чиқиб кетган.

Келинг, асосан қандай фирибгарлик усуллари билан пуллар хорижга чиқиб кетаётганини кўриб чиқсак. Кўпинча, ёз ойларида одамлар ҳордиқ чиқаргани дачаларни ижарага олишади. Бунда улар эълонлар сайтига ёки Telegram'даги канал-гуруҳларга кириб, дача излашади ва тўловнинг бир қисмини тўлаб, жой банд қилади. Лекин шу ҳолатда айримлар фирибгарлар тўрига тушиб қоляпти.

Бу ҳақда Kun.uz'га Тошкент шаҳар ИИББ ахборот технологиялари соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Саъдуллаев сўзлаб берди.

“Ўтган йилнинг қиш мавсумида Telegram ижтимоий тармоғида фирибгарлар “дача ижарага берамиз” деб канал очган ва интернетдаги бошқа дачаларнинг расмини олиб, эълонлар жойлаштирган. Юртдошларимиз уларга мурожаат қилган ва ёзишмалар фақат Telegram'да амалга оширилган. Ўша дачани кунига 8 млн сўм нархга келишиб, 3 кунга гаплашишган ва карта рақамга 8 млн ўтказишган. Шундан кейин фирибгар аккаунтини ўчириб, ғойиб бўлган.

Бизга мурожаат қилишди. Тезкор ходимларимиз иш олиб боришди. Маълум бўлишича, карталар сохта бўлган, электрон ҳамёнлар орқали очилган. Фирибгарларни аниқлашнинг имкони бўлмади, агарда Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилса, фош этилган бўларди”, – дейди Саъдуллаев.

Унинг сўзларига кўра, жиноятнинг иссиқ изидан борилганда, кўплаб фирибгарлик ҳолатлари чет элдан туриб амалга оширилаётгани маълум бўляпти. Ўзлаштирилган пул маблағлари ҳам электрон ҳамёнлар орқали хорижга чиқиб кетмоқда. Фирибгарликларнинг асосий қисми Россия, Украина ва бошқа Европа давлатларидан туриб амалга ошириляпти.

2024 йилда Ўзбекистонда яна бир янги кибержиноят авж олди. Бунда фирибгар қўнғироқ қилиб, рус тилида ўзини ички ишлар ёки прокуратура ходими деб таништиради ва фуқарога тегишли мол-мулклар ёки банк карталарига киберҳужум бўлаётганини, уларни зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларнинг расмий ҳисобрақамларига қўйишини, вазият бартараф этилгандан сўнг, ҳаммаси ўз ҳолига қайтарилишини айтиб, одамларни чув туширади. Бу ҳам етмагандай, ушбу жараёнда баъзан ўзганинг номига кредит ҳам расмийлаштирилади.

“Бунинг механизмини қаранг: Ўзбекистондаги абонент рақамларидан қўнғироқ бўлади, ўзини ички ишлар, ДХХ, прокуратура ходими деб таништиради. Юртдошларимиз мулоқотга киришгандан кейин фирибгарлар мол-мулкингиз, пластик картангиздаги пуллар учунчи шахсларга ўтиб кетаётганини айтади. “Ички ишлар органлари уларни муҳофаза қилиб қолиши керак, бунинг учун ҳисобрақамларимизга мол-мулкингизни вақтинча қўйиб туринг. Биз фирибгарни ушлаганимиздан кейин, уларни қайтариб оласиз” деб ишонтириб, мол-мулклар, уй-жойларни номига олиш ҳолатлари учради”, – дейди Жаҳонгир Саъдуллаев.

Унинг қўшимча қилишича, бундай фирибгарлик ҳолатлари, дастлаб ўзини банк ходими деб таништириб, пластик картадан пул ечишдан бошланди. Орган ходими ниқобидаги эса фирибгарликнинг иккинчи босқичи саналиб, ҳозир жуда авж олган.

“Мана, ушбу турдаги жиноят кеча ҳам қайд этилди. 130 миллионга яқин зарар етказилган фуқарога. Айнан ўзини терговчи деб таништирган. Номига кредит олган. Фуқародан шу ҳақидаги фирибгарликни билармидингиз деб сўрадик, “ҳа, билардим” деди. “Нега билиб туриб бундай қилдингиз?” десак, жабрланувчи “рулда эдим, шошиб қолдим. Сўраган нарсаларини тақдим қилдим” деб жавоб қайтарди”, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ вакили.

Жаҳонгир Саъдуллаевнинг айтишича, ўзини банк ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходим деб таништириш билан боғлиқ фирибгарлик усули жами кибержиноятларнинг 3,2 фоизини ташкил қилади. Яъни 300 дан ортиқ ҳолатда фуқаролар жабрланган. Афсуски, ҳозирча бундай фирбгарларнинг биронтаси ҳам фош этилмаган.

Kun.uz мухбири суҳбат давомида муаммога ечим сўради. Саъдуллаев бундай турдаги жиноятларни фош этиш вақт талаб қилиши, дунё тажрибаси ўрганилаётганини айтди. Шунингдек, ИИББ таркибида ахборот технологиялари соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ташкил этилганини ҳам масалага ечим сифатида кўрсатди. Унинг сўзларига кўра, айни пайтда ушбу бошқармани вилоятларда ҳам ташкил этиш кўзда тутилган. Қолаверса, тизимда Жанубий Корея, Хитой, Саудия Арабистони каби мамлакатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйиляпти.

“Мен аниқ айта оламан, яна 2 йил ичида четдан келаётган ва тизимларга бўлаётган таҳдидларни тўлиқ бартараф этиш имконига эга бўламиз”, – дейди Саъдуллаев.

Таққослаш учун, Тошкент шаҳрида 2019 йилда атига 113 та кибержиноят қайд этилган бўлса, бу кўрсаткич 2024 йилда 17 468 та бўлган. Бу – охирги 6 йил ичида 154 баробарга ўсиш дегани.

Барибир, масаланинг асосий ечими киберсаводхонликка бориб тақалаверади.

Шаҳзод Ўроқбоев тайёрлади.

Мавзуга оид